Насияга уй сотиб олган одам қандай закот беради?

Бўлимлар: 04. Закот

Савол: Мен қўп қаватли бинодан 50 фоизини бериб, бир уй олган эдим. Қолганини октябр ойида беришим керак. Ҳозир 5000 АҚШ долларини тайёрлаб қўйдим, лекин вақт борлиги учун пул уйда турибди. Мана шу қарз тўлаш учун йиғилган пулдан қанчасини закот қилиб бериб, пулимни ҳалоллаб олишим керак? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Хўжа.

Жавоб: Йиғилган пулдан закот бериш тартибини белгилаб берадиган ёки закотнинг нисобини баён қиладиган ҳадис мана будир:

عَنْ عَلِىٍّ رضى الله عنه عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: » فَإِذَا كَانَتْ لَكَ مِائَتَا دِرْهَمٍ وَحَالَ عَلَيْهَا الْحَوْلُ فَفِيهَا خَمْسَةُ دَرَاهِمَ وَلَيْسَ عَلَيْكَ شَىْءٌ – يَعْنِى فِى الذَّهَبِ – حَتَّى يَكُونَ لَكَ عِشْرُونَ دِينَارًا فَإِذَا كَانَ لَكَ عِشْرُونَ دِينَارًا وَحَالَ عَلَيْهَا الْحَوْلُ فَفِيهَا نِصْفُ دِينَارٍ فَمَا زَادَ فَبِحِسَابِ ذَلِكَ. وَلَيْسَ فِى مَالٍ زَكَاةٌ حَتَّى يَحُولَ عَلَيْهِ الْحَوْلُ «.(رواه أبو داود).

Али разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар сенинг икки юз дирҳаминг бўлса ва у бир йил турган бўлса, бас ундан 5 дирҳам закот берасан. Сенинг то йигирма диноринг бўлмагунча зиммангда ҳеч нарса фарз эмас. Қачонки йигирма динорга эга бўлар экансан ва у бир йил турар экан, ундан ярим динор берасан. Молинг яна кўпайса, мана шу тарзда ҳисоб қилаверасан. То бир йил ўтмагунча молдан закот берилмайди«. (Абу Довуд ривоятлари. Албоний: саҳиҳ). 

Закот нисоби

Юқоридаги ҳадисга кўра, закот нисоби 200 дирҳам кумуш ёки 20 динор олтиндир.  Яъни ё 200 дирҳам кумушга ёки 20 динор олтинга эга бўлган одам шу бойлиги сақланган ҳолда бир йил ўтиши билан закот бериши фарз бўлади.

Дирҳами шаръий кумуш танга бўлиб, 1 дирҳам жумҳур наздида 2,975 граммга тенг. Шунга биноан, 200 дирҳам кумуш 595 грамм бўлади. Динор эса олтин танга бўлиб, 20 динор 85 граммга тенг келади.

Ҳозирги пайтда мусулмонлар ўз қўлларида бўлган пулларини ва ҳожатдан ортган тижорат молларини юқоридаги икки меъёрдан биттасига (асосан олтинга) солиштирадилар.  Бунинг учун олтиннинг бугунги нархларини аниқлайдилар ва қўлларидаги молнинг нисобга етган-етмаганини текширадилар. Агар мол нисобга етган бўлса, ҳадисда айтилган 200дан беш ҳисобида, яъни 100дан 2 ярим тартибида (2,5%) закот ажратадилар.

Шундан келиб чиқилса, 5000 доллар пул албатта нисобдан ўтган бўлади. Бу маблағнинг 2 ярим фоизи 125 доллар бўлади (5000/40=125).

Қарздор одамнинг закоти

Сиз тўплаб қўйган 5000 доллар сизнинг бўйнингизда қарз бўлиб, сиз уни уй учун тўлашингиз зарур. Шундай экан, бу ўринда закот вожиб бўлиш шартлари ичида келган «молнинг қарздан холи бўлиши», деган масала кўндаланг бўлади. Жумҳур уламолар агар инсоннинг елкасида қарз бўлса, қўлидаги молдан ўша қарз миқдорини айириб ташлайди, қолгани агар нисобга етса, шундан закот беради, агар нисобга етмаса, унинг зиммасида закот вожиб бўлмайди, дейишган. Баъзи уламолар эҳтиёткорлик юзасидан закот бериши керак, деб айтишган.

Яна уламолар айтишадики, агар бир инсоннинг қўлида қарзини қоплашга етадиган, ҳожатдан ташқари, аммо закот вожиб бўлмайдиган моли бўлса, қарзни ўша мол билан тўлаши, қўлидаги пулдан закот бериши вожиб бўлади. (Islamweb/13204).