Нафл ибодатларнинг ҳукми ва фазилати

Бўлимлар: 03. Рўза

Cавол: Нафл рўзани тутмаса гуноҳ бўладими ёки йўқми?

Муҳаммад.

Жавоб: Луғатда «нафл» ёки «нофила», деган калима зиёда, ортиқ, деган маъноларни билдиради. Нафл – инсоннинг ўзига вожиб бўлмаган ишларни бажариши. (Ал-Мавсуа – 41/100).

«Шариат истилоҳида нафл фарз ҳам, вожиб ҳам бўлмаган ибодатдир. Нафл лозим бўлганидан ташқари зиёда ибодат бўлиб, суннати муаккада, мустаҳаблар ва вақти тайин қилинмаган ихтиёрий ибодатларни ўз ичига олади». (Ал-Мавсуа – 41/100).

Инсон нафл рўза тутмаса, гуноҳкор бўлмайди. Аммо Охират азобларидан қўрққан, ўзининг фарз амаллари нуқсонли бўлиб чиқишидан хавотир қилган инсон нафл ибодатларни кўпроқ бажаришга ҳаракат қилади. Чунки нафл ибодатлар фарзларнинг камчилигини тўлдиради ва баъзи гуноҳларга каффорат бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَال: سَمِعْتُ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُول : إِنَّ أَوَّل مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلاَتُهُ ، فَإِنْ صَلُحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ ، وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ ، فَإِنِ انْتَقَصَ مِنْ فَرِيضَتِهِ شَيْءٌ قَال الرَّبُّ عَزَّ وَجَل : انْظُرُوا هَل لِعَبْدِي مِنْ تَطَوُّعٍ ؟ فَيُكْمِل بِهَا مَا انْتَقَصَ مِنَ الْفَرِيضَةِ ، ثُمَّ يَكُونُ سَائِرُ عَمَلِهِ عَلَى ذَلِكَ. (رواه أبو داود والترمذي).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитдим: «Қиёмат куни банданинг амалидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар намози яхши бўлса, банда нажотга ва ютуққа эришади. Агар намози бузуқ бўлса, фалокат ва зиёнга кетади. Агар унинг фарз намозлари нуқсонли бўлиб чиқса, Рабб азза ва жалла айтади: «Қаранглар-чи, бандамнинг нафллари бормикин?» Шундай қилиб, фарзнинг камчиликлари унинг нафллари билан тўлдирилади. Кейин бошқа амаллари ҳам шу тартибда ҳисоб қилинади». (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Уламолар нафл намоз ва нафл рўза ибодатига киришгандан сўнг уни тугатиш вожибми ёки йўқми, деган масалада ихтилоф қилганлар. Ҳанафийлар ва моликийларга кўра, нафл намозга ёки нафл рўзага киришган одам агар бу амални бутун бажо этмаса, ундан қазо ўташ талаб қилинади…» (Ал-Мавсуа – 41/105).