Соч ёки соқолни қорадан бошқа рангга бўяш мумкин

Бўлимлар: 13. Либос, зийнат

Савол: Менинг ёшим 37да, лекин сочим жуда ҳам оқариб кетяпти. Исломда сочни бўяшга қандай қаралади? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Мирзоҳид.

Жавоб: Соч ёш ўтган сайин оқариши табиий ҳолат. Аммо сочнинг эрта ва кўп оқариши наслга боғлиқ бўлиши мумкин. Инсон танаси учун зарур витаминларнинг камайиши ҳам сочнинг оқаришига сабаб бўлади. Сиз мутахассис врачларга учраб, бу ҳақда маслаҳат олишингиз мумкин.

Исломда сочни қорадан бошқа рангга бўяш жоиз.

 عَنْ أَبِى ذَرٍّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : » إِنَّ أَحْسَنَ مَا غُيِّرَ بِهِ هَذَا الشَّيْبُ الْحِنَّاءُ وَالْكَتَمُ «. (رواه أبو داود والترمذي، قال الشيخ الألباني : صحيح).

 Абу Зардан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Cоч ва соқолни бўяйдиган нарсанинг энг яхшиси хина ва катамдир». (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Шайх Албоний: саҳиҳ).

Хина – сариқ, зарғалдоқ ёки қизил ранг берадиган машҳур ўсимлик. Катам ҳам ўсимлик тури бўлиб, уни қорага мойил қизил рангга бўяш учун ишлатилади.

«Соч-соқолни тим қорага бўяш ҳаромдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Уни қорага бўяшдан сақланинглар», деб айтганлар ва бу ҳақда таҳдид келган. Бу ҳукм эркаклар ва аёллар учун баробардир. Аммо агар қорага бошқа ранг аралаштириб ўзгартирилса ва у қоралик ҳукмидан чиқса, зарари йўқ». (Ислом савол ва жавоб/476).