Жамоат намозида сафлар орасидан ўтишнинг ҳукми

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Фарз  намозида  имомга  иқтидо  қилган кишининг  олдидан  кесиб  ўтишнинг  ҳукми  нима? Аллоҳ  сизни  Ўз  ҳифзу  ҳимоясида  асрасин!

Абу Айюб.

Жавоб: Яхши тилагингиз учун раҳмат, Аллоҳ қабул айласин, омин.

Жамоат бўлиб намоз ўқилаётган пайтда имомнинг олдидан бирон кимсанинг ўтиши мумкин эмас. Аммо имомнинг орқасида турган муқтадийнинг олдидан  кесиб ўтишнинг зарари йўқ.

Имомнинг сутраси муқтадийнинг сутраси

Агар имом ва жамоат очиқ ерда намоз ўқишаётган бўлса, имомнинг олдига сутра қўйилиши суннат. Имомнинг сутраси муқтадийлар учун ҳам сутрадир. Бу ибора имом Бухорийнинг мана бу сўзларидан олинган:

بَاب سُتْرَةُ الْإِمَامِ سُتْرَةُ مَنْ خَلْفَهُ

«Имомнинг сутраси унинг орқасидаги одамларнинг сутраси экани ҳақидаги боб».

Мазкур бобда сутра ҳақидаги ҳадислар келтирилган. Уларнинг хулосаси шуки, имомнинг олдидан, яъни имом билан сутранинг орасидан бирор киши ёки нарса ўтмаслиги керак. Аммо шундан бошқа ердан ким бўлса ҳам ўтавериши мумкин. Бу дегани – cутранинг ташқарисидан ёки имомнинг орқасидан ўтиш жоиз. Демак, имом билан муқтадийнинг орасидан ёки сафларнинг орасидан ҳам кесиб ўтиш мумкин.

Шу мавзудги ҳадиснинг шарҳида Ибн Ҳажар ёзадилар:

فَأَمَّا الْمَأْمُومُ فَلَا يَضُرُّهُ مَنْ مَرَّ بَيْنَ يَدَيْهِ لِحَدِيثِ اِبْن عَبَّاس هَذَا ، قَالَ : وَهَذَا كُلُّهُ لَا خِلَافَ فِيهِ بَيْنَ الْعُلَمَاءِ . (فتح الباري لابن حجر – (2 / 238)

«Ибн Аббоснинг мана шу ҳадисига кўра, иқтидо қилган одамнинг олдидан биров ўтса зарари йўқ…»

Имомнинг олдида сутра бўлмасачи?

Уламолар ҳатто имомнинг олдида сутра бўлмаган ҳолатда ҳам иқтидо қилувчининг олдидан кесиб ўтиш жоиз, дейишган.

Бунинг далили ва юқоридаги ҳукмнинг далили мана бу ҳадисдир:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ أَنَّهُ قَالَ أَقْبَلْتُ رَاكِبًا عَلَى حِمَارٍ أَتَانٍ وَأَنَا يَوْمَئِذٍ قَدْ نَاهَزْتُ الِاحْتِلَامَ وَرَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي بِالنَّاسِ بِمِنًى إِلَى غَيْرِ جِدَارٍ فَمَرَرْتُ بَيْنَ يَدَيْ بَعْضِ الصَّفِّ فَنَزَلْتُ وَأَرْسَلْتُ الْأَتَانَ تَرْتَعُ وَدَخَلْتُ فِي الصَّفِّ فَلَمْ يُنْكِرْ ذَلِكَ عَلَيَّ أَحَدٌ. (صحيح البخاري ت – (1 / 503)

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. У киши дедилар: «Мен урғочи эшакка минган ҳолда келдим. Мен ўшанда балоғатга яқинлашиб қолган эдим. Расулуллоҳ Минода одамлар билан девор йўқ жойда намоз ўқиётган эканлар. Сафнинг бир қисмининг олдидан ўтиб, эшакдан тушдим ва уни ўтлашга қўйиб юбордим. Кейин саф орасига кирдим. Бу ишимни ҳеч ким инкор қилмади». (Саҳиҳул-Бухорий – 1/503).

Умдатул-аҳком ҳадислари шарҳида шу масалада бундай дейилган:

فإن لم تُوجد ولم يكن ثمّ سُترة فإن هذا الحديث يدل على أن صلاة المأمومين تابعة لصلاة الإمام ، ولا يضرّهم ما مرّ بيني يدي الصف ، ولو لم يكن للإمام سُترة . شرح أحاديث عمدة الأحكام

«Бас, агар сутра мавжуд бўлмаса ва топилмаса, бу ҳадис шунга далолат қиладики, иқтидо қилувчиларнинг намозлари имомнинг намозига тобедир ва сафнинг олдидан нима ўтса ҳам ҳатто имомнинг сутраси бўлмаган тақдирда ҳам уларга зарар бўлмайди». («Сайдулфавоид» саҳифаси)

Қўшимча маълумот учун:

Намозда сутра қўйиш масаласи