Кийимни такаббурлик билан узайтириш гуноҳ (2)

Бўлимлар: 13. Либос, зийнат

Уламолар кийимни тўпиқдан тушириб кийиш ҳақидаги ҳадислар борасида икки хил ижтиҳодда бўлишган. Жумҳур олимлар «изор»нинг почасини такаббурлик билан узун қилиш мумкин эмас, аммо такаббурлик бўлмаса, бунинг зарари йўқ, дейишган. Яна бир гуруҳ уламолар эса кибрсиз бўлса ҳам ҳаддан зиёда узун кийиш ҳаром, деб айтишган.

«Исламвеб» саҳифасида эълон қилинган 21266 рақамли фатвода бундай дейилади:

«Аҳли илмларнинг аксари кийимни узайтиришдан қайтарилган ҳадис мутакаббирликка боғлиқдир, агар мутакаббирлик бўлмаса, узун кийиш ҳам ҳаром бўлмайди, дейишган».

Шундан кейин бу қавлни тасдиқлаган уламолардан Шофеий, Аҳмад, Нававий, Закариё Ансорий, Ибн Қудома, Ибн Таймия, Шавконий ва бошқаларнинг номлари зикр этилади ва мисол тариқасида уларнинг сўзларидан иқтибослар келтирилади.

«Сулаймон Ал-Божий дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимини кибр билан судрган кимса ҳақидаги сўзлари бу ҳукмнинг кибрга боғлиқ бўлишини тақозо қилади. Агар кимдир узун кийимдан бошқасини топа олмагани сабабли кийса ёки бирор узри бўлса, таҳдидга дохил бўлмайди».

Шавконий Найлул-Автор китобида дедилар: «Бу боб ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакрга айтган «Сен буни кибр билан қиладиган одам эмассан», деган сўзларидан билдингки, ҳаромлик сабаби мутакаббирлик экан. Чунки кийимни узайтириш гоҳо мутакаббирлик учун, гоҳо бошқа нарса учун бўлади…»

Шайхулислом Ибн Таймия Шарҳул-Умдаҳ китобида (4/363) дедилар: «Бу ҳужжатлар кийимни узайтириш мутакаббирлик билан бўлса, ҳаром эканини очиқ кўрсатади. «Мутлақ» ҳадислар «муқайяд»га бурилади. Расулуллоҳ мутлақ ҳолда айтганларининг сабаби шуки, аксарият ҳолларда бу иш мутакаббирлик билан қилинади».

(Бу ўринда «мутлақ», деганда кибрга боғламасдан айтилган ҳадислар назарда тутилади. «Муқайяд», деганда кибрга боғлаб айтилган ҳадислар, тушунилади).

Кейин у киши дедилар: «Ҳар қандай ҳолатда ҳам суннат кийимни қисқа қилишдир. Унинг чегараси эса соғнинг ярмидан тўпиққачадир. Тўпиқнинг устида бўлгани зарари йўқ. Ундан пастга тушгани дўзахдадир».

Баъзи уламолар кийимни кибрсиз узайтириш макруҳ, деган хулосага келишган.

«Ибни Қудома дедилар: «Кўйлак, изор ва шалварларни узайтириш макруҳдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам изорни тепага кўтаришга буюрдилар. Агар кийимни кибр билан узайтирса, ҳаромдир». («Исламвеб»/ 21266).

(Маълумки, бу ҳукмлар эркаклар учун хосдир. Аёллар эса кийимларини тўпиқни кўмиб турадиган қилишга буюрилганлар).

Ибни Ҳажар: «Кийимни кибрсиз бўлса ҳам узайтириш ҳаром»

Уламолар ичларидан кийимни тўпиқдан пастга тушириш ҳақидаги ҳадисларни кибрланмаган ҳолда бўлса ҳам узайтириб кийиш ҳаром, деб тушунганлари бор. Имом Ибн-ул-Арабий, имом Заҳабий ва имом Ибн Ҳажар Асқалонийлар шулардандир. Буларнинг айтганлари – гарчи бу фикр тарафдорлари кам бўлса-да, – эътиборга молик фикрлардир.

«Ҳофиз Ибн Ҳажар Фатҳда айтдилар: Бу ҳадисларда изорни мутакаббирлик билан узайтириш гуноҳи кабира эканига далолат бор. Аммо ҳадисларнинг зоҳири шуни кўрсатадики, кийимни кибрланмасдан узайтириш ҳам ҳаромдир».

 «Ибн-ул-Арабий раҳимаҳуллоҳ дедилар: Эркак киши учун кийимини икки тўпиғидан ўтказиб, «Мен буни мутакаббирлик билан қилмаяпман», дейиши жоиз эмасдир. Чунки тақиқни ифодалаган лафз бу инсонга ҳам тўғри тушди. Лафз кимга ҳукман тўғри тушган экан, у: «Мен бунга бўйсунмайман, чунки иллат менда эмас», дейиши жоиз бўлмайди. Бу қабул қилиб бўлмайдиган даъводир. Балки этагини узайтириши унинг такаббурлигига далилдир». («Исламвеб»/ 21266).

 «Умарнинг ўлдирилишлари қиссасида у кишининг олдиларига кирган бир йигитга айтган сўзлари бор. Ўшанда Умар: «Киймингни кўтар, чунки шунда кийиминг ҳам покиза бўлади, ўзинг ҳам Раббингга тақволироқ бўласан», деган эдилар. Ман қилишнинг яна бир жиҳати, узун кийишнинг мутакаббирликда гумонланишга асос беришидир». (Фатҳул-Борий – 16/336).

«Табароний Амр ибн Зурорадан ривоят қилади. Бу ҳадисда келадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт бармоқлари билан Амрнинг тиззаси остига уриб, дедилар: «Эй Амр, мана бу ер изорнинг ўрни». Кейин тўрт бармоқ билан тўрт бармоқнинг остига урдилар ва: «Эй Амр, мана бу ер изорнинг ўрни», дедилар. Бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир. Ҳадиснинг зоҳиридан маълум бўладики, номи келтирилган Амр узун кийиши билан кибрланишни мақсад қилмаган эди. Аммо Расулуллоҳ кибрда гумонланишга асос бўлиши туфайли уни бу ишдан ман қилдилар».  (Фатҳул-Борий – 16/336).

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, кийимни тўпиқдан баландроқ кийиш суннат эканида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Тўпиқ билан баробар кийишни ҳам жоиз, деб айтиш мумкин. Тўпиқдан пастга тушириш ҳақида келган турли қавллар билан ўзингиз танишдингиз. Шимнинг почасини ерга тегадиган қилиб юриш туфайли кирлик ва ифлослик тарқалишини ҳеч ким инкор қилмайди. Тўпиқдан баландроқ киймаса, ҳеч бўлмаганда тўпиқ билан баробар кийишга ҳаракат қилган яхши, валлоҳу аълам.

Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин.