Кийимни тўпиқдан узун кийишнинг ҳукми нима?

Бўлимлар: 13. Либос, зийнат

Савол: Домла, эркак киши шимини тўпиғидан узун кийиши жоизми?

Жавоб: Исломда кийим кийишдан мақсад иссиқ ва совуқдан ҳимояланиш, авратларини бекитиш ва ён-атрофдагиларга чиройли кўринишдан  иборатдир. Кийимнинг баданга ёпишиб турадиган тор бўлиши ёки яширилиши лозим бўлган аъзони яширмайдиган калта бўлиши ё эса меъёрдан узун бўлиб кетиши ҳам муносиб эмас. Шунингдек, инсоннинг кибрли ёки камтар эканлиги ҳам кийимда ўз ифодасини топади.

Кийим ва кибр

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кибрнинг ёмонлиги ҳақида гапирган пайтларида мусулмонлардан бирлари кийим ҳақида сўрайдилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ كَانَ فِى قَلْبِهِ مِثْقَالُ ذَرَّةٍ مِنْ كِبْرٍ». قَالَ رَجُلٌ: «إِنَّ الرَّجُلَ يُحِبُّ أَنْ يَكُونَ ثَوْبُهُ حَسَنًا وَنَعْلُهُ حَسَنَةً». قَالَ: «إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ الْكِبْرُ بَطَرُ الْحَقِّ وَغَمْطُ النَّاسِ». (رواه مسلم).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дилида зарра миқдорича кибр бўлган одам жаннатга кирмайди». Бир одам айтди: «Инсон ўзининг кийими чиройли бўлишини, шиппаги чиройли бўлишини хоҳлайди-ку?» Расулуллоҳ дедилар: «Шубҳасиз, Аллоҳ гўзалдир, гўзаллликни яхши кўради. Кибр ҳақни инкор этиш ва одамларни менсимасликдир». (Муслим ривоятлари).

Демак, чиройли кийиниш мутакаббирлик эмас. Аммо мусулмон одам чиройлилик, деган тушунчанинг таърифи ва Ислом белгилаган чегараси борлигини билади. Агар ҳамма ишда бўлганидек, гўзалликнинг ҳам маълум меъёри бўлмаганда ҳар бир инсон ўзининг нафсига ёққан нарсани «мана шу чиройли!» деб даъво қилган бўлар эди.

Ислом дини чиройли кийинишга даъват қилиш билан бир қаторда ўзининг кийимига ўзи маҳлиё бўлиш ва ўзига бино қўйишдан огоҳлантирган.

Жоҳилият даврида бой-бадавлат кимсалар ва қабила бошлиқлари ўзларининг кийимлари билан оддий одамлардан алоҳида ажралиб турганлар. Бу уларнинг кийимлари этагини ёки саллаларининг пешини ҳаддан зиёда узун қилиб юришларида кўринар эди. Ислом дини бундай одатни мутакаббирлик, дея қоралади ва инсонларни бундан қайтарди.

Изор (шалвар, шим) ҳақидаги ҳадислар

Жуда кўп ҳадисларда эркаклар учун изорнинг (шалвар, иштон, шим) узунлиги тўпиқдан пастга тушмаслиги лозим экани айтилган. Бу ҳадисларнинг баъзиларида шалварнинг узунлиги кибр-ҳавога боғлаб қораланган бўлса, баъзиларида ҳеч нарсага боғламасдан қайтарилган. Биз уламоларнинг бу мавзудаги хулосалари ва ижтиҳодларини баён қилишдан аввал мазкур ҳадислардан бир неча намуна келтирамиз. Токи одамларда тўғри ва тўлиқроқ тасаввур пайдо бўлсин.

Кибрланган ҳолда тўпиқдан ошириб кийим кийган одам ҳақидаги ҳадислар:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَا يَنْظُرُ اللَّهُ إِلَى مَنْ جَرَّ ثَوْبَهُ خُيَلَاءَ (رواه البخاري ومسلم).

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ кийимини мутакаббирлик билан судраган кимсага назар солмайди». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

عَنْ ابْن عُمَرَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَمَا رَجُلٌ يَجُرُّ إِزَارَهُ مِنْ الْخُيَلَاءِ خُسِفَ بِهِ فَهُوَ يَتَجَلْجَلُ فِي الْأَرْضِ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ» . (رواه البخاري).

Ибн Умардан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир одам изорини мутакаббирлик билан судраб кетаётган пайтда ерга ютилиб кетди. Бас у то Қиёмат кунига қадар ер қаърига гумбирлаб кириб бораверади». (Бухорий ривоятлари).

Кибрни зикр қилмаган ҳолда тўпиқдан ошган кийим ҳақидаги ҳадислар:

عَنْ أَبِى ذَرٍّ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «ثَلاَثَةٌ لاَ يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلاَ يَنْظُرُ إِلَيْهِمْ وَلاَ يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ». قَالَ فَقَرَأَهَا رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ثَلاَثَ مِرَارٍ. قَالَ أَبُو ذَرٍّ خَابُوا وَخَسِرُوا مَنْ هُمْ يَا رَسُولَ اللَّهِ؟ قَالَ: «الْمُسْبِلُ وَالْمَنَّانُ وَالْمُنَفِّقُ سِلْعَتَهُ بِالْحَلِفِ الْكَاذِبِ». (رواه مسلم).

Абу Зардан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уч тоифа одам борки, Қиёмат куни Аллоҳ улар билан гаплашмайди, уларга назар ҳам солмайди ва уларни оқламайди. Улар учун аччиқ азоб бор». Абу Зар айтадилар: «Расулуллоҳ буни уч марта ўқидилар». Абу Зар дедилар: «Зиёнга ботсин, бор-бутидан ажрасин, ким экан улар, эй Расулуллоҳ?» Расулуллоҳ дедилар: «Кийимини узайтирувчи, миннат қилувчи ва молини ёлғон қасам билан ўтказувчи кимсалар». (Муслим ривоятлари).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا أَسْفَلَ مِنْ الْكَعْبَيْنِ مِنْ الْإِزَارِ فَفِي النَّارِ». (رواه البخاري).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Изорнинг икки тўпиқдан ўтгани – дўзахда». (Бухорий ривоятлари).

Бу ҳадислардан чиқадиган хулосалар билан кейинги суҳбатда танишамиз, иншоаллоҳ.