Маййитларни ёриб кўриш шаръан жоизми? (тўлдирилган)

Бўлимлар: 23. Тиббиёт

Савол: Аллоҳ яхшиликларингизни зиёда қилсин. Сизга бир савол билан мурожаат қилмоқчиман. Бир танишим тиббиёт билим юртида жарроҳлик мутахассислиги бўйича таълим олади. Ўқиш жараёнида инсон танасини ўрганиш учун маййитларни ёриб кўришади. Бу шаръан жоизми?

Солиҳа.

Жавоб: Дининнгиз аҳкомларини билиш йўлида қилаётган ҳаракатингиз учун Аллоҳ сизга ажрлар ато қилсин.

Маълумки, мусулмон одамнинг обрўси ва ҳурмати Ислом шариати билан ҳимоя остига олинган. Инсоннинг ҳурмати унинг ҳаётлик вақтида ҳам, вафот этганидан кейин ҳам сақланиши лозим.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

«Маййитнинг суягини синдириш тирикнинг суягини синдириш кабидир». (Абу Довуд Ибн Можа ривоятлари).

Ибн Ҳажар айтадилар: «Бундан хулоса қилинадики, мўминнинг ҳурмати унинг ҳаётида бўлгани каби ўлимидан сўнг ҳам боқийдир».

Шу билан бир қаторда замонавий тиббиёт маййитларни ёриб кўришни тақозо қилар экан, фуқаҳолар бу амалиётни бир қатор асосларга кўра шаръан жоиз, деб айтишган. 

Исламвеб саҳифасида келтирилган 6777 рақамли фатвода жумладан бундай дейилади:

ولكن قواعد الشريعة تقتضي تحصيل المصالح ودرء المفاسد، ولهذا أجاز كثير من علماء المسلمين شق بطن الحامل الميتة لاستخراج جنينها الذي رجيت حياته، وأجازوا تقطيع الجنين لإنقاذ أمه، إذا غلب على الظن هلاكها بسببه، بل إن منهم من أجاز أكل لحم الآدمي الميت للمضطر، وجزم التاج ابن السبكي في ترجمة المزني بأن الصحيح في مذهب الشافعية: أن المضطر يأكل لحم الآدمي الميت. 

Локин Шариат қоидалари манфаатларни қўлга киритиш ва зарарларни бартараф этишни тақозо қилади. Шунинг учун кўпгина мусулмон уламолар вафот этган ҳомиладор аёлнинг ичида қолган бола агар ҳаёт бўлар экан, уни чиқариб олиш учун она қорнини ёришни жоиз деб айтишган…

ومما تقتضيه المصلحة تشريح جثة الميت كبيراً أو صغيراً، لغرض تعلم الطب، لأن تعلم الطبيب الجراحة يقصد منه إنقاذ حياة المرضى، وهذه مصلحة ضرورية، كما يقصد منه تارة أخرى دفع آلام المرض المضنية عن المريض، وهذه مصلحة حاجية.

Манфаат тақозо қиладиган ишлардан бири тиббиётни ўрганиш мақсадида катта ёки кичик ёшдаги маййитнинг жасадини ёришдир. Чунки табибнинг жарроҳликни ўрганишидан касалнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсад қилинади. Бу зарурий манфаатдир. Шунингдек, гоҳо бу ишдан касалдан оғир касалликнинг азобини даф этиш кўзда тутилади. Бу муҳтож бўлинган манфаатдир.

وأما ما يتعرض له الميت من انتهاك لحرمته، فإن هذا مدفوع بتحصيل أعظم المصلحتين. والقاعدة الشرعية: أنه إذا تعارضت مصلحتان قدم أقواهما، وإذا تعارضت مفسدتان ارتكب أخفهما تفادياً لأشدهما. ومصلحة دفع الأمراض وحصول السلامة للمجتمع عامة، ومصلحة الامتناع من تشريح الميت خاصة متعلقة به وحده، فوجب تقديم المصلحة العامة على الخاصة المرجوحة، ولا شك أيضا أن دفع الضرر عن الحي أولى من دفع الضرر عن الميت عند التعارض، بل إن تعليم الطب من الفروض الكفائية التي تجب على الأمة، وتحقيق هذا الآن متعلق بتعلم التشريح وغيره من فروع الطب، وما لا يتم الواجب إلا به فهو واجب

Аммо маййитнинг ҳурматига путур етишига келсак, бу маъно икки манфаатдан каттароғини қўлга киритиш билан даф этилади. Шаръий қоида мавжудки, агар икки манфаат бир бирига зид келиб қолса, уларнинг кучлироғи қбаул қилинади. Агар икки зарар тўқнаш келиб қолса, уларнинг энг зарари камроғини олинади, токи шу билан кучли зарарнинг йўли тўсилсин. Касалликларнинг олдини олиш ва жамият саломатлигига эришиш оммавий фойдадир. Маййитни ёришдан сақланиш манфаати эса маййитнинг ўзига тегишли бўлган хос манфаатдир. Оммавий манфаатни хусусий манфаатдан устун қўйиш вожиб бўлади. Шубҳасиз, агар иккиси бир бирига зид келиб қолса, тирик одамдан зарарни даф этиш маййитдан зарарни даф этишдан кўра зарурроқдир. Балки тиббиётни ўргатиш уммат зиммасида вожиб бўлган фарзи кифоя ишлардандир. Бу замонда ушбу вазифани амалга ошириш жасадларни ёришни ўрганиш ва бошқа тиббий амалиётларга боғлиқ бўлади. Вожибни амалга ошириш учун зарур бўладиган воситани қўлга киритиш ҳам вожиб саналади…

Аёллар ва қизлар учун

Тиббиёт соҳасида таълим олаётган қизларнинг эркак маййитнинг жасадини ёришда қатнашишлари масаласида қуйидаги фатво билан танишиш ҳам зарур, деб ўйлаймиз:

فتشريح جثث الموتى لغرض التعليم جائز إذا كان منضبطاً بالضوابط الشرعية، بأن يكون الحصول على الجثة بطريق مشروع، وأن يحافظ الدارس على الجثة ويراعي حرمتها، وألا يتجاوز في استعمالها قدر حاجته فيها لأن الضرورة تقدر بقدرها، وألا ينظر إلى عورته إلا إذا اضطر إلى ذلك، ودليل ذلك قول النبي صلى الله عليه وسلم: لا تبرز فخذك، ولا تنظر إلى فخذ حي ولا ميت. رواه أحمد وصححه الأرناوؤط. وإنما جاز النظر إليها لضرورة التعلم، لأن الضرورة تبيح المحظورة.

Ўликларнинг жуссаларини таълим мақсадида ёриб кўриш агар шаръий қоидаларга риоя қилган ҳолда бўлса жойиздир. Бунинг маъноси шуки, жасад қонуний йўл билан келтирилган бўлиши, ўрганувчи шахс жасадни эҳтиёт қилиши, унинг ҳурматини сақлаши, ундан фойдаланишда эҳтиёж чегарасидан ўтмаслиги лозим. Эҳтиёж ва заруратнинг чегараси эса аниқ белгиланиши шарт. Яна ўрганувчи одам маййитнинг авратига мажбурлик ҳолати бўлмаса, қараши мумкин эмас. Бунинг далили Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларидир: «Сонингни кўрсатма ва бирор тирик ёки маййитнинг сонига қарама». (Аҳмад ривоятлари. Арнаут: саҳиҳ). Авратга фақат мажбур бўлган ҳолатда қараш мумкин бўлади. Чунки зарурат тақиққа рухсат беради».  (Исламвеб саҳифаси, 20399 рақамли фатво).

Аллоҳ таолодан мусулмон талабаларга фойдали илм ва солиҳ амаллар тилаймиз.

Аллоҳга ҳамдлар, Унинг Расулига салом ва дуолар йўллаймиз.