Душанба куни Рамазоннинг биринчи куни

Бўлимлар: Табриклар

Ислом Овози таҳририяти 1432 ҳижрий сананинг Рамазон ойи ташриф буюриши муносабати билан барча мусулмонларни муборакбод этади.

Исломий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга қараганда келаётган душанба куни муборак Рамазон ойи бошланадиган кундир. Бу 2011 йилнинг 1 августига тўғри келади.

Саудия Арабистони Олий маҳкамасининг шанбадан якшанбага ўтаётган ушбу кечада эълон қилган қарорида шанба куни янги ҳилол зоҳир бўлгани кузатилмаган. Аввалроқ Олий маҳкама мамлакатдаги барча мусулмонларни шанба куни кечки пайт янги ой ҳилолини оддий кўз ёки дурбинлар билан кузатишга тарғиб этган ва ойни кўрганларни энг яқиндаги маҳкамага келиб, ўз гувоҳликларини қайд эттиришга ундаган эди. Аммо бирор ерда янги ойни кўриш имконияти пайдо бўлмаган.

«Ислом Бугун» саҳифасининг ёзишича,  Қувайт, Араб Амирликлари, Қатар, Урдун, Яман, Сурия ва Миср давлатлари ҳам Рамазон ойи бошланишини душанба кунидан, деб эълон қилганлар.

Аллоҳ таолодан барча олам аҳлига ҳидоят ато қилишини, мўмин бандалари устига ўз раҳматларини ёғдиришини, мазлумларга нусрат нозил этишини сўраймиз. Рамазон ойида барчамиздан рози бўлишини илтижо қиламиз.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Унинг Расулига, у зотнинг оила аъзоларига, саҳобаларига ва уларга яхшилик билан эргашганларга салавоту саломлар ёғилсин.