Видеокамерадан фойдаланиш ҳақида ишончли фатво мавжудми?

Аллоҳ бизни нурли Ислом йўлида жамлашида ўзининг холис хизматлари билан сабабчи бўлган ва неча мингдан ортиқ мўминларнинг қалбларидан севимли кишиси қаторида жой олган Обидхон қори ака, яхшимисиз, аҳлларингиз яхши юришибдими? Аллоҳ дин ва дунёда Ўзининг севимли бандасига берадиган машаққату синовларидан толиқмаяпсизми? Аллоҳ дунё ва Охиратда Ўзи сиздан рози бўлиб, Унинг ҳузуридаги даражангизни янада баланд қилсин, омин.

Савол: Видеокамералардан фойдаланиш ҳақида Ислом оламида қандай ишончли фатволар мавжуд? Бу мосламалардан кундалик ҳаётда, интернетда, зиёфатларда, тўйларда, исломий мажлисларда, дунёвий дарсларда, оилавий йиғинларда ва шу каби бошқа ҳолатларда ҳам мусулмонлар кўп фойдаланадилар. Шундай пайтларда амалга ошириладиган видеотасвирларнинг умумий ҳукми қандай? Бу борада илмимизни ва тушунчаларимизни оширишга ёрдам берсангиз. Жавобингиздан Аллоҳ рози бўлсин.

Абдуллоҳ.

Жавоб: Аллоҳ яхши тилакларингизни амалга оширсин. Дуоларингиз шарофатидан ўзингиз ва яқинларингизга баракотлар ёғдирсин.

Видеотасвир ҳақида ҳозирги замон уламолари икки қисмга бўлинишган. Уларнинг бир гуруҳлари жумладан, Муҳаммад ибн Иброҳим, Ибн Боз, Албоний раҳимаҳумуллоҳлар видеотасвирга тушириш суратга олишнинг ҳаромлигини баён қилган саҳиҳ ҳадисларга кўра ножоиздир, дейишган. Улар фотосуратга тушиш фақат зарурат юзасидангина мумкин бўлишини айтишган.

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар қилганлар:

إن أشد الناس عذاباً يوم القيامة المصورون. رواه مسلم

Қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиганлар сураткашлардир”. (Муслим).

Яна бир гуруҳ уламолар видео ва фотоаппарат билан суратга тушириш қўл билан сурат чизишга тенглаштирилмайди, дейишган. Уларга кўра бу иш сурат чизиш эмас, балки Аллоҳ яратган махлуқотнинг соясини сақлаб қолишдир. Улар тасвир жиҳозларни ишлатишга бир қатор шартларни таъкидлаган ҳолда рухсат беришади.

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ видеоаппаратнинг ҳукми бошқа мубоҳ нарсаларнинг ҳукми кабидир, дейдилар. Мубоҳ нарсалардан мубоҳ ишларда фойдаланиш жоиз, ҳаром ишларда фойдаланиш ҳаромдир. (Исламвеб саҳифаси).

Юқоридаги сўзлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, тоғу тошлар, дарёлар, дов-дарахтлар, гуллар, каби жонсиз нарсаларни видеотасвирга туширишда ҳеч қандай монелик йўқ. Аммо жонли нарсаларни тасвирга тушириш зарурат юзасидан жоиз. Қуръон тиловати, Ислом даъвати, илм мажлислари, таълим-тарбия ишлари, фойдали илмий маълумотларни тасвирга олиш бунга мисол бўла олади.

Ҳозир минг-минглаб зарарли компъютер ўйинлари, ахлоқсиз ёки беҳуда мультфилмлар кенг тарқалиб бораётган, Интернет оммалашиб кетган бир пайтда мусулмонлар ўз болаларини салбий таъсирлардан сақлаб қолиш учун нима қилишлари керак, деган савол ўртага чиқади.

Бундай шароитда биз болалар тарбиясини замон талаблари даражасида олиб боришга интилишимиз зарур. Ахлоқ, эътиқод ва тафаккурга зарар етказаётган томошаларга муқобил тарзда исломий кўрсатувлар тайёрлаш, ўқиладиган моддаларни видео вариантларини чиқариш, тарқатиш, ёшларни шунга жалб этиш муҳим вазифалардан биридир. Тасвир ва бошқа техник жиҳозларни шу каби инсоний ва исломий мақсадларда ишлатиш лозим.

Агар биз замонвий ускуналардан Ислом манфаатлари йўлида тўғри фойдалана олсак, уларни ёшлар тарбияси учун хизмат қилдира олсак, мана бу ҳадисга амал қилган бўламиз, иншоаллоҳ:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَسِّرُوا وَلَا تُعَسِّرُوا وَبَشِّرُوا وَلَا تُنَفِّرُوا. البخاري

Анас ибн Моликдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Енгиллаштиринг – қийинлаштирманг, севинтиринг – нафратлантирманг”. (Бухорий).