Суратлар савдоси билан шуғулланишнинг ҳукми нима?

Савол: Биз ҳозир моддий қийинчилик ҳолатидамиз. Шунинг учун бизга сурат («картинка») сотишни таклиф қилишаяпти. Бизда ҳозир шундан бошқа иш йўқ. Ҳозир биз қарз ҳолатидамиз. Жуда зарур, шунга нима қилайлик? Аллоҳ сиздан рози бўлсин.

Мавлонбек.

Жавоб: Аллоҳ таоло муҳтожлик ичида яшаётган барча инсонларга тақво, таваккул ва ғайратчанлик йўлини насиб этсин. Агар қайси бир инсонда мана шу сифатлар мавжуд бўлар экан, бундай бандага ёрдам беришни Аллоҳнинг Ўзи ваъда қилган.

Жонли нарсалар сурати туширилган нарсалар билан муомала қилиш ҳақида «Ислом: савол-жавоб» саҳифасида қуйидагича фатво келтирилган:

أما ما كان عليه صور شيء من ذوات الأرواح سواء كان عملة ذهبية أو فضية أو ورقية أو كان قماشا أو آلة ، فإن كان تداوله بين الناس لتعليقه في الحيطان ونحوها مما لا يعتبر امتهانا له ؛ فالتعامل فيه محرم ؛ لشموله بأدلة تحريم التصوير ، واستعمال صور ذوات الأرواح ، وإن كان ما عليه الصورة من ذلك يمتهن ، كآلة يقطع بها أو بساط يداس أو وسادة يرقد عليها ونحو ذلك فيجوز ؛ لما ثبت في الصحيحين ( عن عائشة رضي الله عنها أنها نصبت سترا وفيه تصاوير ، فدخل رسول الله صلى الله عليه وسلم فنزعه ، قالت : فقطعته وسادتين فكان يرتفق عليهما ) …

«فتاوى اللجنة الدائمة»  -13/73.

Жонли нарсаларнинг сурати туширилган нарса хоҳ у олтин ёки кумуш танга ё эса қоғоз пул бўлсин, хоҳ мато ёки асбоб бўлсин, агар уни одамлар орасида олди-берди қилишдан мақсад эҳтиром этиш, девор ёки шу каби ерларга осиш бўлса, у билан муомала қилиш ҳаромдир. Чунки сурат чизишни ва жонли нарсалар суратини истеъмол қилишни тақиқлайдиган далиллар шуни назарда тутади. Агар сурати бўлган нарса паст ерларга қўйиладиган бўлса, масалан кесиш асбоби ёки оёқ билан босиладиган, устига ётиб ухланадиган ва ҳоказо нарса бўлса, бас, Саҳиҳайнда келган ҳадисга кўра жоиздир. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. У киши суратлари бўлган парда осдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб, уни тортиб олдилар. Оиша айтадилар: «Мен уни кесиб, иккита ёстиқ қилдим. Расулуллоҳ унга суянар эдилар». (Фатволар бўйича доимий қўмита фатволари – 13/73).

Юқоридагилардан хулоса қилиб, шуни айтиш мумкинки, мусулмон одам учун жонли нарсаларнинг сурати билан муомала қилишга тўғри келиб қолганда уни нима мақсадда ва қандай ҳолатда ишлатишга қаралади. Демак, сизга таклиф қилинаётган сурат жонли нарсалар сурати бўлиб, агар уни ҳурмат билан деворга осиш учун мўлжалланган бўлса, бу ишга ҳисса қўшиш мумкин эмас. Деворга осилмайдиган, ёпиқ ҳолатда сақланадиган, илмий мақсадларда ишлатиладиган суратларни олиб-сотиш жоиз, валлоҳу аълам. Агар тоғу тошлар, дарёлар, дарахтлар ва гуллар каби жонсиз нарсаларнинг сурати бўлса, уни сотиш ва сотиб олиш ёки чизишда ҳеч қандай монелик йўқ.