Танага чизилган нақшни қандай кетказиш мумкин?

Бўлимлар: 23. Тиббиёт

Савол: 16 йил илгари танамга нақш чиздиргандим. Албатта нақш чиздирганимда бунинг гуноҳлигини билмагандим. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳозирги кунда намоз ўқияпман. Нақшни жарроҳлик йўли билан кестириб ташласа жоизми? Ёки бошқа бирон йўли борми? Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Дадахон.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизга Ўз ҳидоятини мукаммал ато айласин.

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танага нақш чизувчиларни ва нақш чиздирувчиларни лаънатлаганлар. Аммо инсон Аллоҳдан қўрқиб, бу гуноҳдан тавба қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг тавбасини қабул қилади.  

 إن لعن الواشمة  ليس صفة لازمة بل متى تاب الإنسان منه زال الوصف عنه

Танасига нақш чиздирганга айтилган лаънат абадий сифат эмас. Балки инсон қачон бу ишдан тавба қилар экан, лаънат сифати ундан зойил бўлади. (islam-qa /9222)

Инсон қилган гуноҳ ва хатолари учун кўп истиғфор айтиш билан бир қаторда ўтган гуноҳларни одамлар олдида гапиришдан сақланиши лозим. Чунки бу ўша гуноҳга бепарволик ва унинг оқибатидан қўрқмаслик ҳолатини вужудга келтиради, ҳамда бу гуноҳга жоҳилларни қизиқтирган бўлиб қолади. Бу эса ростдан тавба қилган одамнинг иши эмас. Одам ўзининг қилган гуноҳини фақат ўзи эслаб, истиғфор айтиб юриши ва савобли амалларни кўпроқ қилиши керак. Тананинг нақш чизилган жойларини иложи борича одамлардан яшириш зарур.

Чизилган нақшни кетказиш агар танага оғриқ ва азоб бериш йўли билан бўлса, жоиз эмас. Бундай инсон тавба қилиш, истиғфор айтиш билан гуноҳдан фориғ бўлади, иншоаллоҳ. Аммо ҳозирги замон тиббиётида баданга чизилган нақшни оғриқсиз кетказиш йўллари ихтиро қилинган. Демак, сиз мутахассис врачга учраб, шу ҳақда йўл-йўриқ сўрайсиз. Шунда бу нуқсондан азобсиз қутулишга муваффақ бўласиз, деб умид қиламиз.