Аллоҳ таолонинг Қуръондаги “Биз” калимасининг маъноси

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол: Қуръоннинг баъзи жойларида Аллоҳ тарафидан айтиладиган сўзларда «Биз» ва яна баъзи жойларида «Мен» дейилган, шуни қандай тушуниш мумкин? Жавоб учун Аллоҳ рози бўлсин.

Алишер.

Жавоб: Маълумки, Қуръони карим араб адабиётининг шоҳ асаридир. У Оламлар Раббисининг каломи экан, сўз санъатининг олий намунаси бўлишида шубҳа йўқ. Зеро, Қуръони азим бутун олам аҳли устига абадий мўжиза сифатида юборилган. Унда араб тилига хос бўлган жуда кўп қоидалар ўз ифодасини топган. Шулардан бири саволда сўралган мавзудир. Бу масалага Иславеб саҳифасида 103219 рақамли фатвода қуйидагича жавоб берилган:

فإن ضمير نحن يستعمل في اللغة العربية للواحد المعظم نفسه، وهذا المعنى هو المراد في القرآن بحديث الله عن نفسه، ولا شك أن الله تعالى هو العظيم الكبير المتعال ذو الكبرياء والعظمة، وقد تستعمل نحن في اللغة أحياناً للتعبير عن الواحد الذي معه غيره من جنسه، وقد يراد بها الواحد الذي معه أعوانه وإن لم يكونوا من جنسه، كما قال شيخ الإسلام في الفتاوى. والله أعلم.

Араб тилида «биз» (نَحْنُ) олмоши ўзини улуғловчи бир шахс учун ҳам ишлатилади. Қуръонда Аллоҳ Ўзи ҳақида сўзлаганда шундай маъно назарда тутилган. Албатта Аллоҳ таоло Буюк, Улуғ, Олий Зотдир, кибриё ва азамат соҳибидир. Араб тилида «биз» (نَحْنُ) гоҳо ўзи билан бирга ўзининг жинсидан бўлган яна кимдир мавжуд бўлган бир кишини ифодалаш учун ишлатилади. Гоҳида бу сўз билан ўзининг жинсидан ўзга ёрдамчилари бўлган бир шахс ҳам ифодаланади. Бу ҳақда  шайхулислом (Ибн Таймия) фатволар тўпламида айтган. Аллоҳ ҳаммадан билувчироқдир».

«Ислом: савол-жавоб» саҳифасида бу ҳақда бундай дейилган:

من أساليب اللغة العربية أن الشخص يعبر عن نفسه بضمير » نحن » للتعظيم ويذكر نفسه بضمير المتكلم الدال على المفرد كقوله » أنا » وبضمير الغيبة نحو » هو » وهذه الأساليب الثلاثة جاءت في القرآن والله يخاطب العرب بلسانهم . فتاوى اللجنة الدائمة م4/143 .

Араб тили услубларидан бири шуки, шахс ўзини «биз» олмоши билан ҳам ифодалайди. Бу ўзини улуғлаш учундир. Яна ўзини бирликка далолат қиладиган «мен» олмоши билан ва ғойибга далолат қилувчи «у» билан ҳам ифодалайди. Бу уч услуб Куръони каримда келган. Аллоҳ арабларга уларнинг тилларида хитоб қилган. (Фатволар қўмитаси фатволари 4/143).

Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга салоту саломлар бўлсин.