Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиш ҳақидаги ҳадис (2)

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Аллоҳ ҳақида тўғри ва яхши эътиқодда бўлишни тарғиб этувчи ҳадислар кўплаб муҳаддислар томонидан ривоят қилинган. Улардан бири қуйидаги ҳадисдир: 

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ قَالَ اللَّهُ أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي. (رواه البخاري ومسلم وغيرهم).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ айтди: “Мен бандамнинг Мен ҳақимда қилган гумонидаги кабидирман”. (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).

Бу ҳадиснинг шарҳида имом Нававий раҳимаҳуллоҳ бундай ёзганлар:

قَالَ الْعُلَمَاء : هَذَا تَحْذِير مِنْ الْقُنُوط ، وَحَثّ عَلَى الرَّجَاء عِنْد الْخَاتِمَة …  قَالَ الْعُلَمَاء : مَعْنَى ( حُسْن الظَّنّ بِاَللَّهِ تَعَالَى ) أَنْ يَظُنّ أَنَّهُ يَرْحَمهُ وَيَعْفُو عَنْهُ ، قَالُوا : وَفِي حَالَة الصِّحَّة يَكُون خَائِفًا رَاجِيًا ، وَيَكُونَانِ سَوَاء ، وَقِيلَ : يَكُون الْخَوْف أَرْجَح ، فَإِذَا دَنَتْ أَمَارَات الْمَوْت غَلَبَ الرَّجَاء أَوْ مَحْضه ؛ لِأَنَّ مَقْصُود الْخَوْف : الِانْكِفَاف عَنْ الْمَعَاصِي وَالْقَبَائِح ، وَالْحِرْص عَلَى الْإِكْثَار مِنْ الطَّاعَات وَالْأَعْمَال ، وَقَدْ تَعَذَّرَ ذَلِكَ أَوْ مُعْظَمه فِي هَذَا الْحَال ، فَاسْتُحِبَّ إِحْسَان الظَّنّ الْمُتَضَمِّن لِلِافْتِقَارِ إِلَى اللَّه تَعَالَى ، وَالْإِذْعَان لَهُ ، وَيُؤَيِّدهُ الْحَدِيث الْمَذْكُور بَعْده ( يُبْعَث كُلّ عَبْد عَلَى مَا مَاتَ عَلَيْهِ )  (شرح النووي على مسلم – 9 / 256).

Уламолар айтишган: “Бу ҳадис умидсизликдан огоҳлантиришдир ва умр тугаган пайтда ражода бўлишга тарғибдир… Уламолар: “Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиш, дегани У Зот бу бандага раҳм қилади ва кечиради, деб ўйлашдир”, дейишган. Уларга кўра, банда соғлиқ пайтида ҳам қўрқиб, ҳам умид қилиб туриши ва унда ҳар икки хислат баробар мавжуд бўлиши керак. Баъзилар xавф кучлироқ бўлиши керак, қачон ўлим аломатлари пайдо бўлса, умидни кучлироқ қилиш ёки фақат умид билан қолиш лозим, дейишган. Чунки хавфдан кўзланган мақсад гуноҳлар ва қабиҳ ишлардан тийилиш, тоат ва амалларни кўпроқ қилиш эди. Ўлим келганда бу ишлар умуман ёки кўпи мумкин бўлмай қолади. Шунинг учун ўлим олдида Аллоҳга муҳтожлик ва таслим бўлишни ифодаловчи яхши гумонда бўлиш мустаҳабдир. Буни кейинги ҳадис ҳам тасдиқлайди: “Ҳар бир банда қайси ҳолатда ўлган бўлса, ўша ҳолатда тирилади”.  (Шарҳун-Нававий ало Муслим 9/256).

Ибн Ҳажар Фатҳул-Борийда ҳадисни бундай шарҳлаганлар:

“Мен бандани Менинг ҳақимдаги гумонига қараб мукофотлайман. Бас, агар у Менинг раҳматимни умид қилса, Менинг уни афв қилишим ва кечиришимни гумон қилса, унга шу берилади. Чунки бу неъматдан умид қилувчи инсон фақат мўмин инсондирки, у ўзига муносиб мукофот ато қилувчи Раббиси борлигини билади. Агар банда Менинг раҳматимдан умид узса ва Мени уни жазолайди, азоблайди, деб ўйласа, унга шу иш бўлади. Чунки фақат кофир умидсиз бўлади”…

Ибн Абиддунё Иброҳимдан ривоят қилади. У киши деди: “Яхшилар бандага ўлим келганда унинг чиройли амалларини эслатиб туришни мустаҳаб санашган. Токи банда ўз Раббисига бўлган гумонини чиройли қилиб олсин…” . (Исламвеб/8736).

(Давоми бор)