Тўққизинчи дарс: Уй ва хоналарни озода сақлаш

Уй ва хоналарни озода сақлаш

* * *

  1. Роҳат, ибодат ва тарбия маскани;
  2. Меҳмонхона ва намозхона;
  3. Ётоқхона ва дарсхона;
  4. Ошхона ва омбор;
  5. Ҳовли, йўлак, ҳаммом.

* * *

1. Роҳат, ибодат ва тарбия маскани

Биз 4 – дарсда ҳар бир инсон 5та нарсани тоза сақлаши кераклигини билиб олганмиз. Шуларнинг 4-си уй ва хоналар эди.

Болалар ҳар куни мактабга борадилар. Катталар ишга кетадилар. Мактаб ва ишдан бўшагандан кейин ҳамма уйга қайтади.

Болалар кўчада ўйнаб чарчасалар ҳам уйларига кириб кетадилар. Ҳамма одам ўз уйини жуда яхши кўради. Чунки катта одам ҳам, кичкина бола ҳам бошқа ердан кўра ўз уйида эркинроқ бўлади.

Уй – роҳат маскани. Одам уйда бўлганда дам олади. Ухлаб, ҳордиқ чиқаради. Эртанги кун учун куч-қувват тўплайди. Уйда инсоннинг чарчоқлари ёзилади.

Аллоҳ таоло ҳам Қуръонда бизнинг уйларимизни мақтаган:

وَاللّهُ جَعَلَ لَكُم مِّن بُيُوتِكُمْ سَكَنًا (النحل-80)

«Аллоҳ сизларга уйларингизни осойшиталик маскани қилиб берди». (Наҳл80).

Уй ибодат маскани. Инсон ўз уйида Раббисига бемалол ибодат қилади. Истаганча намоз ўқийди, Қуръон тиловат қилади. Узун-узун дуолар қилади. Илмини оширади.

Уй  тарбия маскани. Ота-оналар уйда ўз болаларига чиройли тарбия берадилар. Исломни тушунтирадилар. Одоб ва ахлоқни ўргатадилар. Болалар ҳам уйда дарс тайёрлайдилар, китоб ўқийдилар. Уй ишларида катталарга қарашадилар.

Шундай қилиб, инсон умрининг кўп қисми уйда ўтади. Уй – бебаҳо неъмат. Бундай неъматни озода сақлаш лозим. Ақлли ва иймонли одамлар уй ва хоналарини тоза тутадилар. Озода бўлган уйдаги ҳаёт баракали ўтади. Покиза уйга ҳар куни фаришталар келишади. Улар бундай уй эгалари учун дуолар қилишади.

2. Меҳмонхона ва намозхона

Уйдаги хоналарнинг энг яхшисини меҳмон учун тайёрлаб қўйилади. Меҳмонхона чиройли ва озода бўлиши лозим. Нима учун? Бунинг иккита сабаби бор.

Биринчидан, бирор меҳмон келиб қолса, хижолат бўлмайсиз. Уни озода уйга олиб кирасиз. Меҳмонхонанинг покиза ва чиройли бўлиши – меҳмоннинг ҳурмати.

Иккинчидан, у ерда оила аъзолари Аллоҳга ибодат қиладилар. Ибодат қилинадиган ер тоза бўлиши лозим.

Меҳмонхонага чиройли гилам ва палос солинади. Диван-кресло, стол-стуллар қўйиш мумкин. Ёки юмшоқ кўрпачалар солинади. Китоб жавонига китоблар терилади. Деворга оят ва ҳадислар, дарахтлар ва гуллар, тоғлар ва дарёлар каби чиройли тасвирлардан битта ёки иккита илиш жоиз.

Аммо уйга жонли нарсаларнинг суратларини осиб бўлмайди. Кўзмунчоқ, исириқ, тумор каби бачкана нарсалар илинмайди.  Меҳмонхонада ўйинчоқлар ва кийимлар ҳам турмайди.

Одатда уйни тоза тутиш ва жиҳозлашга аёллар ва қизлар кўпроқ эътибор берадилар. Улар деразаларга қандай парда осишдан тортиб, тувакларда қайси гулларни ўстириш кераклигигача биладилар.

Аммо ўғил болалар ҳам ҳамма ишни оналари ва сингилларига ташлаб қўйиб, қараб турмайдилар.

3. Ётоқхона ва дарсхона

Ота-оналар мактабда ўқийдиган болалари учун уйда алоҳида хона ажратиб берадилар. Бу хонани ётоқхона ва дарсхона, деб айтилади. Ёки болалар хонаси, деб айтиш ҳам мумкин.  Бу хона битта ёки бир неча бола учун бўлади. Бу ерда бола дарс қилади, ўйинчоқ ўйнайди, ухлаб дам олади.

Болалар ўз хоналарини доимо озода сақлашлари керак. Хона озода бўлиши учун аввал айтганимиздек, битта шартни бажариш зарур. Бу шарт тартибдир. Тартиб – ҳар бир нарсани ўзининг ўрнига жойлаш, дегани. Болалар хонасида фақат болаларга керак бўладиган нарсалар турсин. Болалар ишлатмайдиган нарсаларни бу хонадан олиб чиқиш лозим.

Болалар хонасида нималар бўлиши керак? Бу хонада каравот, кийим шкафи, стол-стул, китоб жавони бўлади. Яна ўйинчоқлар қутиси ёки компютер туриши мумкин.

Деворга илинадиган нарсалар – намоз тақвими, дарс жадвали, календар, соат, доска, харита, жонсиз нарсаларнинг сурати.

Китоб жавонида турадиган нарсалар – Қуръон, фойдали китоблар, мактаб дарсликлари, дафтарлар, кундалик дафтар, ручкалар, қаламлар, қоғозлар. Буларнинг ҳаммаси тартибли равишда турсин. Уларни тез-тез текшириб, артиб туринг.

Стол устида компютер, стол лампаси, дераза токчасида гуллар туради.

Китоб-дафтарлар турадиган жавон алоҳида, ўйинчоқлар турадиган шкаф ёки қути алоҳида бўлсин. Хонадаги нарсалар, расмлар, ўйинчоқлар сизнинг ёшингиз ва дарсларингизга мос бўлиши керак.

Cиз ўзингиз ётадиган ўриндаги чойшаб ва кўрпа-ёстиқларнинг тозалигига эътибор беринг. Каравот ва стол-стулларни тез-тез артиб туринг. Хонани ҳар куни йиғиштиринг ва албатта шамоллатинг. Бу ишларни ўзингиз қила олмасангиз, ота-онангиз ёки опа-акангизга айтиб қидиринг.

Агар хонани ва ундаги нарсаларни тозалаб турилмаса ёки хонада кераксиз нарсалар ётаверса нима бўлади? Бундай уйда яшайдиган бола дарсларини яхши тайёрлай олмай қолади. Кечаси ухлаганда тушига ҳар хил нарсалар кириб чиқади. Чунки шайтон кир-чир ва тартибсиз жойларга келади. У тозаликка риоя қилмайдиган одамга ёпишади ва уни васваса қилади.

4. Ошхона ва омбор

Ошхона овқат тайёрланадиган ва тановул қилинадиган хона. Бу хонада ҳар куни бир неча марта овқат пиширилади ва ейилади. Шунинг учун ошхона жуда ҳам озода бўлиши керак. Бу ерни бир кунда бир неча марта тозалаш лозим.

Ошхонадаги идишлар ва асбобларнинг ҳаммаси ювилган бўлиши зарур. Уларни ювиб бўлиб, қоғоз ёки сочиқ билан қуритилади. Кейин турига қараб, ўз жойига қўйилади. Қошиқ-вилкалар ва пичоқлар алоҳида, тарелка ва коса каби идишлар алоҳида туради.

Стол устида ёки сув жўмраги ёнида идиш қолиб кетмаслиги керак.

Баъзиларнинг ошхонасида идишлар ва нарсалар столнинг устида кечгача тахланиб ётади. Бу – тўғри эмас.

Баъзи одамлар ўз ошхонасини чиннидек тоза қилиб қўяди. У ерга кирсангиз, кўзингизга биронта ортиқча нарса кўринмайди. Нарсаларнинг ҳаммаси ўзининг шкафида турган бўлади. Бу – қандай яхши!

Ҳар сафар овқат пиширгандан сўнг газ ўчоқ ёки плиталарни артиб қўйилади. Чунки унга сув ёки овқат тўкилган бўлади.

Ошхонада қўлни ва идишларни артадиган озода сочиқлар ва қоғозлар турсин. Озиқ-овқат турадиган ва сув солинадиган идишларининг усти доимо ёпиқ бўлсин.

Омбор кейинроқ ишлатиладиган нарсаларни ғамлаб қўйиладиган хона. Омборхонада хом озиқ-овқатлар ҳам туради. Оборхона ҳам ошхона каби озода сақланиши лозим. У ер қуруқ ва қоронғуроқ бўлгани яхши. Оборхонада турган озуқаларни текшириб турилади. Ачиганларини ташлаб юборилади. Омборда сичқон ва зараркунандаларга қарши дорилар қўйилади.

5. Ҳовли, йўлак, ҳаммом

Ҳовли ва йўлак – ҳар куни одам юрадиган ва ҳамманинг кўзи тушадиган ер. Ҳовли ва йўлаклар доимо тозаланган ва супурилган бўлиши керак.

Ҳовлига мевали ва манзарали дарахтлар, чиройли гуллар экилади. Дарахтлар ва ўсимликлар ҳавони зарарли газлардан тозалаб туради. Шунинг учун уларни кўпайтириш ва чиройли парвариш қилиш одамларга фойда келтиради.

Баъзилар ўз уйида мол, қўй ёки товуқлар боқади. Улар учун молхона ёки товуқхона қурилади. Буларни ёрдамчи хоналар, дейилади. У ерлар ҳам тез-тез тозалаб турилиши керак. Бўлмаса, молхонадан ҳавога сассиқ ҳид кўтарилади ва қўшниларга озор етади. Қўшнига озор бериш – гуноҳ.

Ҳаммом – инсон соғлиғини сақлаш учун ниҳоятда муҳим хона. У ерни ҳам ҳар куни тозалаб, шамоллатиб турилади.

Ҳаммомда учта асосий жой бор: юз-қўл ювадиган ер («умивальник»);  ҳожат ушатадиган жой («унитаз»); чўмиладиган ер (ванна ёки душ). Бу жойлар доимо оппоқ ва озода ҳолда туриши лозим. Хушбўй сепиб ёки ойнани очиб, ёмон ҳидларни кетказиш зарур.

Уй эгасининг қай даражада озодалигини унинг ҳаммомидан ҳам билса бўлади.

Сизлар ҳожатхона қоидалари, деган дарсда кўп нарсаларни ўргангансизлар. Ўша қоидаларга албатта амал қилиш керак.

Баъзилар ҳаммомга турли кийим ва сочиқларни қаторлаштириб, илиб ташлайди. Бу – яхши эмас. Унча зарур бўлмаган кийимларни кўз тушмайдиган ерга тахлаб қўйиш керак.

Яна баъзи ҳаммомларда эски чўткалар, соқол оладиган асбоблар чанг босиб ётади. Кераксиз нарсаларни сақлаб юриш – нотўғри иш. Яроқсиз бўлиб қолган нарсаларни чиқиндига олиб чиқиб ташлаш керак.

 Аввалги…                                                                                           Кейинги…