Таркибида спирт бўлган атирларни ишлатиш

Бўлимлар: 34. Ҳар-хил

Савол: Духи, дезодорант ё одеколон сепиш жоизми?

Акмал.

Жавоб: Агар атир ёки хушбўй модданинг таркибида спирт бўлмаса, уни баданга ва кийимга сепишда ҳеч қандай муаммо йўқ. Маст қилиш хусусияти бўлмаган спиртлар қўшилган атирлар бўлса, уларни ишлатиш ҳам жоиз. Маст қилиш хоссасига эга бўлган спирт жуда кам миқдорда қўшилган хушбўй моддаларни ишлатиш қатъий тақиқланмаган. Аммо маст қилувчи спирт миқдори юқори даражали бўлган атирларни ишлатишдан тийилиш тавсия қилинади.

* * *

  • «Атирлар таркибидаги спирт маст қилувчи ва нажасдир»
  • Кўпини ичганда маст қилмаса, ҳаром эмас;
  • Ишлатишга муҳтож бўлса…
  • Еб-ичиш билан бошқа мақсадлар орасини фарқлаш.

* * *

«Атирлар таркибидаги спирт маст қилувчи ва нажасдир»

Исламвеб саҳифаси фатвосига кўра, таркибига спирт аралаштирилган атирларни ишлатмаслик керак.

«Аҳли илмлар орасида таркибида спирти бўлган атирларни ишлатиш жоизми ёки йўқми, деган масалада икки хил қараш мавжуд. Бунинг сабаби икки масалага боғлиқ.

Биринчиси – атир таркибидаги айни спирт маст қилувчими ёки йўқми? Бошқача ибора билан айтганда: бу атирларга қўшилган нарса ичганда маст қиладими ёки йўқми?

Иккинчи масала – ароқ ҳиссий нажасми ёки маънавий нажасми? Кучли қавл шуки, атирлар таркибидаги спирт маст қилувчидир ва у ароқда мавжуд бўлган модданинг жинсидан саналади. Ароқ эса нажасдир. Шунингдек, маст қилувчи ҳар қандай суюқлик нажасдир. Бу жумҳурнинг сўзи бўлиб, далил – Аллоҳ таолонинг мана бу ояти:

{ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ } (90)

«Эй иймон келтирган инсонлар, ароқ, қимор, бутларга сиғиниш, фол очиш шайтон амалидан бўлмиш ифлос ишлардир, бас улардан узоқ бўлинглар, шоядки нажот топсангизлар». (Моида/90).

Юқоридагиларга биноан спирти бор атирларни ишлатиш мумкин эмас, деган қавл тўғрироқдир, валлоҳу аълам». (www.islamweb.net/4521)

Кўпини ичганда маст қилмаса, ҳаром эмас

Баъзи уламолар спирт қўшилган маҳсулотлар ҳукмини баён қилганда уларнинг таркибидаги спирт миқдорининг оз ёки кўплигига эътибор қаратишган. Чунки оз миқдордаги модда кўп миқдордаги моддага қўшилганда ўзининг таъсирини йўқотади. Агар қўшилган модда маст қилувчи бўлса ҳам, таъсири кетгач, унинг  ҳукми ўзгаради.

«Кўп миқдорда ичганда маст қиладиган ҳар қандай суюқлик ароқдир. Бунинг ози ҳам, кўпи ҳам баробар. Бу моддани спирт, деб номлаш ёки бошқа ном билан аташнинг фарқи йўқ. Уни тўкиб ташлаш вожиб бўлади. Бундай суюқликдан тозалаш ва ювиш ишларида фойдаланиш, уни ёнилғи сифатида, атир сифатида ишлатиш, сиркага айлантириш ёки бошқа мақсадларда фойдаланишнинг ҳукми ҳаромлигича қолади.

Аммо кўп миқдорда ичса маст қилмайдиган ичимлик ароқ эмасдир. Уни атир сифатида, дори сифатида, жароҳатларни тозалаш ва ҳоказо мақсадларда ишлатиш жоиз».

Шайх Абдулазиз бин Боз, шайх Абдурраззоқ Афифий, шайх Абдуллоҳ бин Қауд.

Илмий тадқиқотлар ва фатволар Доимий Қўмитаси, Фатволар тўплами – 22/106.

Ишлатишга муҳтож бўлса…

«Маст қилувчи моддаларнинг нажаслиги ҳақида машҳур ихтилоф бор экан, таркибида спирт мавжуд бўлган пардоз воситаларини ишлатмаслик афзалдир. Агар инсон шуни ишлатишга мажбур бўлса ва унда спирт миқдори оз бўлса, иншоаллоҳ зарари йўқ». (Шайх Абдулкарим Ал-Хузайр). (islamqa.com/10337)

Ейиш-ичиш билан бошқа мақсадлар орасини фарқлаш

Фуқаҳолардан баъзилари спиртни қандай мақсадда ишлатиш масаласига ҳам эътибор беришган. Улар бу моддани ейиш-ичиш билан бошқа мақсадларда ишлатиш орасини фарқлаш лозим, дейишади.

«Ислом: савол-жавоб» саҳифаси Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ фатволарига суянган ҳолда маст қилувчи спирт турларини ейиш-ичишдан бошқа мақсадларда ишлатишни қатъий ҳаром дейилмаслигини ёзади.

«Иккинчи масала. Агар бу атирларда спирт мавжуд ва улар кўп миқдорда бўлгани учун таъсири кучли бўлса, улардан ичга ютилмайдиган ўринда фойдаланиш жоизми? Бунинг жавобида айтиладики, «Аллоҳ таолонинг «Бас, ундан узоқ бўлинглар!» деган сўзи истеъмолнинг ҳамма турини ўз ичига олади. Яъни биз ундан еб-ичиш, суртиш ва бошқа ишларда фойдалинишдан узоқ бўламиз. Мана шу албатта эҳтиёткорроқ йўл. Локин бу ҳукм ичишдан бошқа мақсадлар учун қатъий эмас…

Шуларга биноан айтмизки, бу атирларни сепишдан сақланиш тақводан саналади. Ҳаром, деб қатъий айтиш эса мумкин эмас…»  (islamqa.com/ 59899)