Таркибида спирт мавжуд бўлган дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари

Бўлимлар: 22. Таом, ичимлик

* * *

  • Спирт «истиҳлок» ва «истиҳола» орасида;
  • «Истиҳлок» ҳолатидаги спирт мавжуд бўлган дорилар;
  • Маҳсулот таркибида спирт миқдори кам бўлса;
  • Дорига спирт моддасининг таъсири сезилмаса;
  • Этил спиртининг соғлиққа зарарлари ҳақида;
  • Спирт қўшилишдан аввал «истиҳола»дан ўтган бўлиши керак.

* * *

Спирт «истиҳлок» ва «истиҳола» орасида

Таркибида спирт моддаси мавжуд бўлган дорилар ёки озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш масаласида фиқҳ олимлари ўртасида икки хил ижтиҳод бор. Бир гуруҳ фуқаҳолар спирт «истиҳлок» ҳолатига дучор бўлса, яъни ўзи қўшилган маҳсулотга аралашиб, унинг ичида йўқ бўлиб кетса ва асл хусусиятини йўқотса, бу масулотни истеъмол қилиш жоиз, дейишади. Яна бир гуруҳ олимлар эса спирт бирор маҳсулотга қўшилишдан аввал «истиҳола» ҳолатидан ўтган бўлиши лозим, дейдилар. «Истиҳола» бир модданинг табиий шароитда ёки инсон фаолияти таъсирида ўзининг аввалги хусусиятларини йўқотиб, бутунлай бошқа моддага айланишидир.

«Истиҳлок» ҳолатидаги спирт мавжуд бўлган дорилар

Ислом Фиқҳи Уюшмасининг қарорида айтилишча, «истиҳлок» ҳолатига тушган спирти бор дориларни врач рецепти билан ишлатиш мумкин.

«يجوز استعمال الأدوية المشتملة على الكحول بنسب مستهلكة ، تقتضيها الصناعة الدوائية التي لا بديل عنها ، بشرط أن يصفها طبيب عدل ، كما يجوز استعمال الكحول مطهراً خارجيّاً للجروح ، وقاتلاً للجراثيم ، وفي الكريمات ، والدهون الخارجية» انتهى . «قرارات المجمع الفقهي الإسلامي» (ص 341) .

«Таркибида жуда кам миқдорда спирт мавжуд бўлган дориларни фақат адл табибнинг тавсияси билан истеъмол қилиш жоиз. Дорининг таркибидаги спирт дори саноати тақозосига кўра, ўрнини босадиган бошқа модда бўлмаганидан қўшилган бўлиб, у маҳсулот ичида йўқолиб кетадиган даражада («истиҳлок») оз бўлиши керак. Шунингдек, спиртдан ташқи яраларни тозалашда, микробларни ўлдиришда, тери усти учун мўлжалланган крем ва ёғлар чиқаришда фойдаланиш мумкин». (Ислом Фиқҳи Уюшмаси қарорлари, 341 бет www.islam-qa.com)

Маҳсулот таркибида спирт миқдори кам бўлса

«Дорилар таркибига маст қилувчи спиртларни аралаштириш жоиз эмас. Локин шундай спиртлар аралаштирилган дориларда спирт миқдори кам бўлиб, дорининг ранги, мазаси ва ҳидига таъсир ўтказмайдиган даражада бўлса, ишлатиш жоиз. Агар бундай бўлмса, спирт аралашган нарса ҳаромдир»…

Шайх Абдулазиз бин Боз, шайх Абдурраззоқ Афифий, шайх Абдуллоҳ бин Қауд.

Илмий тадқиқотлар ва фатволар Доимий Қўмитаси, Фатволар тўплами – 25/39. (islamqa /111851)

Дорига спирт моддасининг таъсири сезилмаса

Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг фатволаридан ҳам аввалги ҳужжатлардаги маъно англашилади.

وقال الشيخ ابن عثيمين :

» وأما ما يكون من مواد الكحول في بعض الأدوية ، فإن ظهر أثر ذلك الكحول بهذا الدواء بحيث يسكر الإنسان منه حرام ، وأما إذا لم يظهر الأثر وإنما جعلت فيه مادة الكحول من أجل حفظه ، فإن ذلك لا بأس به ، لأنه ليس لمادة الكحول أثر فيه » انتهى . «لقاءات الباب المفتوح» (3/231 .( الإسلام سؤال وجواب

«Баъзи дориларда бўладиган спирт моддаларининг ҳукми шуки, агар бу спиртнинг таъсирида дори маст қиладиган даражага келган бўлса, у ҳаромдир. Аммо спирт дорини сақлаш учун қўшилган бўлиб, унинг асорати зоҳир бўлмаса, зарари йўқ. Чунки бу ҳолатда спирт моддасининг дорига таъсири сезилмайди». (Шайх Ибн Усаймин, Очиқ эшиклар учрашуви – 3/231). (islamqa /40530)

«Спиртнинг дорига таъсири сезилмайди», деганда дорини маст қиладиган моддага айлантирмаслиги айтилмоқда. Илло, спирт таъсирида дори узоқроқ сақланиши маълум.

* * *

«Ислом: савол-жавоб» саҳифаси раҳбари шайх Мунажжиднинг фатволари ҳам айни маънони ифодалайди.

Иккинчи масала. Спирт агар ўзидан бошқа дори-дармонлар ва озиқ‑овқат маҳсулотларига аралаштирилса, унинг таъсири ё кучли ёки кучсиз бўлади. Агар спиртнинг таъсири сезиларли бўлса, уни аралаштириш ҳам ва ундай таом ва дорини еб-ичиш ҳам ҳаром бўлади.

Агар озиқ овқатлар ва дори-дармонларга спиртнинг таъсири сезилмаса, уларни ейиш-ичиш мумкин бўлади. Спирт моддаларини тўғридан-тўғри тановул қилиш билан бирор нарсага аралаштиришнинг фарқи бор. Спирт моддасининг ўзини озгина бўлса ҳам тановул қилиш жоиз бўлмайди. Агар уни бошқа нарсага аралаштирилса, юқорида айтилган тафсилотларга қараш керак.  (islamqa/59899)

Этил спиртининг соғлиққа зарарлари ҳақида

Исламвеб саҳифасининг таркибида спирти бўлган атирлар ва бошқа маҳсулотлар ҳақидаги фатвосида этил спиртининг зарарлари ҳақида гапирилади.

«Бизнинг суриштирувларимизга кўра, этил спирти заҳарли таъсир ўтказишда энг хатарли моддалардандир. Этил спирти турли ароқ ва спиртли ичимликларнинг ҳаммасида асосий унсур вазифасини ўтайди. Бу ичимликларни истеъмол қилишдан пайдо бўладиган заҳарланиш асоратларининг сабабчиси ҳам шу этил спиртидир».  

Шундан кейин муаллифлар этил спиртининг неча фоизи инсоннинг ошқозони орқали, неча фоизи ингичка ичаклари орқали қонга шимилиши, ҳамда жигар ва мияга кўрсатадиган салбий таъсирлари ҳақида гапиришган. (islamweb/64420)

Спирт қўшилишдан аввал «истиҳола»дан ўтган бўлиши керак

Исламвеб саҳифаси муаллифларининг фикрлари юқоридаги ижтиҳодлардан ўзгачадир. Улар спирт моддаси маҳсулотларга қўшилишидан аввал «истиҳола» бўлиши шарт, дейдилар.

«Биз жуда кўп фатволарда айтганмизки, спирт бошқа моддага айланмасдан туриб қўшилган моддалар нажас ҳисобланади ва уларни истеъмол қилиш жоиз бўлмайди. Аммо спирт тайёрланаётган пайтда ва бошқа нарсага қўшилмасдан аввал маст қилмайдиган моддага айланган бўлса, шу билан у покланган бўлади». (islamweb/74229)

 «Биз спирт ва у қўшилган озиқ-овқатлар, дори-дармонлар ёки булардан бошқа нарсалар ҳаромдир, деганимизда спирт қўшилаётган пайтда ундан кўп миқдорда ичганда маст қиладиган ҳолатини назарда тутганмиз. Агар спирт мана шу ҳолатдан буткул «истиҳола» бўлмасдан аввал қўшилса, спирт қўшилган нарса ҳаром бўлади. 

Аммо спирт истиҳола бўлиб, маст қилмайдиган моддага айлангандан сўнг қўшилса, спирт қўшилган овқат ёки дорини истеъмол қилишнинг зарари йўқ. Чунки маст қилувчи модданинг бошқа моддага айланиши уни поклайди. Шунингдек, биз маст қилувчи спиртни ишлатиш мумкин эмас, деганимиз заруратсиз ҳолатларга тегишлидир. Зарурат пайтида эса жоиз. Аллоҳ таоло айтган: «Аллоҳ сизларга ҳаром қилган нарсаларини – мажбурлик вазиятларингизни ҳам эътиборга олган ҳолда – батафсил баён қилиб берди». (Анъом/119). (islamweb/101129)