Субҳ кирмасдан айтилган азон билан оғиз ёпилмайди

Савол: Бизнинг диёримизда, яъни Қирғизистонда, Ўшда субҳ кирмасдан азон айтилади. Шундай бўлса ҳам оғзимизни бекитишимиз керакми? Ёки субҳга қараб бекитамизми?

Аллоҳнинг Ўзи сиздан рози бўлсин, амийн.

Ғуломнабий.

Жавоб: Аллоҳ таоло сиздан ҳам рози бўлсин. Субҳ кирмасдан азон айтилса, оғиз бекитиш шарт бўлмайди. Субҳ кирган пайтда айтилган азонни эшитган одам агар овқат еётган бўлса, дарҳол тўхташи лозим бўлади.

Аввал айтганимиздек, рўзанинг бошланиш ва тугалланиш вақтини Аллоҳ таоло Қуръони каримда белгилаб берган:

{ كُلُوا وَاشْرَبُوا حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأْبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأْسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّوا الصِّيَامَ إِلَى اللَّيْل } (3) . (3) سورة البقرة / 187 .

«Сизларга то тун зулматидан тонг ёруғи ажралгани маълум бўлмагунча еб-ичаверинглар. Сўнг рўзани то тун бошлангунга қадар давом эттиринглар». (Бақара/187).

Шу оятдан маълум бўладики, ҳали субҳ содиқ кирмаган экан, емоқ-ичмоқ жоиздир. Субҳи содиқ кирса, яъни тонг отишга бошласа, еб-ичишдан тўхташ шарт бўлади. Тонг отишга бошлагандан сўнг ҳам еб-ичаверган одамнинг рўзаси бузилади.

Асл эътибор азонга эмас тонг вақтига

Маълумки, азон – агар ўз вақтида айтилса – тонг бошланганининг аломатидир. Аммо муаззин вақтга яхши этибор бермайдиган одам бўлса, унинг азонига ҳам эътибор берилмайди.  Демак, асл эътибор азонга эмас, тонг вақтигадир.

Биз «Субҳ азони айтилаётган пайтда саҳарлик қилинмайди», деган суҳбатнинг охирида бундай деб айтган эдик:

«Агар муаззин азонни ўз вақтида айтадиган, ишончли ва тақволи одам бўлса, унинг азонига қараб, саҳарликни тўхтатилади. Агар муаззин вақтга риоя қилмайдиган одам бўлса, унинг азони эътиборга олинмайди».

Шундай экан, субҳ кирмасдан туриб азон айтадиган муаззинга эътибор берилмайди. Аммо бундай пайтда ҳар бир инсоннинг ўзи саҳарлик вақти тугаб, субҳ бошланишини яхши билиши фарз бўлади.

Оғзида овқат турганда тонг бошланса

82 –  اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى أَنَّهُ إِذَا طَلَعَ الْفَجْرُ وَفِي فِيهِ طَعَامٌ أَوْ شَرَابٌ فَلْيَلْفِظُهُ ، وَيَصِحُّ صَوْمُهُ . فَإِنِ ابْتَلَعَهُ أَفْطَرَ. (الموسوعة الفقهية الكويتية – (28 / 67).

82. Фуқаҳолар иттифоқ қилганларки, агар оғзида овқат ёки ичимлик турган ҳолатда фажр бошланса, оғзидагини ташласин. Шунда рўзаси дуруст бўлади. Агар оғзидагини ютса, рўзаси очилган бўлади. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 28/67).