Мусулмон одам қандай соч қўяди?

Савол: Мени бир ҳолат кўп иккилантиради, яъни соч қўйиш масаласи. Мусулмон одам қандай соч қўйиши керак? Сочнинг oрқасини  кесиш ҳақида ҳар-хил гап сўзлар эшитамиз. Аниқлик киритиб беринг, илтимос.

Абдулҳамид.

Жавоб: Дарҳақиқат, мусулмон одам ўзининг амаллари ва турмуш тарзи Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг кўрсатмаларига мувофиқ бўлишига ҳаракат қилади. Чунки Аллоҳ Қуръони каримда бундай деган:

{ وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ } (الحشر\7)

 

«Расулуллоҳ сизларга нима олиб келган бўлса, бас, уни олинглар. У сизларни нимадан қайтарган бўлса, бас, ундан қайтинглар. Аллоҳдан тақво қилинглар. Шубҳасиз, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир«. (Ҳашр/7).

Бу оят Расулуллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларга тааллуқли бўлса, шу билан бир қаторда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларида умматни буюрмаган ёки қайтармаган, аммо ўзлари одат тарзида қилиб келган ишлар ҳам бўлганки, бунда қандай йўл тутиш борасида уламолар икки хил фикр билдиришган.

Суннат билан одатнинг фарқи

Жумҳур олимлар Расулуллоҳнинг ўзлари мансуб бўлган миллатнинг ўша пайтдаги урф-одатларига мувофиқ ҳолда қилган ишларини қилиш мусулмонлар учун суннат эмас, балки мубоҳ, яъни жоиз иш, деб айтишади. Аммо баъзи олимлар (масалан, имом Ғаззолий) шундай одатларда ҳам у зотга эргашиш мустаҳабдир, деганлар.

Соч ўстириш, салла ўраш каби ишлар Ислом келган пайтда араблар орасида одат тарзида қилиб келинган ишлардан бўлиб, Ислом бундан қайтармаган ҳам, буюрмаган ҳам. Бинобарин, жумҳур уламоларга кўра, соч қўйиш ёки уни олдириб юриш ибодат масаласига эмас, балки халқнинг урф-одатлари доирасига кирадиган ишлардандир. Демак, бу ишлар қилса савоб ёзиладиган суннат эмас, аксинча савоб ҳам, гуноҳ ҳам ёзилмайдиган одатдир. (Соч қўйиш ва салла ўрашни суннат, деган олимлар ҳам бўлган).

Расулуллоҳнинг сочлари қандай бўлган?

Расулуллоҳнинг сочлари ёки соч қўйиш ҳақидаги ҳадислардан намуналар билан танишамиз.

فعن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : » مَن كان له شعر فليكرمه » .( رواه أبو داود وحسَّنه الحافظ ابن حجر في «فتح الباري» (10/368).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимнинг сочи бўлса, уни парваришласин«. (Абу Довуд ривоятлари, Ибну Ҳажар: ҳасан, Фатҳул-Борий).

وعن عائشة رضي الله عنها قالت : » كنت أرجِّل رأسَ رسول الله صلى الله عليه وسلم وأنا حائض «. (رواه البخاري).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. У киши дедилар: «Мен ҳайзли ҳолимда Расулуллоҳнинг сочларини тараб қўяр эдим«. (Бухорий ривоятлари).

وعن عائشة رضي الله عنها قالت : كان شعر رسول الله صلى الله عليه وسلم فوق الوفرة ودون الجمة . (رواه الترمذي (1755) وأبو داود (4187) وصححه الألباني في «صحيح الترمذي).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. У киши дедилар: «Расулуллоҳнинг сочлари «вафра«дан ошиқроқ, «жумма«дан камроқ эди«. (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари; Албоний: саҳиҳ).

Уламолар «вафра» – қулоқ юмшоғига етган соч, «жумма» – елкагача тушган соч, деб айтишганлар.

وعن أم هانئ رضي الله عنها قالت : قدم رسول الله صلى الله عليه وسلم مكة وله أربع غدائر . (رواه الترمذي (1781) وأبو داود (4191) وابن ماجه (3631) . والحديث : حسَّنه ابن حجر في «فتح الباري» ، وصححه الألباني في «مختصر الشمائل»).

Умми Ҳоний разияллоҳу анҳодан ривоят. У киши дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келганларида сочлари тўртта қилиб ўрилган эди«. (Термизий, Абу Довуд ва Ибну Можа ривоятлари; Ибну Ҳажар: ҳасан; Албоний: саҳиҳ).

Ибн Ҳажар Расулуллоҳ сочларининг ўрилганини сафар ва шу каби ишлар туфайли қарай олмаган вақтларда бўлган, деб изоҳлайдилар.

Бугун қандай амал қилинади?

Шайх Мунажжид Умму Ҳоний ҳадисида зикр этилган ҳолатни ўша даврга хос одат бўлганини, бунга амал қилинмаслигини ёзадилар (69822):

وهذا الأمر كان في عرف ذلك الزمان مقبولاً ومتعارفاً عليه ، فإذا اختلف العرف وكان المسلم في مكان لم يعتد أهله عليه ، أو نظروا إلى فاعله على أنه متشبه بأهل الفسق فلا ينبغي فعله .

«Бу иш ўша замоннинг одати бўйича мақбул ва урфга кирган эди. Агар урф бундан бошқача бўлса ва мусулмон яшаётган ер аҳолиси бунга одатланмаган бўлса ёки бундай иш қилувчига фисқ аҳлига ўхшаб олибди, деб қарашадиган бўлса, буни қилиш керак эмас«.

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг бу масаладаги сўзлари мана бундай:

فالمسألة إذاً بالنسبة لتطويل الرجل لرأسه من باب الأشياء المباحة التي تخضع لأعراف الناس وعاداتهم فإذا جرى بها العرف وصارت للناس كلهم شريفهم ووضيعهم ؛ فلا بأس به ، أما إذا كانت لا تستعمل إلا عند أهل الضعة ؛ فلا ينبغي لذوي الشرف والجاه أن يستعملوها ، ولا يرِد على هذا أن النبي صلى الله عليه وسلم – وهو أشرف الناس وأعظمهم جاها – كان يتخذ الشعر لأننا نرى في هذه المسألة أن اتخاذ الشعر ليس من باب السنة والتعبد ، وإنما هو من باب اتباع العرف والعادة .(فتاوى نور على الدرب).

«Эркак киши сочини узун қўйиши одамларнинг урфодатларига бўйсунадиган мубоҳ нарсалар қаторига киради. Агар урфда шу жорий бўлган бўлса ва одамларнинг обрўлиси ҳам обрўсизи ҳам шу ишни қиладиган бўлиб кетган бўлса, шундай қилса зарари йўқ. Аммо бу фақат эътиборсиз одамлар қиладиган иш бўлса, буни обрўли ва эътиборли одамлар қилмасликлари керак. Бу сўзга одамларнинг энг обрўлиси ва буюги бўлган Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини ўстирганлар, деб раддия берилмайди. Чунки бизнинг бу масаладаги фикримиз шуки, соч қўйиш суннат ва ибодат бобидан эмас, балки урф ва одатга эргашиш бобидан саналади«. («Нурун алад-дарб» фатволари).

Исламвеб саҳифасида 15336 рақамли фатвода эса Ибн Қудомадан бундай иқтибос келтирилган:

قال ابن قدامه ويستحب أن يكون شعر الإنسان على صفة شعر النبي صلى الله عليه وسلم : إذا طال فإلى منكبيه ، وإن قصر فإلى شحمة أذنيه .

Ибн Қудома айтганлар: инсоннинг сочи узунқисқаликда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларининг сифатида бўлиши керак. Агар узайса, икки елкасигача, қисқа бўлса, икки қулоғи юмшоғигача...

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсон замонавий кийим кийган ҳолда сочини узун қилиб, мен суннатга амал қилаяпман, дейиши ўринсиз. Чунки биринчидан, жумҳур наздида бу иш суннат эмас, одат эканини кўрдик. Иккинчидан, агар кимки буни суннат дейдиган бўлса, у салла ўраб юришни ҳам шу билан баробар суннат, дейиши керак бўлади. Чунки Расулуллоҳ аксарият ҳолатларда салла ўраганлар. Аммо маълумки, жумҳур олимлар салла ўрашни ҳам ўша замоннинг одатидан санашган.

Соч қўйиш масаласида яна бир муҳим нуқта шуки, мусулмон инсон ўзини куфр ва фисқ аҳлига ўхшатишдан сақланиши лозим.

Сочнинг орқасини қандай қилиш ҳақидаги саволга келсак, Исламвеб саҳифасида эълон қилинган 5068 рақамли фатвода бундай дейилган:

ولم نظفر بنص يصرح بما كان يفعله صلى الله عليه وسلم بشعر مؤخر رأسه

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларининг орқа томонини қандай қилар эдилар, деган масaлада бирор аниқ ҳужжат топмадик«. 

Аллоҳ ҳаммамизни Ўз ҳидоятига бошлашини сўраймиз.