Яхши амаллар пайтида қалбда риё пайдо бўлса…

Islom Ovozi

2011 йил, 28-апрел

Савол:

Намозда хаёлни шайтон олиб қочиб, ҳар-хил фикрлар келса, масалан, имом бўлганда: «Oрқадаги одамлар чиройли ўқияпти, деяптимикин?» деган хаёл келса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам риёдан сақланишда ўқишни тавсия қилган дуоларини намозда турганда ўқиш мумкинми ё истиғфор айтса бўладими?

 

Шайх Обидхон қори жавоблари:

Агар намозга киришган пайтингизда бу ибодатни ёлғиз Аллоҳ розилиги учун, деган ниятда чин ихлос билан бошласангизу кейинроқ намоз асносида риё аралашса, ўзингизни қўлга олишингиз ва риёни даф этишингиз лозим. Шунда иншоаллоҳ намозингизга зарар етмайди, валлоҳу аълам.

Бу ҳақда Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг мана бу сўзлари эътиборлидир:

الأمر الأول : أن يُدافع الرياء ولا يسكن إليه ، بل يعرض عنه ويكرهه : فإنه لا يؤثر شيئاً لقوله صلى الله عليه وسلم » إن الله تجاوز عن أمتي ما حدَّثت به أنفسها ما لم تعمل أو تتكلم » .

الأمر الثاني : أن يطمئنَّ إلى هذا الرياء ولا يدافعه : فحينئذٍ تبطل جميع العبادة ؛ لأن أولها مرتبط بآخرها .

Биринчи ҳолат. Риёни қайтариш ва унга таслим бўлмаслик, балки ундан юз ўгириш ва уни ёмон кўриш. Шунда риёнинг ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта Аллоҳ умматимдан бир инсоннинг дилидан ўтган нарсани – агар уни амалга оширмаса ёки гапирмаса – кечириб юборади».

Иккинчи ҳолат. Шу риёга рози бўлиш ва уни қайтармаслик. Бу пайтда ибодатнинг ҳаммаси ботил бўлади… (Ислом: савол ва жавоб, 9359 фатво).

Риёни бартараф этиш чораси нима?

Инсон намоз ёки бошқа ибодатлар пайтида риёдан сақланиш учун риёнинг қандай ёмон иш эканини аввалдан билиши ва уни бартараф этиш йўлларини қидириши лозим. Бу ҳақда имом Ғаззолийнинг маслаҳатлари барчамиз учун фойдали, деб ўйлаймиз.

معالجة الرياء:

قال الغزاليّ ما خلاصته: لا يستطيع أحد أن يقمع الرّياء إلّا بمجاهدة شديدة ومكابدة لقوّة الشّهوات، ويكون ذلك بأمرين:

الأوّل: قلع عروقه واستئصال أصوله وهي:

لذّة المحمدة والفرار من ألم الذّمّ، والطّمع فيما في أيدي النّاس، وهذه الثّلاثة راجعة إلى حبّ المنزلة والجاه.

الثّاني: أن يشمّر الإنسان عن ساعد الجدّ لدفع ما يعرض من خاطر الرّياء،

 وخواطره ثلاثة أيضا وهي: العلم باطّلاع الخلق ورجاء اطّلاعهم،

ثمّ هيجان الرّغبة من النّفس في حمدهم، وحصول المنزلة عندهم،

ويعقب ذلك هيجان الرّغبة في قبول النّفس له (أي الحمد والمنزلة) والرّكون إليه وعقد الضّمير على تحقيقه،

والخاطر الأوّل يسمّى معرفة، والثّاني رغبة وشهوة، والثّالث هو العزم

 وكمال القوّة في دفع الخاطر الأوّل قبل أن يعقبه الثّاني،

 فإذا خطر له معرفة اطّلاع الخلق أو رجاء اطّلاعهم دفع ذلك بأن قال: مالي وللخلق علموا أو لم يعلموا، واللّه عالم بحالي فأيّ فائدة في علم غيره؟

 فإن هاجت الرّغبة إلى لذّة الحمد فعليه أن يذكر تعرّض المرائي للمقت عند اللّه يوم القيامة وخيبته- في أحوج أوقاته- إلى أعماله،

وعندئذ تثور عنده كراهة للرّياء تقابل تلك الشّهوة إذ يتفكّر في تعرّضه لمقت اللّه وعقابه الأليم،

الشّهوة تدعوه إلى القبول والكراهة تدعوه إلى الإباء والنّفس تطاوع- لا محالة- أقواهما

 ويتضّح من ذلك أنّه لا بدّ في ردّ الرّياء الّذي خطر أثناء العبادة من المعرفة والكراهة والإباء.

نضرة النعيم في مكارم أخلاق الرسول الكريم – (10 / 4555)

Ғаззолий айтган сўзнинг хулосаси бундай:

«Агар жуда қаттиқ ҳаракат қилмаса, ҳеч ким ўзидан риёни йўқ қила олмайди. Чунки инсонда нафс хоҳишлари ниҳоятда кучлидир. Риёни йўқ қилиш икки йўл билан амалга ошади:

1. Риё томирларини суғуриш ва илдизларини қўпориб ташлаш; Бу илдизлар мақтов лаззатларида, қораланиш азобларидан қочишда, одамлар қўлидаги нарсага тамаъ қилишда мужассам. Бу айтилган уч нарса мартаба ва обрўни яхши кўришга боғланади.

2. Инсон қалбига келадиган риёли хотираларни даф этиш учун астойдил енг шимариш;

Риё хотиралари ҳам уч хил бўлади. Улар қуйидагилардир:

1. Халқ (ишдан) хабардор бўлишини англаш ва хабардор бўлишини орзу қилиш;

2. Одамларнинг мақтовига ва улар назаридаги мартабага эришиш учун нафс рағбатининг қўзғалиши;

3. Нафснинг ушбу рағбатни қабул қилиши, мойил бўлиши ва шуни амалга ошириш учун қарор қилиши;

Биринчи хотира маърифат, деб аталади, иккинчиси – рағбат ва шаҳват, учинчиси – азм.

Қувватнинг камоли иккинчи хотира келмасданоқ биринчисини даф этишдадир.

Яъни, агар инсон қалби халқнинг (ишдан) хабардор бўлишини англаса ва хабардор бўлишини орзу қила бошласа, унга бундай жавоб қилиши керак: «Менинг халқ билан нима ишим бор?! У билди нимаю билмади нима?! Ҳолбуки Аллоҳ менинг ҳолатимни яхши билади. Шундай экан, У Зотдан бошқасининг билганидан нима фойда?!»

Агар мақтовга етишиш лаззатига бўлган рағбат қўзғалса, инсон риёкорнинг Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида нафратга дучор бўлишини, ниҳоятда муҳтож бўлиб турган пайтда амаллари савобидан маҳрум бўлишини эсга олиши лозим.

Шундай қилиб, унинг қалбида риёга қарши нафрат ғолиб бўлади ва у шаҳват қаршисида муқобил кучга айланади. Чунки инсон шунда Аллоҳнинг нафратига ва қаттиқ азобига учрашини ўйлайди.

Шаҳват (риёни) қабул қилишга ундайди, нафрат юз ўгиришга чақиради. Нафс эса шубҳасиз кучлироғига бўйсунади.

Бундан маълум бўладики, ибодат асносида келадиган риёни қайтаришда инсон маърифат, нафрат ва юз ўгиришга муҳтож бўлади.

(Назратун-наийм фи ахлоқир-Расулил-карим – 10/4555)

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграм канали

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg