Мазҳаб масаласидаги ижтиҳодларнинг бир-бирига уланадиган нуқтаси

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Мавзуга инсоф ва холислик кўзи билан қараган одам юқорида келтирилган ҳар икки ижтиҳодда ҳам рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатлар мавжудлигини кўради. Дин, деб қилаётган амалининг қабул бўлмай қолишидан қўрқадиган одам учун тўғри йўлдан юриш жуда ҳам муҳимдир. Аллоҳ розилигини истаган инсон бирор тоифага беҳуда мутаассиб бўлиб олишдан, ҳужжат-далилни ўрганиш ўрнига шахслар ёки мазҳабларга кўр-кўрона эргашиб кетишдан сақланади. Саҳиҳ далилга асосланган ҳақ сўз ким томонидан айтилса ҳам қабул қилади.

Айтиш лозимки, биз кўриб ўтган ҳар икки ижтиҳод тарафдорлари ҳам ўз ҳаволаридан келиб чиқиб эмас, балки Аллоҳ таоло уларга ато қилган илм ва тушунча асосида хулоса чиқаришган. Шунинг учун ҳар икки тоифанинг сўзида фойда бор.

Бизнинг биринчи қавлдан оладиган хулосамиз шуки, чуқур диний билим олишга имконияти бўлмаган ва далилларни ажарата билмаган одам ўз билганича иш тутмаслиги керак. Аксинча, динга тўғри амал қилишни ўрганиш учун ўз юртининг олимига мурожаат қилиши, унга эргашиши, ундан дарс олиши лозим.

Иккинчи қавлдан оладиган хулосамиз – ўз жонини дўзах оловидан қутқариш учун ҳар бир инсон ўзи ҳаракат қилиши ва динга тўғри амал қилаётганини тасдиқлайдиган ҳужжатга иложи борича эга бўлиши зарур. Бундай далил ва ҳужжатларни ўрганиш, яъни илм олиш йўллари алҳамдулиллоҳ ҳамма учун очиқдир. Қуръон ва ҳадисларни ўзлаштириб, уларга амал қилиш ҳамма мусулмонлар учун фарз.

Мазҳабга эргашишнинг шарти

Илми етарли бўлмаган одам Шариатга қандай амал қилишни ўрганиш учун ўз замонининг уламоларига мурожаат қилади. У то илмда маълум поғоналарга кўтарилиб, диний масалаларни ҳужжат-далиллари билан англайдиган бўлгунига қадар бирор мазҳабга амал қилиши мумкин. Айни пайтда мазҳабга эргашишда Аллоҳ ва Расулуллоҳ мазҳаблар пайдо бўлишидан аввалроқ белгилаб беришган чегарани бузиб юбормаслик керак. Зеро, инсоният мутлақ эргашишга буюрилган Зот Аллоҳ ва Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Бу ҳақиқатни устоз ҳам, шогирд ҳам доимий тарзда таъкидлаб, такрорлаб туриши зарур. Акс ҳолда инсон нотўғри йўлга кириб кетиши мумкин. Мазҳаб Аллоҳ ва Расул сўзларининг ичида ва улардан қуйида туради.

وَفِي بَعْضِ كَلاَمِ ابْنِ الْقَيِّمِ أَنَّ التَّقْلِيدَ الَّذِي يَرَى امْتِنَاعَهُ هُوَ ( اتِّخَاذُ أَقْوَال رَجُلٍ بِعَيْنِهِ بِمَنْزِلَةِ نُصُوصِ الشَّارِعِ لاَ يُلْتَفَتُ إِلَى قَوْلٍ سِوَاهُ ، بَل لاَ إِلَى نُصُوصِ الشَّارِعِ ، إِلاَّ إِذَا وَافَقَتْ نُصُوصَ قَوْلِهِ . قَال فَهَذَا هُوَ التَّقْلِيدُ الَّذِي أَجْمَعَتِ الأُْمَّةُ عَلَى أَنَّهُ مُحَرَّمٌ فِي دِينِ اللَّهِ ، وَلَمْ يَظْهَرْ فِي الأُْمَّةِ إِلاَّ بَعْدَ انْقِرَاضِ الْقُرُونِ الْفَاضِلَةِ ) (الموسوعة الفقهية الكويتية – (13 / 161)

Ибн Қаййимнинг баъзи сўзларида келганки, тақиқланадиган тақлид шуки, бунда бирор инсоннинг сўзини Шариат жорий қилувчининг сўзи ўрнида қабул қилиб, у инсондан бошқанинг сўзига эътибор бермай қўяди. Ҳатто Шариат жорий қилувчининг сўзини ҳам анави одамнинг сўзига мос келмаса қабул қилмайди. Уммат ижмоъ қилганки, бундай иш Аллоҳнинг динида ҳаромдир. Бундай ҳолат бу уммат ичида фақат фозил асрлар тугагандан сўнг пайдо бўлган. (Ал-Мавсуа – 13/161).

“Иттибоъ” – тақлид ва ижтиҳод орасида

Илм йўлидан кетаётган инсонлар учун мана бу сўзлар аҳамиятлидир:

وَأَثْبَتَ ابْنُ الْقَيِّمِ وَالشَّوْكَانِيُّ فَوْقَ التَّقْلِيدِ مَرْتَبَةً أَقَل مِنَ الاِجْتِهَادِ ، هِيَ مَرْتَبَةُ الاِتِّبَاعِ ، وَحَقِيقَتُهَا الأَْخْذُ بِقَوْل الْغَيْرِ مَعَ مَعْرِفَةِ دَلِيلِهِ ، عَلَى حَدِّ مَا وَرَدَ فِي قَوْل أَبِي حَنِيفَةَ وَأَبِي يُوسُفَ ( لاَ يَحِل لأَِحَدٍ أَنْ يَقُول مَقَالَتَنَا حَتَّى يَعْلَمَ مِنْ أَيْنَ قُلْنَا ) (3) . غَيْرَ أَنَّ التَّقْلِيدَ يَجُوزُ عِنْدَ الضَّرُورَةِ . وَمِنْ ذَلِكَ إِذَا لَمْ يَظْفَرِ الْعَالِمُ بِنَصٍّ مِنَ الْكِتَابِ أَوِ السُّنَّةِ ، وَلَمْ يَجِدْ إِلاَّ قَوْل مَنْ هُوَ أَعْلَمُ مِنْهُ ، فَيُقَلِّدُهُ . أَمَّا التَّقْلِيدُ الْمُحَرَّمُ فَهُوَ أَنْ يَكُونَ الْعَالِمُ مُتَمَكِّنًا مِنْ مَعْرِفَةِ الْحَقِّ بِدَلِيلِهِ ، ثُمَّ مَعَ ذَلِكَ يَعْدِل إِلَى التَّقْلِيدِ ، فَهُوَ كَمَنْ يَعْدِل إِلَى الْمَيْتَةِ مَعَ قُدْرَتِهِ عَلَى الْمُذَكَّى .

وَالتَّقْلِيدُ إِنَّمَا هُوَ لِمَنْ لَمْ يَكُنْ قَادِرًا عَلَى الاِجْتِهَادِ ، أَوْ كَانَ قَادِرًا عَلَيْهِ لَكِنْ لَمْ يَجِدِ الْوَقْتَ لِذَلِكَ ، فَهِيَ حَال ضَرُورَةٍ كَمَا قَال ابْنُ الْقَيِّمِ . وَقَدْ أَفْتَى الإِْمَامُ أَحْمَدُ بِقَوْل الشَّافِعِيِّ ، وَقَال : إِذَا سُئِلْتُ عَنْ مَسْأَلَةٍ لَمْ أَعْرِفْ فِيهَا خَبَرًا أَفْتَيْتُ فِيهَا بِقَوْل الشَّافِعِيِّ …

Ибнул Қаййим ва Шавконий тақлиддан устун, ижтиҳоддан қуйи турадиган бир даражани исбот қилишган. У “иттибоъ” (эргашиш) дaражасидир. Унинг ҳақиқати бошқанинг сўзини унинг далилини ўрганиш билан қабул қилишдан иборат. Бу Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфнинг “Биронта одам учун бизнинг сўзимизни то биз уни қаердан олиб айтганимизни билмагунча гапириши ҳалол бўлмайди”, деган сўзлари доирасида бўлади. Лекин тақлид зарурат ҳолатида жоиз бўлади. Бунинг мисоли шундайки, олим киши Китоб ёки Суннатдан ҳужжат топа олмайди ва унга фақат ўзидан кўра илмлироқ одамнинг сўзидан бошқа сўз кўринмайди. Шунда унга тақлид қилади. Аммо ҳаром тақлид эса олим киши ўзи ҳақни далили билан била олишга имконияти бўлгани ҳолда тақлидга юз буради. Бу одам худди ҳалол сўйилган гўшт тургани ҳолда ўзи ўлган ҳайвоннинг гўштига юз бурган кабидир.

Тақлид фақат ижтиҳод қилишга қодир бўлмаган ёки қодир бўлса ҳам бунга вақт топа олмаган одам учундир. Бу одам Ибнул Қаййим айтганидек, зарурат ҳолатидаги одамдир. Имом Аҳмад Шофеийнинг сўзлари билан фатво берганлар. У киши айтган: “Мен бир масала хусусида сўралдим ва у соҳада бирор хабарни билмаганим учун Шофеийнинг сўзи билан фатво бердим…”  қоридаги манба).

Бу сўзлар сўнггида айтишимиз лозимки, Шариат қоидасига кўра, илмсиз одам албатта илмли ва солиҳ инсонга эргашади. Илми ва тақвоси билан танилган устозлардан дарс олади.

Илмли одамдан талаб қилинадиган нарса эса ўзининг дин номидан айтаётган сўзини ва Аллоҳ розилиги учун қилаётан амалини Китоб ва Суннатга мувофиқлаштиришдир. Бу икки манбада очиқ келмаган масалаларда Ислом оламида машҳур Аҳли сунна уламоларининг ижтиҳодларига мурожаат қилади. Акс ҳолда у талаби илм фарзини адо этмаётган, динининг мукаммал бўлишига парво қилмаётган бефарқ одам бўлиб қолади.

Аллоҳ таолодан ҳаммамизга ҳидоят ва фойдали илм ато қилишини сўраймиз. Ўзининг розилиги учун қилаётган амалларимизни чин ихлос билан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ ҳолда амалга ошишини насиб айласин.

Мавзуга доир суҳбатлар:

Мазҳабни ҳадислар билан ўрганиш – тўғри йўл

«Мўмин киши мазхабни қандай танлайди?»

Саҳобаларнинг сўзлари улуғми ёки тўрт мазҳаб эгаларининг сўзларими?