Сингилга закот берса бўладими?

Бўлимлар: 04. Закот

Савол: Турмушидан ажраган синглим менинг оилам билан рўзғори битта, бирга яшайди. Мен закотимни синглимга берсам бўладими?

Жобир.

Жавоб: Аллоҳ таоло силайи раҳм фарзини чиройли адо этаётганингиз ва акалик вазифасини бажо келтираётганингиз учун сизга ажрлар ато қилади, деб умид қиламиз. Синглингиз билан яхши муомалада бўлаётган аёлингизга ҳам албатта савоблар ёзилади, иншоаллоҳ.

Закотни сингилга бериш масаласига келсак, бу ерда қисқача изоҳга эҳтиёж туғилади. Агар сингил ўзи мустақил ҳолда яшаётган бўлиб, аканинг қарамоғида бўлмаса, унга закот беришга ҳеч қандай монелик йўқ. Балки бу савобли ишдир.

Аммо инсоннинг бевосита қарамоғида бўлган опаси, синглиси ёки ака-укасига закот бериш масаласида фуқаҳолар ораларида икки хил қараш мавжуд.

أَمَّا سَائِرُ الأقَارِبِ ، وَهُمُ الْحَوَاشِي كَالإخْوَةِ وَالأخَوَاتِ وَالأعْمَامِ وَالْعَمَّاتِ وَالأْخْوَال وَالْخَالاَتِ ، وَأَوْلاَدِهِمْ ، فَلاَ يَمْتَنِعُ إِعْطَاؤُهُمْ زَكَاتَهُ وَلَوْ كَانَ بَعْضُهُمْ فِي عِيَالِهِ ، لِقَوْل النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : الصَّدَقَةُ عَلَى الْمِسْكِينِ صَدَقَةٌ ، وَهِيَ عَلَى ذِي الرَّحِمِ اثْنَتَانِ : صَدَقَةٌ وَصِلَةٌ (أخرجه الترمذي (3 / 38 – ط الحلبي ) من حديث سلمان بن عامر ، وقال : » حديث حسن » ). وَهَذَا مَذْهَبُ الْحَنَفِيَّةِ وَهُوَ الْقَوْل الْمُقَدَّمُ عِنْدَ الْحَنَابِلَةِ . (الموسوعة الفقهية الكويتية – (23 / 326).

Аммо бошқа қариндошлар: ака-ука, опа-сингил, амакилар, аммалар, тоғалар, холалар ва уларнинг болаларига – гарчи уларнинг баъзилари унинг қарамоғида бўлсалар ҳам – закотини беришга тўсқинлик йўқ. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мискинга қилинган садақа, бу садақадир. Қариндошга қилингани эса икки нарсадир ҳам садақа, ҳам силайи раҳм». (Термизий Салмон ибн Омирдан ривоят қилган ҳасан ҳадис). Бу ҳанафийларнинг мазҳаби ва ҳанбалийлар наздидаги муқаддам сўздир. (Ал-Мавсуа – 23/326).

Баъзи уламолар сингил аканинг қарамоғида яшаётган бўлса, ака ўз закотини унга бермагани яхши, дейишади.

إذا كانت أختك مستقلة في بيتٍ وحدها، عاجزة ما عندها ما يقوم بحالها، لك أن تعطيها الزكاة، أما إن كانت عندك في بيتك تنفق عليها، فلا، لا تعطها زكاتك، فهي واقعة في نفقتك عليها، وإن أنفقت عليها من مالك وأعطيت الزكاة لغيرها فهذا أحسن وأحوط إذا كنت قادرًا.

Агар синглингнинг ўзи алоҳида уйда мустақил яшаса ва ўзини ўзи эплашдан ожиз бўлса, сенинг унга закот беришинг жоиз. Аммо у сенинг уйингда бўлиб, унинг таъминоти сенинг зиммангда бўлса, закотингни унга берма. Чунки у сенинг қарамоғингдадир. Агар сен қодир бўлсанг, унга ўзингнинг молингдан сарфлаб, закотингни бошқага берганинг яхшироқ ва шубҳадан холироқдир. (alifta.net/Fatawa)

Юқоридаги қавлларга суянган ҳолда айтиш жоизки, модомики синглингиз бевосита сизнинг қарамоғингизда экан, агар сиз яхшигина бадавлат инсон бўлсангиз, закотингизни бошқага берганингиз афзал. Бунда сизга ҳам синглингизга ҳам зарар бўлмайди. Чунки синглингиз закот олсаю олмаса, сизнинг моддий ва маънавий ҳимоянгиз остида ва унинг бирор одамга муҳтожлиги йўқ. Моддиян бақувват инсон учун ҳам закотининг ўзига яқинроқ ерда қолиши ёки бутунлай бегонага ўтиб кетишининг аҳамияти йўқ. Қайтага у одамдан яна бир мусулмон фойда топади.

Аммо унча ҳам бадавлат бўлмаган инсон закотини ўзининг қарамоғида бўлган синглисига бериши жоиз, валлоҳу аълам.