ТАЪЗИЯ

Обидхон қори аканинг волидаи муҳтарамалари Муҳаррамхон аянинг вафотлари муносабати билан

 ТАЪЗИЯ

 Аллоҳ азза ва жалла сиздек олима, фозила, оқила ва собира онахонни Фирдавс жаннати ила мукофотласин!

2012 йил 2 апрел, душанба куни шом намозидан кейин соат 19:30 га яқин Наманган шаҳрида устозимиз Обидхон қори аканинг волидаи муҳтарамалари, жуда кўп муслима аёлларнинг устози бўлган олима она, Муҳаррамхон ая 74 ёшларида оламдан ўтдилар. Бу фоний дунёнинг ўткинчи машаққатларидан, ғам-ташвишларидан қутулиб, боқий оламга – меҳрибон Аллоҳ ҳузурига риҳлат қилдилар. Бу воқеа устозимиз Обидхон қори ака барчамизга маълум бўлган машъум суиқасд оқибатларини бошларидан кечираётган оғир бир пайтда содир бўлди.

{إنا لله وإنا إليه راجعون}

«Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта биз У Зотга қайтувчимиз».

(Бақара сураси, 156-оят).

Ушбу муносабат билан биз, «Ислом Овози» таҳририяти ходимлари, қори аканинг кўплаб шогирдлари ва мухлислари номидан устозимиз Обидхон қори акага, оталари Собитхон отага, у кишининг фарзанду набиралари ҳамда барча яқинларига ўз чуқур таъзиямизни изҳор этамиз. Аллоҳ сизларга гўзал сабр ато этсин! Парвардигори олам аянинг қилган барча яхши амалларини ҳусни қабул айласин, хато ва камчиликларини кечириб, Ўзининг раҳмати ва марҳамати билан ўраб олсин! 

Жаннатга имтиҳонсиз кириб бўладими? 

Инсоният тарихи давомида барча пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган ҳамда динларига амал қилган зотлар ҳамиша кофиру золимлардан турли-туман азиятлар чекиб келишган. Бу очиқ ҳақиқатни Аллоҳ азза ва жалла Ўз китобида бизга хабар беради. Токи пайғамбарлар ва саҳобийлар каби ҳақиқий бахтга эришишни истаган инсонлар Ислом динига фидоий бўлиб яшаш асло мусибатларсиз бўлмаслигини яхши билиб олсинлар!

Аллоҳ таоло дейди:

{أَمْ حَسِبْتُمْ أَنْ تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ وَلَمَّا يَأْتِكُمْ مَثَلُ الَّذِينَ خَلَوْا مِنْ قَبْلِكُمْ مَسَّتْهُمُ الْبَأْسَاءُ وَالضَّرَّاءُ وَزُلْزِلُوا حَتَّى يَقُولَ الرَّسُولُ وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ مَتَى نَصْرُ اللَّهِ أَلَا إِنَّ نَصْرَ اللَّهِ قَرِيبٌ} 

«Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб, жаннатга киришларингизни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва у билан бирга иймон келтирган кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:) «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир». (Бақара сураси, 214-оят).

Яна Аллоҳ айтади: 

{الم (1) أَحَسِبَ النَّاسُ أَنْ يُتْرَكُوا أَنْ يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ (2) وَلَقَدْ فَتَنَّا الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَلَيَعْلَمَنَّ اللَّهُ الَّذِينَ صَدَقُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْكَاذِبِينَ (3)} 

«1. Алиф, Лом, Мим. 2. Одамлар «Иймон келтирдик» дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! 3. Ҳолбуки, биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур». (Анкабут сураси, 1-3-оятлар). 

Динда собитқадам бўлишнинг мукофоти 

Пайғамбарлар ва уларга эргашганлар жаннатнинг энг олий мақомларига кўтарилиб, буюк лаззатлар билан тўлдирилган ва абадий давом этадиган саодатли ҳаётга муваффақ бўладилар.

Аллоҳ таоло айтади:

بسم الله الرحمن الرحيم

{وَالسَّمَاءِ ذَاتِ الْبُرُوجِ (1) وَالْيَوْمِ الْمَوْعُودِ (2) وَشَاهِدٍ وَمَشْهُودٍ (3) قُتِلَ أَصْحَابُ الْأُخْدُودِ (4) النَّارِ ذَاتِ الْوَقُودِ (5) إِذْ هُمْ عَلَيْهَا قُعُودٌ (6) وَهُمْ عَلَى مَا يَفْعَلُونَ بِالْمُؤْمِنِينَ شُهُودٌ (7) وَمَا نَقَمُوا مِنْهُمْ إِلَّا أَنْ يُؤْمِنُوا بِاللَّهِ الْعَزِيزِ الْحَمِيدِ (8) الَّذِي لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ (9) إِنَّ الَّذِينَ فَتَنُوا الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ ثُمَّ لَمْ يَتُوبُوا فَلَهُمْ عَذَابُ جَهَنَّمَ وَلَهُمْ عَذَابُ الْحَرِيقِ (10) إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ذَلِكَ الْفَوْزُ الْكَبِيرُ (11)}

«Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). 1. Буржлар эгаси бўлмиш осмонга қасам. 2. Ваъда қилинмиш (Қиёмат) Кунига қасам. 3. (Ўша Кунда) гувоҳ бўлгувчи (барча халойиққа) ва гувоҳ бўлингувчи (барча воқеа-ҳодисалар)га қасамки, 4-5. (Ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) «ўтин«ли олов (ўша олов ловуллаб ёнаётган) чоҳ эгалари лаънат қилингайлар! 6. Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган 7. Ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар. 8-9. Улар (мўминлардан) фақат у (мўмин)лар қудрат ва мақтов эгаси бўлган Аллоҳга осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган Зотга иймон келтирганлари учунгина ўч олдилар! Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир! 10. Албатта мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир ва улар учун ўт азоби бордир! 11. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Мана шу катта бахтдир«. (Буруж сураси, 1-12 оятлар).

Мўминларнинг душманлари қилган ҳаракатлар пуч

Шунингдек, пайғамбарларга ва иймон келтирган зотларга қарши энг ашаддий душманлик қиладиган, ана шундай буюк зотларни қатл қилиб юборишгача борадиган бадбахт кимсаларнинг қилмишлари Ислом ривожига тўсқинлик қила олмаслиги хусусида Аллоҳ азза ва жалла Қуръони каримда хабар берган: 

{يُرِيدُونَ لِيُطْفِؤُوا نُورَ اللَّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَاللَّهُ مُتِمُّ نُورِهِ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ} 

«Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини тугал этгувчидир. (Ислом динини йўқ қилиш учун уринувчиларнинг ҳаракати қуёшнинг шуъласини оғиз билан пуфлаб ўчиришга ҳаракат қилишга ўхшайди.)«. (Соф сураси, 8-оят).

Дарҳақиқат, кофирлар ва Ислом ниқобини кийиб, Ислом аҳлига энг ашаддий душман бўлган мунофиқ кимсалар бир неча асрлардан бери Ислом нурини ўчириш учун ўзларининг бор имкониятларини ишга солиб келадилар. Ҳозирги замоннинг барча ташвиқот воситаларию ходимлари ҳам шу мақсадга хизмат қилдирилмоқда.

Жумладан, Каримов ҳукумати ҳам бир неча йиллардан бери бу ғилдираги синиқ аравага ўтириб олган. Совет империяси қулаши билан Ўзбекистоннинг кечаги худосиз мушриклари зоҳирларидан мусулмон бўлиб олдилар. Аммо улар эртаю кеч Ислом динига қарши сиёсат қўллаб келмоқдалар. Ислом уламоларини ва оддий мусулмонларни ўғирлаб кетаётган, қамоқларда қийнаб ўлдираётган, дунёнинг турли давлатларида куппа-кундузи отиб кетаётганлар ҳам шу ўзини мусулмон қилиб кўрсатадиган ўзбек ҳукуматининг золим малайларидир.

Аллоҳ таоло кофирларнинг Исломга қарши бир-неча асрлик ботил курашларини оддий бир нарса билан, ҳаттоки бир солиҳа мўмина онанинг иймони ва ихлоси билан чилпарчин қилишга Қодир Зотдир. Зеро, шу волиданинг тарбиясини олган бир фарзанд ўз илми, амали ва даъвати билан кофирларнинг узоқ йиллардан бери тузиб келган кўплаб режаларини чиппакка чиқара олди. Ислом динига қувват бўлди. 

Ибратга арзигулик умр 

1938 йилда таваллуд топган Муҳаррамхон ая Абдуссалом қизлари золим Совет империяси даврида ҳам, Ўзбекистон диктатураси пайтида ҳам ҳукумат ва унинг куч ишлатар тизимларидан кўплаб зулм ва азиятлар кўрдилар. Аммо бошларига тушган барча машаққатлару мусибатларга қарамай, онахон умрларининг то охирги лаҳзаларигача Иймону Исломда мустаҳкам эдилар. Зеро, аянинг Буюк Аллоҳдан энг кўп илтижо қилган нарсалари ҳам шу эди.

Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери мусулмонларга қарши ўтказилаётган беаёв ва қақшатқич қатағон туфайли неча ўн минглаб оилалар, биринчи навбатда оналар мисли кўрилмаган мусибатларга дучор қилинмоқда. Қори аканинг оилалари ва волидаи муҳтарамалари ана шундай мазлум оилалар ва мазлума онахонларимизнинг яққол бир намунасидирлар.

Ҳукуматнинг бу оилани доимий тарзда тазйиқ ва таъқиб остига олиши натижасида Муҳаррамхон аянинг тўртта ўғил фарзандларининг ҳаммаси ва бир қанча набиралари бирин-кетин Ўзбекистондан ҳижрат қилишга мажбур бўлишган.

Муҳаррамхон аянинг кенжа фарзандлари Абдумалик Назаров 1997 йилнинг 27 декабр куни сохталаштирилган айблов билан қамоққа олиниб, 2003 йилнинг 21 январига қадар Ўзбекистоннинг турли қамоқхоналарида, жумладан Жаслиқда азобланган. У ҳибсга олинганида, милиция ходимлари Обидхон қори аканинг оталари Собитхон отани ҳам қамоққа олишганди ва бир неча кундан сўнг қўйиб юборишганди. Озодликка чиққач, 2003 йилнинг 4 апрел куни Абдумалик акаси Обидхон қори аканинг оилаларини, жиянларини кўргани Тошкентга келади ва акасининг уйига кирмасидан туриб яна қамоққа олинади. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва хорижий элчихоналарнинг босими остида ҳукумат Абдумаликни 10 кун ўтгач, қўйиб юборишга мажбур бўлади. Абдумалик Назаров ўзига нисбатан яна шу каби таъқиблар бўлиши мумкинлиги сабабли 2003 йилда Ўзбекистонни тарк этган.

1998 йил мартида Обидхон қори акага қарши сохта жиноят иши очган ўзбек ҳукумати у кишини ҳибсга ололмади. Аллоҳ у кишини Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлади. Бундан аччиғи чиққан ўзбек ички ишлар идоралари ходимлари 1999 йилнинг феврал-март ойларида қори аканинг яқинларига қарши бир қатор фитналар уюштирди.

Дастлаб, 21 феврал куни қори аканинг турмуш ўртоқлари Миннура Насриддинова сохта айблов асосида ҳибсга олиндилар ва 10 кундан кейин озод этилдилар.

28 феврал куни қори аканинг қайнилари Абдурашид Насриддинов қамоққа олиниб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. Қамоқдаги қийноқлар туфайли сил касалига учраб, соғлиги оғирлашиб кетиши ортидан 2004 йилда ҳукумат Абдурашидни озод қилишга мажбур бўлган. Аммо у озод бўлганидан кейин кўп ўтмай вафот этди.

17 март куни қори аканинг тоғалари, Муҳаррамхон аянинг укалари Аҳмадали ака Саломов ҳибсга олиниб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилдилар.

Худди шу куни Муҳаррамхон аянинг иккинчи ўғиллари Умархон Назаров ҳам қамоққа олиндилар ва 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилдилар. Озодликка чиққач, аянинг бу ўғиллари ҳам ўзбек ички ишлар идоралари ходимларининг мажбурий қувғини сабаб ватанни тарк этган. Бу билан ўзбек ҳукумати Муҳаррамхон аяни оғир кунларида барча ўғил фарзандларининг дийдоридан маҳрум қилди.

Қори аканинг яна бир укалари, Муҳаррамхон аянинг учинчи ўғиллари Абдуфаттоҳ Назаров 1999 йилнинг 9 март куни қидирувга берилган ва ўзига нисбатан асоссиз таъқиблардан қўрқиб Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган. У бугунги кунга қадар ҳам ваҳший режим остида қолаётган ватанига қайтолмаган.

Ўтган йиллар давомида устоз Обидхон қори аканинг яқинларига қарши бу таъқиблар бетўхтов давом этиб турди. Ҳукумат Муҳаррамхон аянинг катта ўғиллари бўлмиш устозимизни қамоққа олиш учун турли макру ҳийлаларни ўйлаб топди, кирдикорлар уюштирди.

2004 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимлари Муҳаррамхон аянинг катта набиралари, қори аканинг тўнғич ўғиллари Ҳусниддин Назаровни ўғирлаб кетишди. Унинг қаерда экани шу пайтгача номаълум бўлиб қолмоқда.

2012 йилнинг 22 феврал куни Муҳаррамхон аянинг тўнғич фарзандлари, устозимиз Обидхон қори акага қарши суиқасд уюштирилди. Гарчи бугунги кунда Швеция полицияси ва хавфсизлик хизмати тергов-қидирув ишларини олиб бораётган ва ҳали расмий айблов эълон қилинмаган бўлса ҳам, бу мудҳиш жиноят ортида ўзбек ҳукумати турибди деб ҳозирданоқ ишонч билан айтса бўлади. Чунки бу суиқасд фақат ўз мухолифларини жисмонан йўқотиш ниятларини ҳеч қачон яширмаган ўзбек режими учунгина манфаатлидир. Биз ушбу сатрларни ёзаётган вақтимизда устозимиз ҳамон оғир аҳволда шифохонада қолаяптилар. Аллоҳ азза ва жалла қори акамизга тезроқ шифои комил ато этсин.

Юқорида санаганимиз бири биридан оғир мусибатларни, айрилиқларни бошдан кечириш инсон учун ва айниқса аёл, она учун жуда машаққатли. Лекин Муҳаррамхон аянинг яқинларининг айтишларича, улар шунча кўп жудоликларни бошдан кечирган бўлсалар-да, ҳамиша Аллоҳнинг динида собитқадамлик билан давом этаверардилар. Онахоннинг кўп қайтарадиган гапларидан бири: «Иймон ғамидан бошқа ғам, ғам эмас экан!» деган ҳикматга тўла сўзлар бўлган. 

Устозимизнинг волидаи муҳтарамалари Муҳаррамхон ая бутун умрларини Ислом динига хизмат қилиш йўлига фидо қилиб яшадилар. Фарзанд ва набираларини Ислом даъватчилари этиб тарбия қилдилар. Аллоҳнинг омонатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилган кун – душанба куни топшириб вафот этишларини Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг мўмин ва мўмина бандаларига насиб айлайдиган кароматларидан бири – «Ҳуснул-хотима» (гўзал оқибат) аломатларидан деб умид қиламиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаррамхон аянинг жойларини Фирдавс жаннатидан қилган бўлсин! Бу дунёда фарзандлари соғинчида яшаган бу мазлума онахонни Ўз жаннатларида фарзандлари билан дийдор кўриштирсин! Ўзбекистоннинг машҳур уламоларидан бўлиб етишган ўғиллари, устозимиз Обидхон қори акага тез кунларда шифои комил ато этсин! Қори акамизнинг орамизга қайтиб, Исломий хизматларини янада фаолроқ давом эттиришларини насиб айласин! Золим ҳукумат тарафидан ўғирлаб кетилган мазлум Ҳусниддин биродаримизга ва бошқа барча мазлум биродарларимизга Парвардигоримиз Ўзи нажоту нусрат ато этсин! Омин!

«Ислом Овози» таҳририяти.