Ҳомиладор аёл эркак акушер назоратидан ўтса бўладими?

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Савол:

Ҳомиладор аёл эркак акушер назоратидан ўтса бўладими? Жавобингиз учун раҳмат.

Умар.

Жавоб:

Маълумки, Шариат қоидасига кўра аёл киши аёл дўхтирларга кўринади. Агар аёл кишининг врачга кўриниши жуда зарур бўлиб қолган бўлса ва аёл врач топилмаса, эркак врачга мурожаат қилиш мумкин. Аммо шарт шуки, врач кўриги аввало маҳрам иштирокида бўлиши лозим.

قال النبي عليه الصلاة والسلام :

«لا يخلون رجل بامرأة إلا مع ذي محرم».

متفق عليه.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Ҳеч бир эркак бирор аёл билан маҳрамсиз ёлғиз қолмасин».

(Муттафақун алайҳи – имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Иккинчидан, эркак врач тананинг кўриш зарур бўлган қисмидан бошқа ерини кўриши мумкин эмас.

Эркак акушерга кўриниш масаласи ҳам шу каби. Яъни ҳомиладор аёл акушерга кўриниши зарур бўлиб қолган бўлиб, аёл врач топилмаса, эркакка кўриниши жоиз. Аммо зарурат қай даражада жиддий? Шуни эътиборга олиш лозим. Баъзи одам сал касал бўлиб қолса ҳам ваҳима қилиб юборади ва шошиб «дўхтир дўхтир» деб қолади. У агар аёл дўхтир топилмаса, ўйлаб ўтирмай эркак кишига ҳам бораверади.

Касалликнинг зўрайиб кетиши ёки ўлим хавфи туғилиши зарурат саналади. Бундай хулосани ишончли мутахассис чиқаради.

Акушерга кўриниш бола туғиш каби минутидан кечиктириб бўлмайдиган масала эмас. Агар бугун бўлмаса эртага ёки бир неча кундан кейин кўриниш ҳам мумкин. Шундай экан, аёл врачнинг вақтини топиб кўриниш имкони бўлса, шуни қилиш керак.

Шайх Обидхон қори, Швеция
1430 ҳ. 4 рабиус-соний (2009 м. 31 март)

Мавзуга алоқадор савол-жавоблар:

Аёлнинг кўзи ёриётган пайтда эр ҳозир бўлиши мумкинми?

Аёл кишининг ҳуқуқлари

Бемор аёлни даволатиш кимнинг вазифаси?

Ҳомилани олдиришнинг ҳукми нима?

Ҳижобга қарши фитналар

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

“Ислом Овози” таҳририяти

https://telegram.me/islomovozi