Инсонлар бир-бирлари учун синовдирлар

Савол: Аллоҳ бандасини ёмон хулқли аёл билан ҳам синаши мумкинми? Агар шундай бўлса, ўша инсон қандай йўл тутиши керак? Олдиндан раҳмат.

Д.

Жавоб: Бу дунёда Аллоҳ инсонга нима берган бўлса, ҳаммаси синов учун берилган бўлади. Ёмон хулқли аёл ёки ёмон хулқли эр синовнинг энг қаттиқларидан биридир. Зеро, одатда эр ва аёл доимий равишда бирга бўлади. Шундан, яхшиликлари ҳам, ёмонликлари ҳам бир-бирларига етиб туради.

{ … وَجَعَلْنَا بَعْضَكُمْ لِبَعْضٍ فِتْنَةً أَتَصْبِرُونَ وَكَانَ رَبُّكَ بَصِيرًا } (سورة الفرقان\20).

«… Биз сизларни бирбирингиз учун синов қилдик. Сабр қиласизларми? Раббингиз ҳамма нарсани кўрувчидир». (Фурқон/20).

Бу оятнинг тафсирида Асъад Ҳавмад бундай ёзадилар:

وَالمُفْسِدُونَ يُحَاوِلُونَ سَدَّ الطَّرِيقِ إِلى الهِدَايةِ وَالحَقِّ ، بَشَتَّى الأًسَالِيب ، فَهَلْ تَصْبِرُونَ يَا أَيُّها المُؤْمِنُونَ عَلَى هذا الابتِلاءِ ، وَتَتَمسَّكُونَ بِدِينِكُمْ حَتَّى يَأْتِيَ اللهُ بِنَصِرِهِ؟ فَإنّ الله تَعَالَى بَصِيرٌ مُطَّلِعٌ عَلى أًَحْوَالِ العِبَادِ ، وَسَيُجَازِي كُلَّ وَاحِدٍ عَلَى عَمَلِهِ .(أيسر التفاسير لأسعد حومد – (1 / 2757).

Бузғунчилар ҳидоят ва ҳақнинг йўлини турли усуллар билан тўсишга ҳаракат қиладилар. Бас, эй мўминлар, бу синовга сабр қиласизларми? То Аллоҳнинг нусрати келгунча динингизни маҳкам тутасизларми? Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўриб турувчи, бандаларнинг ҳолатларидан хабардор Зотдир. У яқинда ҳар бир инсонга қилган амалига яраша жазо ёки мукофот беради.

(Асъад Ҳавмад, Айсарут-тафосир – 1/2757).

Юқоридаги оятда мушриклар ва мўминларнинг бир-бирлари учун фитна ва синов қилингани айтилган бўлса ҳам, бу қоида барча табақа инсонлар учун тегишли бўлади.

والغنى فتنة للفقير والفقير فتنة للغني، وهكذا سائر أصناف الخلق في هذه الدار دار الفتن والابتلاء والاختبار. (تفسير السعدي – (1 / 580).

Бой камбағал учун, камбағал бой учун, фитнадир. Халқнинг бошқа синфлари ҳам фитна, синов ва имтиҳон уйи бўлган бу дунёда синовдадир. (Саъдий тафсири1/580).

Эрдан ҳам, аёлдан ҳам, оиланинг бошқа аъзоларидан ҳам бир-бирларига сабрли ва кечиримли бўлишлари талаб қилинади.  Камчиликларни насиҳат ва амри маъруф билан тузатилади.

Хулқи чиройли бўлмаган инсонлар кўп ҳолларда илм ва Исломдан узоқда тарбия топган бўладилар. Шунинг учун уларни илм олишга, ўзларининг иймон ва исломларини мустаҳкамлашга давъат қилинади.