Суннат ўрнига қазо намозлари ўқиш тўғрими?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Бизлар 18 ёшлардан намоз ўқишни бошлаганмиз, балоғат ёшидан 18 ёшгача 6 йиллик қазо намозларимиз бор. Шу қазоларни кундалик 5 маҳал намозларнинг суннатларини ўрнига такбир тушириб, қазони ният қилиб ўқисак бўладими? Масалан, пешин намозининг 4 ракъат суннати ўрнига пешиннинг қазосини, пешин фарзидан сўнг такбир тушириб, 4 ракъат асрнинг қазосини, бошқа намозларни суннатини ўрнига бир қазони ўқилса. Аллоҳ барчамизни ўзи азиз қилсин, амин.

Нодир.

Жавоб: Аллоҳ таоло динингиз ва иймонингиз саломатлиги учун чекаётган ташвишларингизга ажрлар ато қилсин ва Унинг ҳузурига чиройли ва мукаммал ибодатлар билан боришни насиб айласин.

Намоз энг муҳим ибодат бўлиб, уни тарк қилган одам айрим мужтаҳидлар назарида кофирдир. Жумҳур эса бенамоз одам намознинг фарзлигини инкор қилмаса кофир саналмаслигини айтишган.

«Бенамоз кофирдир», деб эътиқод қиладиган уламолар наздида ўқилмаган намозлар қазо қилинмайди, чунки кофирнинг ибодати қабул эмас. «Намознинг фарзлигини тан олган одам кофир саналмайди», дегувчи жумҳур олимлар назарида эса қолдирилган намозлар қазосини албатта ўқиш фарздир.

Бенамозликнинг ҳукми қандай бўлишидан қатъиназар ибодатсиз ўтган кунлар ва йиллар учун албатта кўп истиғфор ва тавбалар лозим. Бундан кейин Аллоҳнинг ибодатини ҳар қандай ишдан муқаддам қўймоқ зарур. 

Биз бенамознинг ҳукмида жумҳурнинг сўзларини тўғри, деб биламиз. Бинобарин, ўқилмаган намозларни тезроқ қазо қилиш фарздир.

 وعليك القضاء على مذهب جمهور أهل العلم فيما فرطت فيه من الصلوات إن كنت عالماً بعدد الصلوات المتروكة، وإن كنت جاهلاً عددها فإنك تقضي ما تظن أنك بفعله تبرأ ذمتك. وصفة القضاء أن تصلي ما فاتك من الصلوات على الفور حسب استطاعتك في أي ساعة من ليل أو نهار، مع مراعاة الترتيب بين الفوائت، الفجر ثم الظهر ثم العصر الخ. خروجاً من الخلاف حيث إن بعض أهل العلم يري وجوب الترتيب بين الفوائت، وهذا القول – أي وجوب القضاء – أحوط وأسلم على كل حال.

Жумҳур аҳли илмлар мазҳабига кўра агар қолдирилган намозлар ададини билсанг, ўқимаган намозларингни қазо қилишинг фарз. Агар ададини билмасанг, зиммамдан соқит қилдим, деб тахмин қилгунингча ўқийверасан. Қазо қилишнинг тартиби шуки, қолдирилган намозларни тоқатинг етганича тун ёки куннинг қайси соатида бўлса ҳам дарҳол ўқийсан. Бунда тартибга риоя қилишинг керак. Аввал фажр, кейин пешин, сўнг аср ва ҳоказо. Шунда ихтилофдан холи бўласан, чунки баъзи олимлар тартиб вожибдир, дейишган… (Исламвеб, 512 фатво).

Суннат ўрнига қазо намозларни ўқиладими?

Қазо намозларни суннатлар ўрнига ўқиш керакми, деган масалага келсак, шуни айтиш мумкинки, агар суннатлар билан қазони доимий равишда бирга ўқиш сизни қийнаб қўядиган бўлса, суннат ўрнига фақат қазони ўқишингиз жоиз, валлоҳу аълам. Аммо шароитингиз кўтарса, суннатларни ўз ўрнида ўқиб, шуларнинг ёнида қазо намозларини ўқиганингиз яхши. Чунки инсон учун суннат намозларининг аҳамияти катта. Ҳатто кўп намозларни қолдирган одамлар учун ҳам суннатлар қимматлидир. Буни қуйидаги ҳадисдан ҳам англаш мумкин:

عن أبي هريرة أن النبي صلى الله عليه وسلم قال إن أول ما يحاسب به العبد يوم القيامة صلاته فإن وجدت تامة كتبت تامة وإن كان انتقص منها شيء قال انظروا هل تجدون له من تطوع يكمل له ما ضيع من فريضة من تطوعه ثم سائر الأعمال تجري على حسب ذلك . ( سنن النسائي، تحقيق الألباني: صحيح)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни банданинг энг биринчи ҳисоб қилинадиган амали унинг намозидир. Бас, агар (фарз) намози мукаммал бўлса, мукаммал, деб ёзилади. Агар намоздан бирор нуқсон топилса, Аллоҳ дейди: «Қаранглар, унинг нафллари бормикин, токи, фарздан қолиб кетганини ўша билан тўлдирса? Кейин бошқа амаллар ҳам ана шу тарзда ҳисоб қилинади». (Сунани Насоий, Албоний: саҳиҳ).

Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга салавот ва саломлар бўлсин.