Даъват босқичлари ва ота-она билан муомала

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Савол: Биз намоз ўқиймиз. Дадамиз ўқимайди ва сигарет чекади. Шунга отага гапиришимизга ҳақимиз борми ёки йўқми?

Абдуллоҳ.

Жавоб: Аллоҳ таоло ибодатларингизни қабул айласин. Отангизга ҳам Ўзи ҳидоят ато этсин. Сиз фарзандларни ота-онанинг розиликлари ва дуоларини олишга муваффақ қилсин.

Ислом динида ҳар бир инсон хоҳ у каттадир, хоҳ кичикдир, ўз сўзини айтишга, бир-бирига насиҳат қилишга ҳақлидир. Шу билан бир қаторда динимиз ҳар бир иш учун, шу жумладан, насиҳат қилиш учун ҳам тегишли қонун-қоидалар жорий этганки, бу қоидаларга амал қилиш кўзланган мақсадга эришишни таъминлайди. Аммо дилга яхши ниятни туккан ҳолда ишнинг қоидасига амал қилмаслик яхшиликка олиб бормайди.

Даъватда тадрижийлик қоидаси

Маълумки, одамларга Исломни етказишда босқичма-босқич иш олиб бориш услубини қўллаш лозим бўлади. Зеро, Ислом дини бошидан мана шундай тартиб билан жорий бўлган. Чунки ҳали иймони мукаммал бўлмаган одамнинг олдига бирданига бир неча талабларни қўйиш бефойда бўлиши, балки тескари натижа бериши ҳам мумкин. Шунинг учун инсонларни яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришда (амри маъруф, наҳйи мункар) уларнинг ҳолатини ҳисобга олган ҳолда тадрижийлик қоидасига амал қилинади.

ومما يعين على تغيير المنكر أن يبدأ الإنسان بالأهم، ويراعي سنة التدرج، ويوازن بين المصالح والمفاسد، ويصبر على ذلك.

فمن أراد تغيير المنكر في من يمارس الزنا وشرب الخمر والتدخين مثلاً، وهو يرى أنه لن يستجيب لتركها دفعة واحدة، فليبدأ بأشدها إثماً كالزنا مثلاً، ثم إذا آنس منه استجابة انتقل إلى النهي عن الخمر، مراعياً الحكمة والموعظة الحسنة والمجادلة بالتي هي أحسن، وهكذا….

«Ёмон ишни тўхтатишда ёрдам бўладиган усуллардан бири энг муҳим нуқтадан бошлаш, босқичма-босқич ҳаракат қоидасига амал қилиш, фойда-зарарлар орасини таққослаш ва сабрли бўлишдир. Масалан, зинокорлик, ароқ ичиш ва сигарет чекишга берилган одамни бу ишлардан қайтаришни ният қилган одам биладики, ана у кимса бу нарсаларнинг ҳаммасини бирдан ташлашга рози бўлмайди. Шунинг учун ишни энг қаттиқ гуноҳдан, масалан зинодан қайтаришдан бошлаш керак. Агар бунга эриша олса, кейин ароқ ичишдан қайтаришга ўтади. Бунда ҳикмат, чиройли мавъиза ва гўзал услубда баҳслашиш каби қоидаларга риоя қилади…» (Исламвеб, 45006 фатво).

Сигаретни ташлашми ёки намозни бошлашми?

Энди сигарет чекадиган ва намоз ўқимайдиган одамнинг масаласига юқоридаги қоидадан келиб чиққан ҳолда ёндошсак, унга энг биринчи нимани таклиф қилиш керак? Сигаретни ташлашними ёки намоз ўқишни бошлашними?

Сигарет чекиш ҳаром, намоз ўқимаслик эса айрим уламолар назарида куфр, бошқалар назарида куфрга жуда яқин иш. Ҳаром билан куфр баробар эмас. Шунинг учун отангиз то намоз ўқийдиган инсонга айланмагунча унинг сигарет чекиши ҳақида гапирмай турсанглар, гуноҳ бўлмайди, валлоҳу аълам. Агар унинг ўзи сигаретнинг зарарлари ҳақида гапиришга бошласа, албатта унга бу иллатдан қутулишга ёрдам берасизлар. Унга сигаретнинг зарарларини мулойимлик билан гапирасизлар. Аммо ёши катта одамга: «Ҳозир сигаретни ҳам ташлайсиз, намозни ҳам бошлайсиз», дейиш биронтасига ҳам рози бўлмасликка сабаб бўлиш мумкин.

Отаона билан яхши муомала

Ўғил-қизлар ота-онага ҳар қандай ҳолатда ҳам доимо яхши муомалада бўлиш лозимлигини эсдан чиқармасликлари шарт. Зеро, Аллоҳга ибодатдан сўнгги ўринда турадиган энг муҳим амал ота-она розилигини олишдир.

Сизларга отангиз билан муносабатларда кенг юракли, чиройли хулқли ва саховатли бўлишни сўраган ҳолда қуйидаги суҳбатлар билан танишишни тавсия қиламиз: