Ражо – иймон, илм, ибодат, жасорат, ҳаракат (4)

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Мусулмон инсон Аллоҳнинг макри, қаттиқ синов ва фитналаридан хавфда бўлиш билан бир қаторда Унинг раҳмати ва мағфиратига умид боғлаган ҳолда, яъни ражода бўлиб яшашга буюрилган. Зеро, Ислом динимизнинг ҳам, ҳаётнинг ҳам моҳияти мана шунда акс этади. Бунга даолат қиладиган оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп.
Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссалом ва у кишининг ўғиллари ҳақидаги қиссада бундай деган:

{ يَا بَنِيَّ اذْهَبُوا فَتَحَسَّسُوا مِنْ يُوسُفَ وَأَخِيهِ وَلَا تَيْأَسُوا مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِنَّهُ لَا يَيْأَسُ مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ } (يوسف \87).

“Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг укасини қидиринглар. Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз бўлманглар. Шубҳасиз, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қамларгина умидсиз бўлурлар”.(Юсуф/87).

Ушбу оятдан мусулмон инсоннинг келажакка нисбатан неқадар умидли бўлиши лозимлиги англашилади. Бундай умид ва ишонч фақат мусулмонда бўлади. Чунки Аллоҳга ва Унинг ҳақ ваъдаларига фақат у ишонади.

Инсон ўз қалбида чинакам иймон ва ишонч пайдо қила олса, ҳаёт йўлини илм нури билан ёритса, бу хислат унга улкан ғайрат ва шижоат бахш этади.

Шайх Саъдий юқоридаги оятнинг тафсирида ёзадилар:

فإن الرجاء يوجب للعبد السعي والاجتهاد فيما رجاه، والإياس: يوجب له التثاقل والتباطؤ، وأولى ما رجا العباد، فضل الله وإحسانه ورحمته وروحه، { إِنَّهُ لا يَيْئَسُ مِنْ رَوْحِ اللَّهِ إِلا الْقَوْمُ الْكَافِرُونَ } فإنهم لكفرهم يستبعدون رحمته، ورحمته بعيدة منهم، فلا تتشبهوا بالكافرين.ودل هذا على أنه بحسب إيمان العبد يكون رجاؤه لرحمة الله وروحه.(تفسير السعدي – 1 / 404).

Ражо бандага умид қилган нарсаси йўлида саъй-ҳаракат кўрсатишни вожиб қилади. Умидсизлик эса бандага ялқовлик ва қолоқликни вожиб қилади. Бандалар ражо боғлашлари муносиб бўлган ишларнинг энг зарури Аллоҳнинг фазли, эҳсони ва раҳматидир. “Шубҳасиз, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан фақат кофир қавмлар умидсиз бўлурлар”. Чунки улар кофирликлари туфайли Унинг раҳматини ҳақиқатдан узоқ, деб биладилар. Унинг раҳмати кофирлардан узоқдир. Бас, сизлар кофирларга ўхшаб кетманглар. Бу оят шунга далолат қиладики, банданинг Аллоҳнинг раҳмат ва марҳаматига бўлган умиди унинг иймони даражасига яраша бўлади. (Саъдий тафсири – 1/404).

Хулоса

Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиш мавзусига хулоса ясаб, қуйидагиларни айтишимиз мумкин.

Ислом билимларидан хабардор мусулмонлар бу олам ҳаёти синов ва имтиҳондан иборат эканини, ўзларининг ҳам синовларга тутилишлари муқаррарлигини, синовлар тури эса хар хил бўлишини биладилар. Шунинг учун улар ўз нафсларини яхши ва ёмон ҳодисалар орасида чиниқтириб, тарбиялаб борадилар. Иймонларини мустаҳкамлайдилар, илму маърифатлари ва тажрибаларини оширадилар. Шунда улар маънан уйғоқ, ҳушёр ва жасур инсонларга айланадилар. Бундай одамлар зарарлар, бало ва офатлардан ваҳимага тушмаган ҳолда ҳимояланиш чораларини кўрадилар. Ўзлари йўл қўйган хато ва гуноҳлари туфайли келадиган мусибатларга сабр қиладилар. Мусибат ва балолар оқибатидан тақво ва солиҳ амаллар воситаси ила халос бўлишга интиладилар.

Мусулмон одамлар синовлар билан бир қаторда Аллоҳнинг неъмат ва марҳаматларидан ҳар хил кўринишларда доимий равишда баҳраманд бўлиб келаётганларини англайдилар. Оламлар эгасининг ёрдам ва мададига ҳали яна жуда кўп муяссар бўлишларини умид этадилар.

Демак, қайси бир мусулмон ўзига-ўзи иймон ва илм, хавф ва ражо, ҳушёрлик ва жасорат, ибодат ва ҳаракатни лозим тутар экан, у икки оламда ҳам нажотга ва муваффақиятларга эришади.

Кимки иймони сустлик, жоҳиллик, беғамлик, умидсизлик, ялқовлик ва қўрқоқлик балосига гирифтор бўлар экан, у ҳалокатга юз тутади.

Аллоҳ таолога Унинг гўзал ва комил исму сифатлари билан дуо қиламиз. Ундан ҳаммамизни тўғри йўлга бошлашини сўраймиз.