Тожикистонликлар учун ҳижрат эмас, курашиш – фарз

Бўлимлар: 24. Сиёсат

Савол: Маълумки, Тожикистон президенти 18 ёшдан кичик болаларни масжидга киришини таъқиқлади. Шу муносабат билан Тожикистондан ҳижрат қилиш фарз бўлдими?

Комилжон.

Жавоб: Тожикистон президентининг 18 ёшга етмаган болаларни масжидга боришдан ман қиладиган қонун чиқариши ниҳоятда ҳайратли ва ачинарли ҳодисадир. Шу билан бир вақтда бу воқеа давлат раҳбарининг маънавий дунёси нақадар ночорлашиб бораётганини кўрсатади.

Бундай вазиятда мамлакат мусулмонлари ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун қурол кўтаришдан тийилган ҳолда курашишлари, жамият ичидаги жамоалар ва гуруҳлар ўз кучларини билаштиришлари зарур.

Калтабин раҳбар – кўр сиёсат

Ислом қадимдан ота-боболарининг дини бўлган, Шариат урф-одатга сингиб кетган, масжид кундалик ҳаёт билан чамбарчас боғланган мамлакатда бундай тутуриқсиз тартибларни жорий этаётган раҳбарни соғлом фикрли ва етук ақлли одам, деб бўлмайди. Бўлиб ҳам, айни Рамазон ойида масжидларга нисбатан шундай беҳурматлик кўрсатишга журъат этиш яхшиликка далолат қилмайди. Имомали Раҳмон Аллоҳнинг уйлари мусулмонлар билан энг гавжум ва обод бўладиган мавсумнинг бошида, Рамазоннинг 2 кунида бу жиноятга қўл урди. Бу инсон Аллоҳнинг уйлари йўлига тўсиқ қўйиш учун анчайин номусулмонлар ҳам ҳурмат сақлайдиган муборак Рамазонни танлаган экан, бу билан ўзининг Ислом динидан бўлган насибасининг қанчалик эканини намоён қилмоқда.

Хатокорга насиҳат даркор

Бундай раҳбар ўзининг Охиратини ҳам, ёшларнинг келажагини ҳам ўз қўли билан барбод қилаётган калтабин шахс бўлади. Биз унинг ҳам дунёвий, ҳам диний соҳадаги кўр сиёсати ўзининг бошига ҳам, халқнинг устига ҳам янги кулфатлар олиб келмаса, деб қўрқамиз.

Бундай пайтда мусулмонлар, дунёқараши кенг одамлар, хоссатан президент атрофидаги ақлли ва иймонли инсонлар Аллоҳдан унга инсоф сўрашлари, унга тўғри йўл кўрсатишлари, уни тавбага даъват қилишлари даркор. Ёши улуғ шахслар, таниқли уламолар, оқил сиёсатчилар, олимлар, жамоат арбоблари унга насиҳат ва мурожаатлар йўллашдан тўхтамасликлари керак. Унинг зулмидан чўчиб, сукут сақлаш тўғри эмас.

Одамлар Имомали Раҳмонни агар бу нотўғри ишидан қайтиб, ўзининг хатоларини тузатмаса, масжидлар йўлини мусулмон ёшлар учун очиб қўймаса, Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда хабар берган ҳукмларига гирифтор бўлишидан огоҳлантиришлари керак.

{ وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ مَنَعَ مَسَاجِدَ اللَّهِ أَنْ يُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ وَسَعَى فِي خَرَابِهَا أُولَئِكَ مَا كَانَ لَهُمْ أَنْ يَدْخُلُوهَا إِلَّا خَائِفِينَ لَهُمْ فِي الدُّنْيَا خِزْيٌ وَلَهُمْ فِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ } (البقرة 114).

«Аллоҳнинг масжидларида Аллоҳнинг исми ёд этилишини тақиқлаган ва масжидларни харобага айлантиришга ҳаракат қилган кимсадан ҳам кўра золимроқ одам борми?! Ундайлар масжидларга фақат қўрқиб турган ҳолда киришлари мумкин эди, холос. Улар учун бу дунёда хорлик бор. Улар учун Охиратда улкан азоб бор». (Бақара/114).

Тожикистонликлар учун ҳижрат эмас, курашиш – фарз

Бундай нохушлик туфайли Тожикистон мусулмонлари учун ҳижрат фарз бўлади, деб айтилмайди. Балки бу ҳам Аллоҳ таолонинг синовларидан бири, дея қабул қилинади ва бу имтиҳондан муваффақият билан ўтишга азму қарор қилинади. Бундай синов-фитналар Аллоҳ таолога дуо ва ибодат билан доимий боғланиш, Унинг розилиги йўлида ихлос ва муҳаббат билан ҳаракат қилишга туртки беради. Бу каби вазиятларда сабрли, ақлли ва ўзаро муросасоз бўлиш, ўзининг ва фарзандларининг ҳуқуқлари учун қурол қўлламаган ҳолда кураш олиб бориш ҳар бир оқил ва болиғ мусулмон зиммасида фарздир.

Тожикистон мусулмонлари диний идораси раҳбар ва ходимлари, масжидларнинг имом ва хатиблари президентнинг Аллоҳ ва Унинг Расули буйруқларига тескари келадиган қонунини бажаришлари ҳеч мумкин эмас. Бундай қонунга итоат қилиш қатъий ҳаромдир.

Кимки Аллоҳнинг бандаларини Аллоҳнинг уйидан тўсар экан, у иймондан ажралиб, кофир бўлиш хавфи билан рўбарў келади. Шундай экан, жойлардаги имомлар, маҳалла оқсоқоллари, мусулмон ўқитувчилар, милиция ходимлари, ҳокимият вакиллари бу қонуннинг бажарилишига ҳисса қўшишдан тийилишлари лозим. Биз Тожикистон мусулмонларини Совет империяси давридан биламиз. Улар ўша пайтда ҳам баъзи халқларга қараганда Ислом динига кучлироқ муҳаббат боғлаган ва кўпроқ амал қиладиган миллат сифатида танилганлар. Бугунги қонун ҳам уларнинг қалбларини асло бўшаштира олмайди, иншоаллоҳ. Тожик ёшлари бир гуруҳ мансаб бандаларининг кўнгил майллари учун масжидлардан узилиб қолмайдилар.

Биз бугун Тожикистондаги обрўли шахсларнинг мазкур қонунни очиқ танқид қилаётганларини эшитаяпмиз,  алҳамдулиллоҳ. Мусулмонлар мана шундай инсонларни қўллаб-қувватлашлари ва улар билан бирга бўлишлари зарур.

Мусулмон инсон кимлигидан ва қандай вазифада ишлашидан қатъиназар ўз динини ҳимоя қилади. Масжидларни обод этади. Бу иймон тақозосидир.

{ إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللَّهِ مَنْ آمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلَّا اللَّهَ فَعَسَى أُولَئِكَ أَنْ يَكُونُوا مِنَ الْمُهْتَدِينَ } (التوبة\18).

«Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган, намозни бажо қилган, закотни адо этган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаган инсонларгина обод қилурлар. Бас, шояд ана ўшалар ҳидоятга эришганлардан бўлсалар». (Тавба/18).

Дунё тажрибаси учун бегона

Болаларни ибодат масканларидан тўсиш нафақат исломий давлатларда, балки бирор бир Ғарб давлати қонунида йўқ. Шунинг учун ҳам Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (эски номи Ислом Конференцияси Ташкилоти) ва Америка ҳукумати тожик президентининг бу қадамига ўзининг салбий муносбатини билдирди. 57 мусулмон давлатни ўз сафида бирлаштирган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (Тожикистон ҳам шуларнинг биттаси) яна ҳам кескинроқ мавқеда туриши керак.

Тожик президентининг дунёвий давлатчилик иддаоси билан қилаётган номақбул ҳаракати ўзи даъво қилган тушунчага фақат зарба беради, холос. Унинг иши омма халқ онгида мусулмонлар дунёвий давлатда эркин яшай олмайдилар, деган фикрни шакллантиришга хизмат қилади.

Мусулмонларнинг болаларини масжидга киришдан тақиқлаш ҳақидаги қонун Тожикистон Ислом уйғониш партияси ва инсон ҳуқуқи ташкилотлари фаоллари учун ҳам албатта жиддий масала ва синовдир. Бу гуруҳлардан давлатнинг мусулмонлар эркинлигини чеклайдиган қарор ва қонунларини бекор қилиш учун бор имкониятларини ишга солишлари кутилади.

Аллоҳ таолодан барча диндош биродарларимизга, қардош тожик халқига нусрат ва мадад сўраймиз.