Аёллар ва қизлар жамоат намозида қандай саф тортадилар?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Бизнинг мактабимизда бир швед мусулмон қиз бор. Биз ўғил болалар жамоа бўлиб намоз ўқиганимизда, у қиз ҳам бирга туриб намоз ўқиди.

Шу тўғри бўладими? Биз қандай йўл тутишимиз зарур? Мен у қизга: «Намозни ўғил болаларга эргашиб ўқиш мумкин эмас, аммо оила аъзоси бўлса мумкин», деган эдим. Кейин у қиз бир имомдан сўраганда, у имом бу нарсани мумкин, деди. Мен билан ҳам телефонда гаплашиб, мен айтган сўзни нотўғри, деб айтди. Иложи бўлса Қуръон ва ҳадис келтириб жавоб ёзсангиз. Жавобини тез ёзсангиз, илтимос.

Абубакр Сиддиқ.

Жавоб: Аллоҳ таоло ибодатларингизни қабул айласин. Мактабда ҳам намозларни ўз вақтида ўқишга ҳаракат қилар экансизлар, Оламлар Раббиси сизларга бахт-саодат ато қилсин. Ўқишларингизга ривож берсин.

Намозни жамоат бўлиб, имомга иқтидо қилиб ўқиётганда унга аёллар ёки қизлар ҳам қўшилишлари мумкин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида аёллар ҳам масжидга келар ва у зотга иқтидо қилиб намоз ўқир эдилар.

Намозни жамоат бўлиб ўқишнинг ўзига яраша тартиблари бор. Ҳар бир мусулмон инсон уларни билиб олиши лозим.

* * *

  • Аёллар ва қизларнинг намоздаги ўринлари;
  • Саф тортиш тартибидаги ҳикматлар.

* * *

Аёллар ва қизларнинг намоздаги ўринлари

Аёллар ва қизлар эркакларнинг жамоатига қўшилиб намоз ўқисалар, жамоатнинг охирида турадилар ва эркаклардан алоҳида ҳолда саф тортадилар.

Аёлларнинг алоҳида саф тортишларига мана бу ҳадис далил бўлади:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ جَدَّتَهُ مُلَيْكَةَ دَعَتْ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِطَعَامٍ صَنَعَتْهُ فَأَكَلَ مِنْهُ فَقَالَ قُومُوا فَلِأُصَلِّيَ بِكُمْ فَقُمْتُ إِلَى حَصِيرٍ لَنَا قَدْ اسْوَدَّ مِنْ طُولِ مَا لَبِثَ فَنَضَحْتُهُ بِمَاءٍ فَقَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالْيَتِيمُ مَعِي وَالْعَجُوزُ مِنْ وَرَائِنَا فَصَلَّى بِنَا رَكْعَتَيْنِ. (رواه البخاري).

Анас ибн Моликдан ривоят. Унинг момоси Мулайка бир таом тайёрлаб, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таклиф қилди. У зот бу таомдан едилар-да, кейин: «Турингар – мен сизларга имом бўлиб, намоз ўқийин», –  дедилар. Мен узоқ турганидан қорайиб кетган бир бўйрани олиб келиб, устига озгина сув сепдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб келдилар. Мен ва етим бола ёнмаён турдик. Кампир бизнинг орқамизда турди. Шунда Расулуллоҳ биз билан икки ракъат намоз ўқидилар». (Бухорий ривоятлари).

Ал-Мавсуатул-фиқҳийяда «Жамоат намозида намозхонларнинг саф тортиш тартиби», деган бўлимда бундай келган:

«Агар жамоат, деб эътибор қилиш учун шарт бўлган энг оз миқдордаги одам билан (имомдан ташқари бир киши) жамоат мавжуд бўлиб турган бўлса, суннат шуки, иқтидо қилувчи киши агар эркак ёки ақли кирган ёш бола бўлса, имомнинг ўнг томонида туради. Агар аёл киши бўлса, имом уни ўзининг орқасига турғазади. Агар имом билан икки киши бўлса ва улар эркаклар бўлсалар, имом уларни орқага турғазади. Агар бир эркак ва бир аёл бўлсалар, эркакни ўзининг ўнг томонига турғазади, аёлни эса – эркакнинг орқасига. Агар жамоат кўпчиликдан иборат бўлиб, уларнинг ичида эркаклар, аёллар ва ёш болалар бўлса, эркаклар имомнинг орқасида биринчи сафда турадилар. Кейин эркакларнинг орқасидан ёш болалар турадилар. Кейин болаларнинг орқасидан аёллар турадилар. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 27/181-182).

Саф тортиш тартибидаги ҳикматлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда имомнинг орқасида катта ёшлилар, ақлли инсонлар, улардан кейин эса ёш болалар туришларини буюрганлар. Чунки имом намозда адашса, огоҳлантириш учун, таҳорати бузилса, унинг ўрнига ўтиш учун муносиб одамлар унга яқинроқ туришлари керак.

Аёлларнинг орқа томонда туришлари эса эркакларнинг кўзи тушишидан сақланиш учундир. Аёл-қизлар имом салом бергандан сўнг дарҳол ўринларидан турадилар ва масжиддан эркаклардан аввал чиқадилар. Улар доимо ўзларини бегона эркакларнинг назаридан сақлашга ҳаракат қиладилар.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا سَلَّمَ قَامَ النِّسَاءُ حِينَ يَقْضِي تَسْلِيمَهُ وَمَكَثَ يَسِيرًا قَبْلَ أَنْ يَقُومَ قَالَ ابْنُ شِهَابٍ فَأُرَى وَاللَّهُ أَعْلَمُ أَنَّ مُكْثَهُ لِكَيْ يَنْفُذَ النِّسَاءُ قَبْلَ أَنْ يُدْرِكَهُنَّ مَنْ انْصَرَفَ مِنْ الْقَوْمِ. (رواه البخاري).

Умми Салама разияллоҳу анҳодан ривоят. У киши дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан салом берсалар, салом беришлари биланоқ аёллар ўринларидан турар эдилар. Расулуллоҳ ўринларидан туришдан аввал озгина кутар эдилар». Ибн Шиҳоб айтди: «Менинг назаримда – валлоҳу аълам – У зотнинг бир оз кутишлари аёллар қавмдаги одамларнинг кўзлари тушмасдан аввал чиқиб кетишлари учун бўлса керак». (Бухорий ривоятлари).