Исломда меҳнат ва касб билан шуғулланиш қоидалари (2 қисм)

  • Шарафли соҳаларнинг энг улуғи – илм;
  • Илмдан сўнг касбларнинг афзали қайси?
  • Паст даражали касблар;
  • Ифлос касблар нималар?
  • Гувоҳлиги рад этиладиган касб эгалари.  

 * * *

Шарафли соҳаларнинг энг улуғи – илм

Ислом дини ҳамиша илм-маърифатга даъват қилар экан, илм тарқатиш ва маърифат йўлларини очишга боғлиқ амалларнинг энг шарафли касблар эканида қадимда ҳам бирор ихтилоф бўлмаган. Ҳозирги кунда ҳам инсоний жамиятларнинг юксаклик ва илғорлик даражаси халқларнинг саводхонлик кўрсаткичи, олимларнинг оз-кўплиги ва ихтирочилик фаолиятларига боғлиқ.

 تَفَاوُتُ الْحِرَفِ الشَّرِيفَةِ فِيمَا بَيْنَهَا :

فَاضَل الْفُقَهَاءُ بَيْنَ الْحِرَفِ الشَّرِيفَةِ لاِعْتِبَارَاتٍ ذَكَرُوهَا ، فَاتَّفَقُوا عَلَى أَنَّ أَشْرَفَ الْحِرَفِ الْعِلْمُ (المغني لابن قدامة 7 / 377) وَمَا آل إِلَيْهِ ، كَالْقَضَاءِ وَالْحُكْمِ وَنَحْوِ ذَلِكَ ، وَلِذَلِكَ نَصَّ الْحَنَفِيَّةُ عَلَى أَنَّ الْمُدَرِّسَ كُفْءٌ لِبِنْتِ الأَْمِيرِ (حاشية ابن عابدين 2 / 322) (الموسوعة الفقهية الكويتية – 2 / 71).


Фуқаҳолар шарафланадиган касблар орасини ўзлари асосланган жиҳатларга кўра таққослаганлар. Улар энг шарафли касб илмий соҳа ва илмга боғлиқ бўлган қозилик ва раҳбарлик соҳалари эканига иттифоқ қилишган. Шунинг учун ҳанафийлар мударрис йигит амирнинг қизига уйланишга лойиқ, деб ёзганлар. (Ҳошияту Ибн Обидин – 2/322, Ал-Мавсуа – 2/71). 

Ислом фиқҳи оила қуриш пайтида қиз билан йигитнинг қандай касб эгаси экани ёки қандай оилада тарбия топгани масаласига ҳам аҳамият қаратган. Бу эътибор жуфтларнинг бир-бирига кўпроқ мос келишлари ва оилавий ҳаётнинг тотувлигини таъминлаш учундир. Юқоридаги иқтибосдан маълум бўладики, илм соҳиби бўлган йигит ҳар қандай юқори мартабали оилага куёв бўлишга лойиқ экан.  

Мударрис бугунги тилда ўқитувчи, муаллим ёки педагог, деб айтилади. Ўқитувчилик касбининг мақоми ва қадри давлат сиёсатига қараб, турли жамиятларда турличадир. Агар сиёсат одил ва тўғри бўлса, муаллимлик – улуғ касб. Агар давлат террор ва фитна йўлини танлаган бўлса, ўқитувчилик – энг ёмон касблардан бири.

Атеистик мафкура ҳукмрон бўлган советлар даврида ўқитувчилар халқ оммасидан узоқ, коммунистларга яқин бўлганлар. Уларнинг “энг яхшиси” коммунист бўлган. Чунки ёшларни худосизлик руҳида тарбиялаш, кофир режимга содиқ манқуртлар қилиб етиштириш айнан ўқитувчилар зиммасига юклатилган эди. Ўша даврларда ўқитувчи Ислом ва мусулмонларга қарши курашувчи доимий аскар эди. Халқ ҳам ўз динига қарши бўлган тоифалар билан эҳтиёт бўлиб салом-алик қилар эди. Одамлар ўқитувчи билан милиционерга қўшни бўлишдан чўчиганлар. Бу икки тоифанинг бирини оддий одамларнинг намоз ўқишию нима тирикчилик қилиши ҳақида "юқорига" хабар етказиб туради, деб ўйлашса, иккинчисини уларни чақириб қўрқитадиган ёки жазолайдиган шахслар, деб таниганлар.

Айрим ўта ақлсиз ўқитувчилар Рамазон пайтида мактабда болаларнинг оғзига мажбурлаб нон тиқиб, сув ичириш билан ҳам шуғулланган.

Совет империяси қулагач, ўқитувчилик касбига бўлган муносабат ҳам бир оз ўзгарди. Аммо Ўзбекистон ҳукуматининг мусулмон халққа қарши бошлаган қонли сиёсати муаллимнинг обрўсига яна путур етказди. Ҳалигача бизга директор ва ўқитувчиларнинг 159 модда билан қамалганлар фарзандларини “халқ душманининг боласи”, деб изза қилишлари, рўмолли қизларни таҳқирлашлари ҳақида хабарлар келиб туради.

Ўзбекистонда ўқитувчилар яхши сифатлар билан тилга олинмайди. Ҳозирча бу касб ҳавас қилинмайди.

Аммо динга эркинлик берилган жамиятларда бунинг акси. Бу ерларда ўқитувчилик қадрли ва шарафли касб.

Мусулмонлар ҳар қандай ҳолатда ҳам ноумид бўлмасликлари керак. Иймонли ўзбекистонлик ёшлар, мактабни битираётган мусулмон йигит-қизлар ўқитувчилик касбини эгаллаб боришлари керак. Чунки иншоаллоҳ, эркинлик замонлари келади. Ўшанда бу касбнинг қадри жуда ҳам баланд бўлиши шубҳасиздир. Чунки мусулмонлар ўз фарзандларига давлат мактабларида иймони бутун, ахлоқи гўзал, ҳалол инсонлар дарс беришини исташади. Ўқитувчилар иймонли, покиза ва ростгўй бўлгандагина жамият соғломлашади ва тараққий топади.

Илмдан сўнг касбларнинг афзали қайси?

Бу масалада ҳанафий уламолар сўзларининг хулосаси шуки, ҳам ризқ келишига, ҳам Исломнинг кучайишига xизмат қиладиган амал касб турларининг афзалидир. (Фатовойи ҳиндия 5/349).

Қадимги уламолар илмдан кейинги даражада зироат, ундан сўнг тижорат, кейин саноат келишини айтишади. Айримлар зироатдан аввал тижоратни тилга олишади. Аммо Фиқҳий қомус муаллифлари бу сўзларнинг ҳаммаси ўша давр шароитларидан келиб чиққан ҳолда айтилганини, ўзгармас ҳукмлар эмаслигини баён қилишган. Бу мавзудаги ижтиҳодлар ва фикрларнинг умумий маъноси шундан иборатки, ҳар бир замонда қайси иш одамларга кўпроқ фойда келтирадиган бўлса, ўша энг яхши касб саналади. Бу сўз мана бу ҳадисга асосланади:

عن عبد الله بن عمر رضي الله عنهما أن رجلا جاء إلى رسول الله صلى الله عليه وسلم فقال يا رسول الله أي الناس أحب إلى الله فقال أحب الناس إلى الله أنفعهم للناس… (الألباني: حسن لغيره، صحيح الترغيب والترهيب – 2 / 359).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят. Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб сўради: “Ё Расулуллоҳ, одамларнинг қайси бири Аллоҳга суюклироқ?” Расулуллоҳ дедилар: “Одамлар ичида Аллоҳга энг суюкли инсон одамлар учун кўпроқ фойда етказадиган инсондир…” (Албоний: ҳасан лиғайриҳ, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб 2/359).

Бугун халққа ҳақиқатни етказишда, уларга ўз ҳуқуқларини тушунтириб, эркинлик учун курашга руҳлантиришда ёзувчилар, журналистлар, матбуот ходимларининг хизматлари алоҳида тилга олинишга лойиқ.

Паст даражали касблар

Паст даражали касблар, деганда икки турдаги ишлар тушунилади:

  1. Ҳаромлиги қатъий бўлган ишлар;
  2. Ҳаромлиги аниқ эмас, аммо ёқимсиз касблар.

الْحِرَفُ الدَّنِيئَةُ :

لَقَدْ حَرَصَ الْفُقَهَاءُ عَلَى تَحْدِيدِ الْحِرَفِ الدَّنِيئَةِ لِيَبْقَى مَا وَرَاءَهَا مِنَ الْحِرَفِ شَرِيفًا . فَقَالُوا : الْحِرَفُ الدَّنِيئَةُ هِيَ كُل حِرْفَةٍ دَلَّتْ مُلاَبَسَتُهَا عَلَى انْحِطَاطِ الْمُرُوءَةِ وَسُقُوطِ النَّفْسِ. وَقَدِ اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى اعْتِبَارِهِمُ الْحِرَفَ الْمُحَرَّمَةَ ، كَاحْتِرَافِ الزِّنَا وَبَيْعِ الْخَمْرِ وَنَحْوِ ذَلِكَ ، حِرَفًا دَنِيئَةً كَمَا سَيَأْتِي ، وَقَدْ سَلَكَ الْفُقَهَاءُ فِي تَحْدِيدِ الْحِرَفِ الدَّنِيئَةِ – فِيمَا عَدَا الْمُحَرَّمَةِ مِنْهَا – مَسْلَكَيْنِ :

الأَْوَّل : تَحْدِيدُهَا بِالضَّابِطِ ، وَمِنْهُ مَا نَصَّ عَلَيْهِ الشَّافِعِيَّةُ مِنْ أَنَّ كُل حِرْفَةٍ فِيهَا مُبَاشَرَةُ نَجَاسَةٍ هِيَ حِرْفَةٌ دَنِيئَةٌ الثَّانِيَ : تَحْدِيدَهَا بِالْعُرْفِ ، وَهُوَ مَسْلَكُ جُمْهُورِ الْفُقَهَاءِ ، وَمِنْهُمُ الشَّافِعِيَّةُ أَيْضًا ، وَاجْتَهَدُوا اسْتِنَادًا إِلَى الأَْعْرَافِ السَّائِدَةِ فِي عُصُورِهِمْ فِي تَحْدِيدِ الْحِرَفِ الدَّنِيئَةِ. (الموسوعة الفقهية الكويتية – 2 / 72).

Фуқаҳолар паст даражали ҳунарларни аниқлашга қаттиқ эътибор беришган. Токи, шундан қолган касблар шарафли касблар бўлсин. Улар айтишган: паст даражали ҳунарлар деганда одамийликни кетказадиган, инсон шаънини пасайтирадиган ҳар қандай иш тушунилади. Фуқаҳолар зинокорлик, ароқ сотиш каби ҳаром касбларни албатта паст даражали ҳунарлар эканига иттифоқ қилишган. Улар ҳаром касблардан ташқари паст даражали ҳунарларни белгилашда икки хил усулни қўллашган.

Биринчи усул  Аниқ сифатлар билан белгилаш. Бунга мисол шофеийлар нажосатга қўл уриладиган ҳар қандай ҳунар паст ишдир, дейишган.

Иккинчи усул Паст ҳунарларни урфга кўра белгилаш. Бу жумҳур уламоларнинг, жумладан, шофеийларнинг ҳам йўлларидир. Улар паст ҳунарларни белгилашда ўзлари яшаган асрда амалда бўлган урфга суянган ҳолда ижтиҳод қилганлар. (АлМавсуа  2/72). 

Иккинчи усулга кўра паст даражали ҳунарлар замон ва маконга қараб ёки одамларнинг урф-одатларига кўра белгиланади. Ё эса юқорида айтганимиздек давлат сиёсатининг ўзгариши билан айрим касбларга муносабат ҳам ўзгаради. Шундай экан, бир даврда ёки бир мамлакатда паст саналган иш бошқа бир замонда ёки бошқа бир жамиятда яхши иш, деб қаралиши мумкин.

 

Ифлос касблар нималар?

Китобларда Ислом ҳаром қилган амалларни ифлос касблар, дея қораланган. Одамлар ундай ишлардан узоқ бўлсинлар учун тегишли ҳукмлар баён қилинган.

وَالْكَسْبُ الْخَبِيثُ هُوَ أَخْذُ مَال الْغَيْرِ لاَ عَلَى وَجْهِ إِذْنِ الشَّرْعِ ، فَيَدْخُل فِيهِ الْقِمَارُ وَالْخِدَاعُ وَالْغُصُوبُ وَجَحْدُ الْحُقُوقِ وَمَا لاَ تَطِيبُ نَفْسُ مَالِكِهِ ، أَوْ حَرَّمَتْهُ الشَّرِيعَةُ وَإِنْ طَابَتْ بِهِ نَفْسُ مَالِكِهِ كَمَهْرِ الْبَغِيِّ وَحُلْوَانِ الْكَاهِنِ وَأَثْمَانِ الْخُمُورِ وَالْخَنَازِيرِ وَغَيْرِ ذَلِكَ.( تفسير القرطبي –  2 / 317، الموسوعة الفقهية الكويتية – (34 / 245).

Ифлос касб бировнинг молини ғайри шаръий йўл билан олишдир. Бунга қимор, алдамчилик, босқинчилик, ҳақларни инкор қилиш, эгаси рози бўлмаган молни ёки эгаси рози бўлса ҳам Шариат ҳаром қилган молни ўзлаштириш киради. Фоҳишалик пули, коҳинлик пули, ароқ, тўнғиз кабиларнинг пуллари шунга мисол. (Қуртубий тафсири/2317, Алмавсуа – 34/245).

Исломда ифлос касбларнинг гуноҳлиги ва зарарлари баён қилинади, ҳамда бундай ишлар билан шуғулланиш давлат томонидан тақиқланади.

وَيَمْنَعُ وَالِي الْحِسْبَةِ النَّاسَ مِنَ الْكَسْبِ الْخَبِيثِ ، قَال الْمَاوَرْدِيُّ : وَيَمْنَعُ مِنَ التَّكَسُّبِ بِالْكَهَانَةِ وَاللَّهْوِ ، وَيُؤَدِّبُ عَلَيْهِ الآْخِذَ وَالْمُعْطِيَ (الأحكام السلطانية للماوردي – 258) .

Тартиб нозири одамларни коҳинлик ва бемаъни ишлар билан шуғулланишдан ман қилади. Бундай ишда олдиберди қилганларга таъзир беради. (АлАҳком ассултонийя, АлМовардий/258).

Гувоҳлиги рад этиладиган касб эгалари

Ҳаром ва ифлос ишларни тирикчилик манбаига айлантирган одам Аллоҳдан қўрқмаганидан шу ишни қилади. Аллоҳдан қўрқмаган кимсанинг одамлар манфаатига зид иш тутмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда у Шариатда гувоҳлиги қабул қилинмайдиган, адолат ва инсонийлик сифатини йўқотган кимсалар қаторига тушиб кетади.

 اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى رَدِّ شَهَادَةِ صَاحِبِ الْحِرْفَةِ الْمُحَرَّمَةِ كَالْمُنَجِّمِ وَالْعَرَّافِ ، وَكَذَلِكَ صَاحِبُ الْحِرْفَةِ الَّتِي يَكْثُرُ فِيهَا الرِّبَا كَالصَّائِغِ وَالصَّيْرَفِيِّ إِذَا لَمْ يَتَوَقَّيَا ذَلِكَ

.وَاخْتَلَفُوا فِي قَبُول شَهَادَةِ أَصْحَابِ الْحِرَفِ الدَّنِيئَةِ ، كَالْحَائِكِ ، وَالْحَجَّامِ ، وَالزَّبَّال . فَالأَْصَحُّ عِنْدَ الْحَنَفِيَّةِ وَالشَّافِعِيَّةِ وَهُوَ مَذْهَبُ الْمَالِكِيَّةِ وَفِي وَجْهٌ عِنْدَ الْحَنَابِلَةِ أَنَّهُ تُقْبَل شَهَادَتُهُمْ ، لأَِنَّهُ قَدْ تَوَلَّى هَذِهِ الْحِرَفَ قَوْمٌ صَالِحُونَ فَمَا لَمْ يُعْلَمِ الْقَادِحُ لاَ يُبْنَى عَلَى ظَاهِرِ الصِّنَاعَةِ ، فَالْعِبْرَةُ لِلْعَدَالَةِ لاَ لِلْحِرْفَةِ ، فَكَمْ مِنْ دَنِيءِ الصِّنَاعَةِ أَتْقَى مِنْ ذِي مَنْصِبٍ وَوَجَاهَةٍ ، وَقَدْ قَال اللَّهُ تَعَالَى : { إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ…

لَكِنْ يَقُول الْمَالِكِيَّةُ وَالشَّافِعِيَّةُ : إِذَا كَانَ مَنْ يَقُومُ بِهَذِهِ الْحِرَفِ مِمَّنْ لاَ تَلِيقُ بِهِ ، وَرَضِيَهَا اخْتِيَارًا بِأَنْ كَانَ مِنْ غَيْرِ أَهْلِهَا وَلَمْ يَتَوَقَّفْ قُوتُهُ وَقُوتُ عِيَالِهِ عَلَيْهَا لَمْ تُقْبَل شَهَادَتُهُ ، لأَِنَّ ذَلِكَ يَدُل عَلَى قِلَّةِ الْمُبَالاَةِ وَعَلَى خَبَلٍ فِي عَقْلِهِ ، وَتُقْبَل إِنْ كَانَ مِنْ أَهْلِهَا أَوِ اضْطُرَّ إِلَيْهَا . (الموسوعة الفقهية الكويتية – 17 / 182).

Фуқаҳолар мунажжим, фолбин каби ҳаром касб эгасининг гувоҳлиги рад этилишида иттифоқдирлар. Шунингдек, рибога кўп йўлиқадиган заргарлик ва саррофлик касби эгалари учун ҳам – агар улар рибодан ҳазар қилишмаса – шу ҳукм қўлланади.

Фуқаҳолар паст даражали касблар масалан, … қон олувчи, ахлат тозаловчи каби касб эгаларининг гувоҳлиги ҳақида ихтилоф қилишган. Тўғриси – ҳанафийлар, шофеийлар, моликийлар ва бир қавлда ҳанбалийлар ундай касб эгаларининг гувоҳликлари қабул қилинади, дейишган. Чунки бундай касбларни солиҳ инсонлар ҳам қилишган. Ҳужжат бўлмаса, касбнинг зоҳирига қараб ҳукм чиқарилмайди. Муҳими шахснинг адл эканидир, унинг ҳунари эмас. Қанча паст даражали касб эгалари мансабдор ва эътиборли шахслардлан кўра тақволироқдир. Аллоҳ таоло айтган: “Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматли бўладиганингиз энг тақволи бўлганингиздир”. (Ҳужурот/13).

Локин моликий ва шофеийлар агар бу ишни қилувчи одам ўзининг тирикчилиги ва оиласининг таъминоти шу ишга боғлиқ бўлиб қолмаган бўлса, ўзи ҳам шу ишнинг эгаси бўлмагани ҳолда ўз ихтиёри билан шуни танлаган бўлса, гувоҳлиги қабул қилинмайди, дейишган. Чунки бу унинг фаросати кам эканига… далолат қилади. Аммо у одам шу ишнинг устаси бўлса ёки мажбурликдан қилаётган бўлса, гувоҳлиги рад этилмайди.  (АлМавсуа  17/182). 

Касб-кор ёки мансаб тақозоси билан Ислом ва мусулмонларга қарши ташвиқот ва фитналар тарқатишда иштирок этувчиларнинг, одамларни қийноққа солувчиларнинг гувоҳлиги ҳам шаръий гувоҳликка ҳисоб қилинмайди. Ундайларнинг гувоҳлиги кўпроқ фосиқлик сабабидан, баъзан Исломдан чиққанлик (муртадлик) эътибори билан рад этилади.

(Давоми бор)