Меҳнат, бойлик, закот ва ёшлар тарбияси

Савол: Биз ҳар йили Россиядан ноябр ё декабр ойларида уйга қайтамиз. Ана шу вақтда қўлимизда 5-6 минг доллар ё ундан кўра кўпроқ пул бўлади. У пулларни рўзғорга ишлатамиз, мол-ҳол оламиз. Кейин апрел ва май ойларида яна ишга қайтамиз. У пул бир йилгача ишлатилиб кетади. Яна худди ноябр, декабр ойларида уйга қайтиш вақтида қўлимизда шундай ё ундан кўпроқ пул бўлади. Аниқ 5-6 минг закот миқдорига етган. Нима қилайлик? Шу пулимиз бир йил айланди ҳисоб бўладими ё албатта тижорат пули бўлиш керакми? Биз ана шу пулдан закот беришимиз керакми ё йўқми? Аллоҳ рози бўлсин сиздан.

Анвар.

Жавоб: Аллоҳ таоло ҳалол топаётган пулларингизга барака берсин ва сизларга Аллоҳнинг молини фақат У рози бўладиган тарзда сарфлашни муяссар айласин.

* * *

  • Закотнинг шарти: нисоб ва йил тўлиши
  • Ҳалол меҳнат ва ёшлар тарбияси

* * *

Закотнинг шарти: нисоб ва йил тўлиши

Шариатда закот вожиб бўлиши учун икки шарт белгиланган. Биринчиси – нисоб. Иккинчиси – бир йил тўлиши.

Маълумки, закот нисоби 85 грамм олтинга ёки 595 кумушга баробар. 1 грамм олтиннинг бугунги (2012 йил, 22 феврал чоршанба) нархи 56.51 доллар (goldgrambars). Шунга кўра ҳозирги нисоб олтин билан ҳисобланганда 4803,35 долларни ташкил этади (85Х56,51=$4803,35). Сиз айтаётган 5-6 минг доллар маблағда закотнинг биринчи шарти мавжуд. Яъни бу маблағ закот нисобига етиб, ундан ошган.

Аммо сиз сўраётган пулда закот вожиб бўлишининг иккинчи шарти мавжуд эмас. Бу шартда мол ҳижрий-қамарий ҳисоб билан 1 йил давомида нисобдан камаймасдан туриши лозим. Сизлар топган пуллар ноябр ойидан май ойигача етмасдан тугайдиган бўлса, 1 йил тўлмаган бўлади. Бундай ҳолатда закот фарз бўлмайди.

Ҳалол меҳнат ва ёшлар тарбияси

Ўрни келганда шуни айтиш лозимки, бугун жуда кўп мусулмонлар ўз уйларидан минглаб чақирим узоқда, дунёнинг турли бурчакларида ҳалол меҳнат қилмоқдалар. Улар ўзлари қийналиб топган пулларини оила боқиш, ота-онага яхшилик қилиш, муҳтожларга ёрдам бериш каби зарур ўринларга сарфлайдилар. Аммо шу билан бир қаторда кўплаб одамлар ҳалол меҳнат билан келган бойликни бефойда ва зарарли ишларга ҳам совурмоқдалар. Ислом буюрмаган ҳою ҳаваслар, ким ўзарга қилинадиган тўю томошалар, ўринсиз зиёфатлар, урф-одатга айланган бидъат ишлар одамларнинг кучларини ва молларини сўриб ётибди.

Бугунги кунда мусулмонлар устидан мусибатлар ва кулфатларнинг аримаётганлиги, халқнинг золимлар қўл остида қолаётганлиги сабаблари ичида одамлар табиатидаги бойликка ўчлик, зебу зийнатга берилиш, исрофгарчилик, маишатпарастлик, исломий ва дунёвий илмларга қизиқмаслик, ёшлар тарбиясига аҳамият бермаслик иллатлари ётади. Кўпчилик инсонлар пул топишдан мақсад уй-жойларни ясатиш, катта тўю томошалар қилиб ўғил уйлантириш, қимматбаҳо жиҳозлар сотиб олиш, яхши ейиш, нима бўлса ҳам урф-одатларни бажариш, деб тушунадилар. Баъзилар бу ишларни қарзга ботиб бўлса ҳам қилиш керак деб эътиқод қиладилар. Улар савоб бўлмайдиган ишларга минглаб доллар пулларни сарфлашади. Аммо таълим-тарбия учун сал ортиқроқ харажат қилишга тўғри келиб қолса, «Пул йўқ, аҳволимиз жуда оғир», дейишади.

Алида биз мусулмонлар бу оламдаги ҳаётимизнинг содда бўлишига, маънавий дунёйимизнинг юксалишига, илм-маърифатимизнинг ортишига кўпроқ аҳамият қаратишимиз зарур.

Таълим-тарбия соҳаси биз учун энг муҳим ишлардан бирига айланиши керак. Биз ёшлар тарбиясини ривожлантириш учун ақлимизни ҳам, пулимизни ҳам кўпроқ сарфлашга ўргансак яхши бўлар эди. Устозларни қўллаб-қувватлаш, уларга шароитлар яратиб бериш, фойдали китоблар чиқариб тарқатиш, норасмий бўлса ҳам исломий мактаблар очиш, уларни замонавий ўқув қуроллари билан таминлаш мусулмон эркакларнинг вазифалари бўлишга лойиқ.

Ҳалол меҳнат қилаётган одамлар оила боқиш билан бир қаторда фарзанд тарбияси учун сарфлаётган маблағлари ҳажмини оширишлари керак.

Биз ўзимизга ҳам, барча мусулмонларга ҳам Аллоҳнинг молини Аллоҳ рози бўладиган йўсинда сарфлашни тавсия қиламиз.

Шунда Аллоҳнинг розлигига эришамиз ва биз ҳам дунё хақлари ичида тараққиётга эришган кучли миллатга айланамиз, иншоаллоҳ.