Меҳнат муҳожирлари ва меҳнат шароитлари ҳақида

Савол: Сизнинг «islomovozi» сайтингиздан кўп фойда оляпмиз. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!

Мен Россияда меҳнат муҳожириман. Иншоаллоҳ, яқинда фуқоролигини ҳам оламан, лекин бу жамиятдан кўнглим таскин топмайди. Бироқ тирикчилик учун шундай қадам босмоқдамиз. Шу ўринда мени бир савол қийнайди. Яъни ризқ Аллоҳдан эканлигига шак-шубҳа йўқ, лекин кўнглимиз таскин топмайдиган жамиятга келиб ризқимизни теришимиз ўз ихтиёримизга боғлиқ. Ўзимизда бу ризқни топишга эса шароит ва имкон йўқ, деб инсонийлигимизга бориб, ўз жамиятимизни ихтиёр қила олмаймиз. Мени қийнаган савол шуки, Ислом жамиятидан узоқ бўлган жамиятда, бизга ака ёки ука бўлмаганларнинг қўл остида ишлаб, ризқимизни топишликка шариатимиз нима дейди? Шуни кенгроқ ёритиб беринг, илтимос. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин!

Мурод.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизга ҳам, сиз каби турли хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган биродарларимизга ҳам Ўз раҳмати ва баракотларини ато қилсин.

Умид қиламизки, Ўзбекистон халқи учун ҳам рўшнолик келади. Ўшанда ўзбеклар ҳам ўз ватанида меҳнат қилиб, барака топади, иншоаллоҳ. Шундай кунлар учун ҳаммамиз ҳаракат қилишимиз, шу йўлдаги ишларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Ўзбекистон фарзандларининг тирикчилик сабабидан бегона юртларда оғир шароитларда ишлашлари ва ўз ҳаётларини хатар остига қўйиб яшашлари узоқ давом этиши керак эмас.

Бегона юртларда меҳнат қилаётган одамлар ҳалол меҳнат билан бир қаторда ўз динларини сақлаб боришлари, ибодатларини вақтида бекаму кўст адо этишлари, ёмон хулқлардан сақланишлари лозим.

* * *

  • Ўзбекистонликнинг бугунги аҳволи;
  • Ўликлардан кўра, тириклар ҳақида гапирган яхши;
  • Меҳнат муҳожирларига.

* * *

Ўзбекистонликнинг бугунги аҳволи

Биз кўплаб ўзбекистонликларнинг мажбурликдан дунёнинг турли ўлкаларида қийналиб меҳнат қилаётганларидан афсусдамиз. Мана бир неча миллион инсон ризқ ахтариб, бегона юртларни кезишга маҳкум қилинаётган бўлса, йигирма миллиондан ортиқ мусулмон мамлакат ичкарисида ўз дини туфайли қўрқув остида яшамоқда. Бир неча ўн минг диндор қамоқхоналарда инсон зотига тўғри келмайдиган қийноқлар остида азоб чекмоқда.

Юқоридаги ишлар Аллоҳнинг тақдиридан ташқарида бўлмаслигини биламиз. Шу билан бир қаторда халқнинг бошига шундай кунларни солаётганлар Ўзбекистонда давлатни ноқонуний равишда эгаллаб турган, ўз халқини доимий равишда террор қилаётган бир ҳовуч раҳбарлар эканини айтиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Шу бир «ҳовуч»нинг онгидаги қолоқлик, табиатидаги шафқатсизлик, юрагидаги бахиллик фуқароларнинг устига бахтсизликдан бошқа нарса олиб келмаяпти.

Ўзбекистон раҳбарларининг иши Ливия собиқ раҳбари Қаддофийнинг қилмишларига жуда ўхшаб кетади. Қаддофий нефтдан тушадиган миллиардларни халқнинг турмушини яхшилашга сарфлашдан бутун умр бўйи қизғаниб ўтди. Ўзбекистон ҳукуматининг қизғанчиқлиги бундан-да баттар. Ўзбек давлати четга тинмай пахта ва газ сотади. Аммо бечора халқ вилоятларда қиш арафасида кўмир ва тезак тўплайди.

Халқ ўзининг оқ кўнгли ва пок ниятлари рамзи бўлмиш оппоқ пахтасини ҳукуматга сув текинга бериб, унинг ўрнига ҳукуматдан қоп-қора кўмирни олишга ва бунинг учун доимо раҳмат айтишга маҳкум.

Кейинги йилларда ҳатто Тошкент шаҳрининг баъзи ҳудудларида қиш кунларида кўп қаватли уйларда газ плиталар устида ўтин ёқишмоқда.

Одамлар шундай шароитга ҳам майли, дейдилар. Улар давлат халққа иш ўринлари яратиб бермаса ҳам, ойликларни бермаса ҳам ўз тирикчилигини ўтказиши учун ўз ҳолига қўйса бўлди, дейдилар. Аммо бугун Ўзбекистонда на деҳқонга кун бор ва на тижоратчига ва на тадбиркорга. Қора маскалилар бирор баҳонаю сабабсиз истаган вақтда, истаган тадбиркорнинг бор-бутини тортиб олаверади.

Бугун зулм шу даражага етганки, одамлар пора билан ҳам иш битира олмаяптилар. Давлат ходимлари ишбилармондан истаётгани энди пора эмас, балки ҳамма бойликларини битта қолдирмасдан давлатга топшириб, ўзи фақат жонини олиб, хорижга  кетиши керак.

Ўликлардан кўра, тириклар ҳақида гапирган яхши

Қаранг, ҳукумат хорижда вафот бўлган ўзбекистонликларни ватанига олиб келиб кўмишни осонлаштириш ҳақида қонун чиқарди. Тўғри, бу каби қонунлар бошқа айрим мамлакатларда ҳам бор. Аммо Ўзбекистонликлар учун бу каби янгиликдан фойда кутилмайди. Чунки Ўзбекистон давлати қонун билан эмас, буйруқ билан бошқарилади.

Аслини олганда ҳукумат арбоблари маййитларга ёрдам бериш ҳақида гапиришдан аввал меҳнат муҳожирларининг ҳаётини ҳам ўзлариники каби ҳимоя остига олиш, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаш лойиҳаларини ишлаб чиқишса фойдалироқ бўлар эди.

Ўзбек ҳукумати ўз халқини яхши кўрадиган ҳукумат бўлганда фуқаролар учун яхши даромадлар келтирадиган шароитларни Ўзбекистоннинг ичида пайдо қилган бўлмасмиди?! Майли буни ҳам қилмасин, аммо ҳеч бўлмаганда тирикчилигини ўтказиши учун одамларни ўз ҳолига қўйиш керак эмасми?!

Агар Ўзбекистон ҳукумати оддий одамларга паст назар билан қарашни йиғиштирса, Ислом ва мусулмонларни ўзига душман, ўзини ҳам уларга душман, деб ҳисоблашни бас қилиб, ақлини бир оз ишлатса эди, халқ ҳаёти анча фаровонлашган бўлар эди.

Агар давлат пахтакорларга нисбатан давлатга ярашадиган даражада мардлик билан муомала қилганда ва пахтадан тушаётган даромаднинг ярмини бахиллик қилмасдан, қўрқмасдан меҳнаткашга берганда эди пахта даласида болалар хор бўлмаган, Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири, деган атама ҳам йўқ бўлган, аксинча ҳатто чет элликлар ҳам Ўзбекистонга келиб пахта теришни орзу қилиб қолган бўлар эди.

Агар ҳукумат устида турган бир неча шахс меҳнаткашларнинг қадрини ўзининг ўғли ва хотинининг қадри билан тенг қўйса ва одамларга шунга яраша ҳақ тўлашни бошласа эди, қисқа вақт ичида ҳар битта фермер миллионерга айланар эди.

Аммо оддий одамларнинг бойишини ва ўсишини кўриш, шунга ичдан рози бўлиш ҳукмдорларнинг диллари учун жуда ҳам оғир ботадиган масала экани кўринмоқда. Бинобарин, улар назарида юқоридаги таклифлар ҳеч қачон амалга ошмайдиган хомхаёллардир. Бироқ, Аллоҳ истаса, амалдорларнинг ақлига ва кўнглига сиғмаган ишлар ҳам содир бўлиши мумкин эканига бугунги дунёдаги ўзгаришлар далил бўла олади.

Бугун Ўзбекистонда давлат ходимларининг ўзида ҳам, оддий халқда ҳам эртанги кунга ишонч йўқолган. Пастдан тепагача ҳамманинг кўзига фақат иккитагина нажот йўли кўринади: биринчиси – иложини қилганлар учун – пора олиш ёки бериш; иккинчиси, ҳар қанча пора берса ҳам иш битира олмаётганлар учун – четга кетиш.

Биз ўзимиз тўғри деб билган нарсани айтишимиз лозим. Давлат раҳбарида ақл ва инсоф бўлса, халққа ҳам, ўзига ҳам яхшилик келтирадиган йўлларни албатта топа олади. Халққа яхшилик йўлининг биринчиси – халқ учун бахил бўлмаслик, давлат хазинасини халқ томон буриш ва уни халқ хўжалигининг ҳамма жабҳасини ислоҳи учун қисиб-қимтимасдан саховат билан сарфлашга бошлаш. Иккинчиси – халқнинг барча табақалари қаршисига қўйилган сиёсий ва иқтиcодий тўсиқларни олиб ташлаш.

Меҳнат муҳожирларига

Инсон аввало қаерда бўлса ҳам ҳалол меҳнат билан шуғулланиши лозим. Ундан ташқари у ўзини-ўзи таҳқирламайдиган, хорламайдиган ишларда ишлаши керак. (Бу ҳақда қуйида танишишингиз мумкин:

Исломда меҳнат ва касб билан шуғулланиш қоидалари

Исломда меҳнат ва касб билан шуғулланиш қоидалари (2 қисм)

Исломда меҳнат ва касб билан шуғулланиш қоидалари (3 қисм)

Русия мамлакатига келсак, у ерда ҳам қадимдан яшаб келаётган бир қисм мусулмон аҳоли мавжуд ва уларнинг сонлари алҳамдулиллоҳ муттасил ошиб бормоқда. Русия мусулмонлари бугун ўзларини жамиятнинг фаол ва илғор қатлами сифатида намоён қилмоқдалар. Ўз ҳақларини чиройли йўллар билан қўлга киритиб, мустаҳкамламоқдалар. Шундай экан, сизлар ҳам мусулмонлар кўп бўлган минтақаларда яшаб-ишлашингиз фойдали ва тўғри бўлади, валлоҳу аълам.

Инсон иш танлаётганда фақат моддий томоннинг ўзини эмас, балки дину иймонни сақлаш ва ибодатларини ўз вақтида адо эта олиш имкониятларини ҳам ҳисобга олиши зарур. Бунинг учун жомеъ масжидлари бор, мусулмонлар яшайдиган минтақалардан иш қидириш лозим. Мусулмон меҳнаткашлар жума намозидан қолмасликлари, жамоат намозларини иложи борича жамоат билан ўқишга ҳаракат қилишлари керак.

Аввалдан ишга жойлашиб, ўз шароитларини яхшилаб олган мусулмонлар диндошларини ўз ёнларига тортишлари, иш ва жой топишда уларга ёрдам беришлари вожиб бўлади.

Ўзига муносиб касб топиб, тирикчилигини йўлга қўйиб олган инсонлар ҳафтасига камида бир марта жамоат билан дарс қилишни йўлга қўйишлари, уйда эса ҳар куни камида 1 соат вақтни илм олиш учун ажратишлари зарур.

Мана шу айтилганларга риоя қилсангизлар, саволда айтилган «кўнгил таскин топмайдиган жамиятда ризқ териш» маҳзунлигидан халос бўласизлар, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таолодан ҳаммамизга ҳидоят ва нусрат сўраб қоламиз.