Болалар учун қисса ва ҳикоялар ёзиш ёки айтишнинг ҳукми

Савол: Болалар учун тўқилган ҳикоя ва эртакларни айтиш мумкинми? Баъзи одамлардан «Булар ёлғонга киради, чунки булар бўлмаган воқеалардир», деганларини эшитдик. Шу масаланинг ҳукми қандай?

Жамол.

Жавоб: Маълумки, болалар тарбиясида тарихий воқеалар, қисса ва ҳикоялар муҳим аҳамиятга эга. Муаллимлар ва ота-оналар бу воситадан унумли фойдаланишлари лозим. Қиссаларнинг энг афзали ва ҳаққонийси Қуръон ва ҳадисларда келган қиссалардир.

Айрим қобилиятли одамлар томонидан тўқилган зарбулмасал ва эртакларга келсак, булар ҳақида аҳли илмлар ўрталарида қадимдан икки хил қавл ривоят бўлган. Жоиз, деб айтган уламоларнинг сўзларидан шуни хулоса қилиш мумкинки, агар зарбулмасал ва қиссалар куфр ёки маъсиятни тарғиб қилмаса, одамларда яхши фазилатларни пайдо қилишга қаратилган бўлса, жумладан, ростгўйлик, ғайрат ва шижоатни тарбиялашга хизмат қилса, уларни таълиф қилиш, ўқиш ва эшитиш мумкин, валлоҳу аълам. Аммо хаёлий қиссаларни бўлган воқеа, деб талқин этиш мумкин эмас. Балки уларнинг бадиий тўқима экани ўқувчиларга маълум бўлиб туриши керак. 

* * *

  • Замон ва бола тарбияси;
  • Қиссалар воситаси билан тарбиялаш;
  • Ўзбек мусулмонлари ва бадиий адабиёт;
  • Уламолар бадиий қиссалар ҳақида.

* * *

Замон ва бола тарбияси

Ҳозирги замонда динлари учун қувғинга учраган ёки бошқа сабаблар билан ўзга юртларга ҳижрат қилишга мажбур бўлган мусулмонлар миллионларни ташкил қилади. Улар дуч келаётган энг катта муаммолардан бири фарзанд тарбиясидир. Фарзанд тарбияси нафақат муҳожирлар учун балки ватанда қолган мусулмонлар учун ҳам машаққатли ишга айланган.

Хориждагилар олдида Интернет ва ўзгача муҳит таъсирининг ташвиши кўндаланг турган бўлса, ўз юртида яшаётганлар учун асосий муаммо давлатнинг Исломга ва халққа қарши қонли сиёсатидир.

Бугунги болаларнинг аксарияти қисса ва эртак эшитиш ёки китоб ўқишдан кўра компьютер ўйнашни яхши кўради. Болаларни ўзига қарата оладиган қисса ва ҳикоялар ўйин ёки мультфильмлар каби кўп эмас. Қиссалари билан болаларни ром қила олдиган ота-она ва устозлар эса ундан ҳам озроқ. Болалар учун асарлар ёзадиган севимли ёзувчилар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. 

Компьютер технологияси ва Интернетнинг оммалашиши ота-оналар ва муаллимлар олдига аллақачон қатор вазифаларни қўйган. Болаларга мўлжалланган ва асосан тижорий мақсадни кўзлайдиган турли-туман ўйинларнинг кўпайиши ва муттасил янгиланиб бориши, ёшлар тарбиясига ижобийдан кўра кўпроқ салбий таъсир кўрсатаётгани ҳаммага маълум. Агар ота-оналар, устозлар ва инсофли программистлар компьютер ўйинларини тартибга солиб турмасалар, жамият жуда кўп хатарлар остида қолади.

Бола тарбиясидаги мавжуд муаммоларни тилга олар эканмиз, бу сўзлардан қисса ва эртаклар ёки китоблар компьютерга енгилиб бўлган, деган хулоса чиқмайди, асло. Алҳамдулиллоҳки, болаларнинг компьютер ўйинидан чарчайдиган пайтлари ҳам бўлади. Ёки уларни Интернетдан чалғитса бўладиган имкониятлар ҳам кўплаб топилади. Фақат энг муҳим масала бола тарбиясида ялқов, бепарво ва умидсиз бўлмасликдир.

Биз фарзандлар манфаати нимада экани хусусида кўпроқ фикр юритишимиз, бу йўлда изланишдан, ёрдам ва маслаҳат сўрашдан, ақлий ва жисмоний меҳнатдан қочмаслигимиз, пул сарфлашдан қизғанмаслигимиз лозим. Болаларнинг ўзига нима фойдаю нима зарар эканини мунтазам тушунтириб бориш ҳам доимий вазифамиздир.

Бу ишларимизни доимо Аллоҳдан ёрдам сўраб, дуо ва ибодатда холис бўлган ҳолимизда олиб боришимиз талаб этилади.

Қиссалар воситаси билан тарбиялаш

Қуръони карим ва ҳадисларда қадимги халқлар ҳаётидан хабар берувчи ҳикояларнинг ниҳоятда кўп зикр этилиши қиссаларнинг инсон тарбиясидаги аҳамиятининг нечоғли муҳимлигини кўрсатади. Қиссаларда иймон ва эътиқод тарбияси, ахлоқ ва одоб намуналари, яхшилик билан ёвузлик ўртасидаги кураш тасвири, ҳаёт машаққатларини енгиб ўтиш тажрибалари яққол акс этади.  

Қиссалар нафақат болалар учун балки аввало катталар учун муҳимдир. Шундай экан, Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадислардаги қиссаларни эшитиш, ўрганиш ва ҳикоя қилиш зарур.

Аллоҳ таоло айтган:

لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ

«Уларнинг қиссаларида шубҳасиз ақл эгалари учун ибрат бор». (Юсуф/111).

 Қуръон ва ҳадислардаги қиссалар сўнггидан Расулуллоҳнинг сийратлари, Ислом тарихи ва саҳобларнинг ҳаётлари акс этган тарихий қиссалар келади. Яна Ислом тарихида ўтган буюк шахслар, уламо ва донишмандлар, паҳлавонлар ёки машҳур аёллар ҳақидаги ҳикоялар бор. Буларнинг ҳаммаси катталар ҳам болалар ҳам ўқиб ўрганишлари зарур бўлган воқеий ва ҳужжатли қиссалардир.

Ўзбек мусулмонлари ва бадиий адабиёт

Бадиий қиссалар, ҳикоялар, шеърлар, достонлар ё эса халқ эртакларига келсак, уларнинг айниқса болалар учун таъсири сезиларлидир. Бу ўриндаги асосий масала ушбу асарларнинг қайси руҳда ва нима мақсадда ёзилгани ёки айтилганидадир. Бугун мусулмон халқ ўз ёзувчиларидан ширк ва куфрдан холи, бузуқлик ва фосиқликдан покиза асарлар кутади. Фарзандларимиз иймон ва Исломни улуғлайдиган, инсонийликни тарғиб этадиган, ахлоқий фазилатларни ўстирадиган китобларга муҳтож.

Ота-оналар ва устозлар, ёзувчи ва шоирлар биргаликда ҳаракат қилган ҳолда миллат болаларининг ўз динлари ва она тилларини баробар ўзлаштиришлари учун қўлдан келганича шароит ва имконият яратишлари вожиб. Фарзандларимиз ўзбек тилининг гўзаллигини англашлари, сўз бойликларини ўстириб боришлари, адабиётга яқин бўлишлари зарур. Келажакда уларнинг ичларидан Исломни мукаммал биладиган сўз санъатининг кўплаб намояндалари етишиб чиқишига умид қиламиз.     

Ана шундай ниятлар билан амалга оширилиши керак бўлган зарур ишлардан бири – болалар учун ўзбек тилида Исломга муносиб покиза адабиётни пайдо қилиш, жумладан, иймон руҳидаги қисса ва ҳикояларни кўплаб вужудга келтириш, шундай асарларни тарғиб этиш, оммалаштириш.

Уламолар бадиий қиссалар ҳақида

Саволда сўралган мавзу бўйича изланганимизда уламоларнинг далил-ҳужжатларга асосланган фойдали тавсияларини учратамиз. Исламвеб саҳифасида чоп этилган 139334 рақамли фатвода хаёлий қиссаларни ривоят қилиш ёки эшитишнинг жоиз эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан ҳужжат келтиришади:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Бани Исроилдан ҳикоя қилаверинглар, зарари йўқ», деганлари собит бўлган. (Аҳмад, Абу Довуд ва бошқалар ривоятлари). Ибн Абу Шайба ўз Мусаннафида «Чунки уларда ғаройиб воқеалар бўлган», деб қўшимча қилган. Албоний бу қўшимчани саҳиҳ санаган…

Баъзи аҳли илмлар мана шу ҳадисни далил қилиб, ёлғонлиги аниқ бўлмаган ажойиб ва нодир ҳикояларни бўш вақтларда эшитиш жоиз, деб айтишган. Шунингдек, тўқималиги аниқ бўлган нарсаларни ҳам зарбулмасал ва ибрат мақсадида, ҳамда шижоатга ўргатиш учун тинглаш жоиз, дейишган. Ҳикоялар хоҳ одамлар тилидан бўлсин, хоҳ ҳайвонлар тилидан бўлсин, агар уни ўқийдиган одам тўқималигини билмай қолмаса, ўқиш мумкин. Шофеийлардан Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ шундай деган.

Бошқалар, яъни ҳанафий уламолар аввалда ўтганларнинг асли йўқ қиссаларини гапиришни ёки қиссани зийнатлайман, деб, ўзи қўшиб ё олиб ташлаб гапиришни макруҳ, дейишган. Локин ҳанафийларнинг кейинги замонда ўтган алломалари, масалан, Ибн Обидин агар ҳикоядан яхши мақсад кўзда тутилса, макруҳ бўлади, деб қатъий айтмаган…

Тўғриси шуки, хаёлий қиссаларни жамлаган китобларни таълиф қилиш агар ўқувчи қиссанинг тўқима эканини билса ва бу қиссалардан мақсад Ҳаририйнинг «Мақомот» китобида бўлгани каби яхши хислатларни тарбиялаш бўлса ёки таълим-тарбия учун зарбулмасал қилиш бўлса, жоиздир. «Мақомот» китобидан уламолар хабардор бўлган ва унинг ҳақиқатини, яъни асли йўқ хаёлий қиссалардан иборат эканини билган бўлсалар ҳам бирон олимнинг бу китобни рад этганини кўрмадик.

Юқоридаги фатвода бадиий тўқима асарлар асосан ахлоқий мақсадларга қаратилиши, аммо улар ҳукм чиқаришда ҳужжат бўла олмаслиги айтилган.

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳдан бадиий қисса ва романлар ёзиш билан шуғулланадиган бир йигит шу ҳақда сўраганда бундай жавоб берганлар:

أما إذا كانت لمعالجة داء وقع فيه الناس لعل الله ينقذهم منه بها فإن هذا لا بأس به ، بشرط أن تعرضه عرضا يفيد أنه غير واقعي ، وإنما تجعله أمثالا تضربها حتى يأخذ الناس من هذه الأمثال عبراً .

 أما أن تحكيها على أنها أمر واقع وقصة واقعة – وهى إنما هي خيال – : فإن هذا لا يجوز لما فيه من الكذب ، والكذب محرم .

«Агар қисса одамлар мубтало бўлган бирор иллатни кетказиш учун, шояд Аллоҳ шуни сабаб қилиб, одамларни бу касалликдан қутқарса, деган мақсадда ёзилган бўлса, бунинг зарари йўқ. Шарти шуки, бу асарни воқеий, деб эмас, балки фақат мисоллар тарзида тасвирлайсан. Токи одамлар шу мисоллардан тўғри хулоса чиқарсинлар. Агар қиссанинг ўзи тўқима бўлгани ҳолда сен уни бўлган воқеа, деб ҳикоя қилсанг, бу жоиз эмас. Чунки бунда ёлғон аралашган бўлади, ёлғон эса ҳаромдир». (Ислом: савоб-жавоб, 159960 рақамли фатво). 

Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга салавот ва саломлар бўлсин.