Учинчи дарс: Ҳожатхона қоидалари

Ҳожатхона қоидалари

* * *

  1. Ҳар бир одам ҳожатга муҳтождир;
  2. Ҳожатхонага киришдан аввал;
  3. Ҳожатхонага киргандан кейин;
  4. Тақиқланадиган ишлар;
  5. Ҳожатхонадан чиқиш.

* * *

1. Ҳар бир одам ҳожатга муҳтождир

Аллоҳ одам боласини овқатланадиган, сув ичадиган қилиб яратган. Шундай экан, инсон ҳожат ушатишга муҳтож бўлади. Агар одам овқатлансаю ичи келмаса – Аллоҳ асрасин – ёмон аҳволда қолади. Ҳожат ушатиш ёки ёзилиш ҳам неъматдир.

Ейилган овқатлар ошқозонда ҳазм бўлади. Овқатнинг бир қисми баданга озуқа бўлиб сўрилади. Бир қисми эса ортиқча чиқиндига айланади. Чиқиндига айланган нарсалар бадандан ташқарига чиқишга йўл қидиради. Ҳожат ушатиш ана ўша ортиқча ва зарарли нарсалардан қутулиш бўлади.

Инсон ҳар куни ҳожатхонага киради. Ҳожатхонага киришнинг қоидалари бор. Уларга амал қилиш инсоннинг соғлиғи учун ҳам, дини учун ҳам фойдалидир.

2. Ҳожатхонага киришдан аввал

Ҳожатхонага киришдан аввал қуйидаги ишларга аҳамият бериш керак:

  1. Oғзида овқат бўлса ютиш;
  2. Қўлининг тозалигига эътибор бериш;
  3. Қалин кийимларини ечиб қўйиш;
  4. Қўлида нарса бўлса, ташқарига қўйиш;
  5. Оят-ҳадислар бўлса, ташқарида қолдириш;
  6. Киришдан аввал дуо ўқиш;
  7. Чап оёқ билан кириш.

Оғизда овқат билан ҳожатхонага кирилмайди. Шунингдек, қўл ёғ ёки ифлос бўлса, аввал қўлни тозалаш керак. Акс ҳолда қўл кийимга тегади ва кийим кир бўлади.

Ҳожатхонага киришдан аввал қалинроқ устки кийимлар ечиб қўйилади. Токи, уларга нопок сувлар сачрамасин. Устки кийим деганда палто, чопон, куртка тушунилади.

Шайтон ҳожатхонага киришга ва инсоннинг уят ерини кўришга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳожатхонага кирмоқчи бўлган одам дуо ўқийди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага кирадиган пайтларида бундай деб айтар эдилар:

«بسم الله، اللّهُمَّ إنِّي أَعُوذُ بِك من الخبث والخبائث«.

(Маъноси: «Аллоҳ номи билан. Эй, Аллоҳим, мен Сендан урғочи ва эркак жинлардан асрашингни сўрайман»).

Шу дуони ўқилса, шайтоннинг йўли тўсилади.

Уй, масжид, мактаб каби покиза ерларга ўнг оёқ билан кириш суннат. Ҳожатхона, ҳаммом каби ерларга чап оёқ билан кирилади.

Эслатма:

1. Баъзи бола ёзилгиси келса ҳам ўйиндан кўзи қиймай юраверади. Кейин бирданига югуриб қолади. Ҳожати қистаганда ёзилмай юравериш соғлиққа зарар. Чунки бунақа пайтда сийдик қонга шимилишга бошлайди.

2. Агар оят ва ҳадислар ёзилган қоғоз чўнтакда яширилган ҳолда бўлса, у билан хало жойга кириш жоиз.

3. Ҳожатхонага киргандан кейин

Ҳожатхонага киргандан кейин эътибор бериш керак бўлган ишлар мана булар:

  1. Ҳожатхона эшигини қулфлаш;
  2. Кийимни нажосатдан эҳтиёт қилиш;
  3. Тана аъзоларини покиза сақлаш;
  4. Ҳожатдан сўнг тозаланиш;
  5. Тозаланишда чап қўлни ишлатиш.

Ҳожатга кирган одам ҳеч кимнинг кўзига кўринмаслиги керак. Чунки уят (аврат) ерини бировга кўрсатиш ёки бировнинг авратига қараш ҳаромдир. Шунинг учун ҳожатхона эшигини қулфлаш зарур. Ҳожатхонани хало жой, деб ҳам айтилади. Хало ҳеч ким йўқ жой, дегани. Ҳожат ушатаётган ерда ўзидан бошқа ҳеч ким бўлмаслиги керак.

Мусулмон боланинг кийимлари ва танаси покиза бўлиши лозим. Агар кийимга ёки баданга нажосат тегса, шу ҳолда намоз ўқиб бўлмайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ. قالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَكْثَرُ عَذابِ الْقَبْرِ بِالْبَوْلِ. (رَوَاهُ الطَّحاوِيُّ).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қабр азобининг кўпи сийдик сабабидан бўлади». (Таҳовий ривоятлари).

Инсон ёзилиб бўлгач, нажосатдан тозаланади. Тозаланиш махсус қоғоз, кесак ёки сув билан бўиши керак. Нажосат чиққан ерни аввал қоғоз билан артиб, кейин илиқ сув билан ювилади. Тозаланишда тезак, суяк каби нарсаларни ишлатиш мумкин эмас.

Тозаланиш пайтида албатта чап қўлни ишлатиш керак. Чунки ўнг қўлни одамлар билан сўрашиш ва овқат ейиш учун ишлатилади.

4. Тақиқланадиган ишлар

Ҳожат ушатиш пайтида баъзи ишларни қилиш мумкин эмас. Улар мана булар:

  1. Қиблага қараб ёки орқа қилиб ўтириш;
  2. Кўп ўтириш ёки ухлаш;
  3. Биров билан гаплашиш;
  4. Бирор нарса ўқиш; 
  5. Ейиш, ичиш;
  6. Сув ва қоғозни кўп ишлатиш;
  7. Тозаланиш пайтида сувни сачратиш;
  8. Узрсиз тик туриб ёзилиш;
  9. Заруратсиз уят ерига қараш;
  10. Ҳожатхонани ифлос қилиб чиқиш.

Очиқ ерда ҳожат ушатишга тўғри келиб қолса, қуйидаги ишлар тақиқланади:

  1. Ой ёки қуёшга қараб ўлтириш;
  2. Шамол эсаётган томонга қарши ўлтириш;
  3. Оқаётган ёки тўхтаб турган сувга ёзилиш;
  4. Экинзорга, мевали дарахт остига ёзилиш;
  5. Қабристонга ҳожат ушатиш;
  6. Тешик ва ковакка ёзилиш;
  7. Ҳашаротлар устига ҳожат ушатиш. 
  8. Одамлар ёки ҳайвонлар йўлига ҳожат ушатиш.

5. Ҳожатхонадан чиқиш

Ҳожатхонадан чиқишда қуйидаги ишларга эътибор бериш лозим:

  1. Ахлат кетадиган ерни сув билан тозалаш;
  2. Сув жўмракларини ўчириш;
  3. Кийимларни чиройли кийиш;
  4. Ҳожатхона қоғозини текшириш;
  5. Чироқни учириш;
  6. Ўнг оёқ билан чиқиш;
  7. Чиққандан сўнг зикр айтиш;

Сиз ҳожатхонадан чиқаётган пайтингизда у ернинг тозалигини кўздан кечиринг. Хало ер сиздан кейин озода ҳолда қолиши керак. Баъзи бола ўзи ўтирган ерни тозаламасдан чиқади. Бу унинг яхши тарбия олмаганини кўрсатади.

Сув жўмракларини ҳам яхшилаб ўчириш керак. Чала бураб чиқиб кетилса, сув оқиб, исроф бўлиб ётади.

Ҳожатхонадан чиқмасдан туриб, кийимларни чиройли қилиб кийиб олинади. Тугмаларни яхши солмасдан чиқиш уят бўлади.

Ҳожатхонада сув ёки қоғоз тугаган бўлса, янгилаб қўйиш лозим.

Ҳожатдан чиққандан сўнг «Ғуфронака«, деб айтилади.

 Аввалги…                                                                                           Кейинги…