Эр ва аёл бирга яшай олмасалар, нима қилиш керак?

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Савол: Мен дугонамнинг бошига тушган катта синовдан қайғуриб, сиздан маслаҳат олиш учун хат ёзмоқдаман. Сўрамоқчи бўлган саволим, икки марта талоқ олган ва уйида ҳеч қандай Шариат ҳукмлари бўлмаган аёлнинг эри учинчи талоқни бермасдан аёлини қийнаса, аёл Шариатга кўра қандай йўл тутмоғи даркор?

Менинг дугонам ҳижобли, илмли, сабр-қаноатли, қўлидан келганича эрига итоат қиладиган аёллардан эди. Турмуш қурганига бир йилдан ошди. 5-6 ойлик ўғли бор. 4 хонали квартирада қайнота, қайнона, қайинсингил, эри, ўзи ва фарзанди яшаб келишар эди. Уйидагилар уни чиқиштирмас, қайнотаси ичиб келиб, тегажоқлик ҳам қилар эди. Эри ва қайнонасининг бу билан ишлари ҳам йўқ. Охириги пайтлар дугонам озиб-тўзиб, нафас етишмай, юрагида ўсимталар пайдо бўлиб, баъзида оёқ-қўллари ҳам ишламай қоладиган даражага етганидан ўз номусини сақлаш учун уйдан кетиб, ҳозирда ота-онаси билан яшамоқда. Эри бир марта талоқ бериб, бошқа қизларга ҳам совчи қўйиб, ҳеч бири рози бўлмаганидан хотинини қайтиб олди. Энди иккинчи талоқни берди. Энди ҳам қайтволмоқчи бўлганида дугонам қаршилик қилаяпти. Эри алоҳида квартира олиб чиқиб кетишга Аллоҳ номи билан қасам ичиб, квартирага чиққач, икки кун ўтиб қасамини бузган.

У дугонамни мен Аллоҳ учун яхши кўраман. Аллоҳ мени ҳидоят қилишига катта сабабчилардан бўлган инсон. Эшитганимдан буён фикру-хаёлим шунда бўлиб қолган. Тезроқ жавоб берсангиз.

A.

Жавоб: Аллоҳ таолонинг Ўзи дугонангизга ёрдам ато айласин. Машаққатлардан чиқиш йўлини кўрсатсин. Дугонангиз Аллоҳдан тақво қилган ва Шариатга итоатда бўлган ҳолда ҳаракат қилар экан, Аллоҳ унга албатта яхши кунларни ҳам беради.

Агар ҳолат сиз таърифлаганингиздек бўлса, яъни эр ўз аёлининг ҳақларини адо этмаётган, аксинча унга зулм ўтказаётган ва ҳуқуқларини поймол қилаётган экан, аёлнинг валийлари унга ёрдам беришлари ва ўзларининг қизларини ҳимоя қилишлари лозим бўлади. Эрнинг қариндошлари ҳам бу ишни ислоҳ қилиш учун ҳаракат қилишлари вожиб.

Агар эрга насиҳат ва маслаҳатлар кор қилмаса, у тузалмаса ёки талоқ ҳам қилмаса, аёлнинг валийлари қозига мурожаат қилиб, орани ислоҳ қилишда ёрдам сўрайдилар. Бундай ишларни кўриш учун тайинланган қози мавжуд бўлмаса, масжид имоми ёки исломий муассаса раҳбари қозининг вазифасини бажариши мумкин.

Аллоҳ таоло мусулмонларга шундай ҳолатларда қандай йўл тутишни ўргатиб, бундай деган:

{ وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلَاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا } (النساء\35).

«Агар иккисининг ўртаси бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам, аёлнинг аҳлидан бир ҳакам юборинглар. Агар ҳар икковлари ҳам ислоҳни ирода қилар эканлар, Аллоҳ уларнинг ораларини келиштириб қўяди. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи ва ҳамма ишдан хабардор Зотдир». (Нисо/35).

Бу оятниннг тафсирида Асъад Ҳавмад бундай ёзадилар:

إذَا وَقَعَ الشِقَاقُ بَيْنَ الزَّوْجِينِ ، أَسْكَنَ القَاضِي الزَّوْجَةَ إلَى جَنْبِ ثِقَةٍ يَنْظُرُ فِي أَمْرِهَا ، وَيَمْنَعُ مِنْهُمَا الظالِمَ مِنْ ظُلْمِهِ ، فَإنْ تَفَاقَمَتِ الخُصُومَةُ بَيْنَهُما ، وَصَارَتْ تُهَدِّدُ بِالانْفِصَالِ ، بَعَثَ القَاضِي ثِقَةً مِنْ أَهْلِ الزَّوْجَةِ وَثِقَةً مِنْ أَهْلِ الزَّوْجِ ، لِيَجْتَمِعَا وَيَنْظُرا فِي أَمْرِهِمَا ، وَيَفْعَلا مَا فِيهِ المَصْلَحَةُ مِمَّا يَرَيَانِهِ مِنَ التَّفْرِيقِ أوْ التَّوْفِيقِ ، وَالشَّارِعُ أَمْيَلُ إلَى التَّوْفِيقِ ، لِذَلِكَ قَالَ إنْ يُرِيدَا إِصْلاَحاً يُوَفِّقِ اللهُ بَيْنَهُما ، فَهَذِهِ الأَحْكَامُ إنَّمَا شَرَعَهَا اللهُ العَلِيمُ بِأَحْوالِ العِبَادِ وَأَخْلاَقِهِمْ ، وَالخَبِيرُ بِمَا يَقَعُ بَيْنَهُمْ وَبِأَسْبَابِهِ . (أيسر التفاسير لأسعد حومد – (1 / 528).

Агар эр-хотин орасида низо чиқса, қози аёлни унинг ҳолидан хабардор бўлиб турадиган бир ишончли одамникига жойлаштиради ва эрхотиндан қайси бири золим бўлса, уни зулмдан тўсади. Агар орадаги низо кучайиб, ажралиб кетиш хавфи туғилса, қози аёлнинг аҳлидан бир ишончли одамни, эрнинг аҳлидан бир ишончли одамни юборади. Бу икковлари учрашиб, эр ва аёлнинг муаммоси атрофида маслаҳатлашадилар. Ажратиш ёки келиштириб қўйишдан қайси бирини манфаатлироқ, деб билсалар, шуни қиладилар. Шариат келиштириш томонига мойилдир. Шунинг учун Аллоҳ: «Агар ҳар икковлари ҳам ислоҳни ирода қилар эканлар, Аллоҳ уларнинг ораларини келиштириб қўяди», деди. Бу ҳукмларни бандаларнинг аҳволлари ва ахлоқларини жуда яхши билувчи, уларнинг ораларида содир бўладиган ишлардан ва уларнинг сабабларидан яхши хабардор бўлган Зот – Аллоҳ жорий қилгандир. (Асъад Ҳавмад, Айсарут-тафосир – 1/528.)

Шуни қўшимча қилиш лозимки, бу ишларни ислоҳ қилиш учун икки томондан ҳакам тайинлаш иши ёлғиз қозининг вазифаси эмас. Бу вазифани ё эрнинг ёки аёлнинг қариндошлари бажаришлари ҳам мумкин. Ё эса муносиб ҳакамни эр-хотиннинг ўзлари тайинлашлари ҳам жоиз.

الكل جائز لقوله تعالى: {فَابْعَثُوا} وهو يخاطب المسلمين على شرط أن يكون الحكم عدلاً عالماً بصيراً حتى يمكنه الحكم والقضاء بالعدل. (أيسر التفاسير للجزائري – (1 / 474).

Буларнинг ҳар бири жоиздир. Чунки Аллоҳ мусулмонларга хитоб қилиб: «юборинглар», деб айтди. Ҳакамлик шарти шуки, у адолатли, илмли ва тажрибали бўлиши керак. Токи адолат билан ҳукм чиқаришга қодир бўлсин. (Ал-Жазоирий, Айсарут-тафосир – 1/474).