Онанинг розилиги учун аёлни талоқ қилиш мумкинми?

Савол: Менинг онам яхши, солиҳа аёл. Менинг аёлим ҳам солиҳа, аммо онам аёлимни ёқтирмай қўйди. Сабаби – овқатларни мазали қилмайди, уйларни тоза тутмаяпти, дейди. Мен нима қилишим керак? Ажрашиб кетишимни хоҳламайди, (?). Уйимизда хурсандчилик бўлишини, хоссатан онамнинг хурсандлигини жуда хоҳлайман. Қори ака, маслаҳат берсангиз. Жазакумуллоҳ хойр.

А.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизга онангизнинг розилигини топишни, аёлингиз билан бахтли умр кечиришни насиб қилсин.

Аёлингизга алоҳида тилагимиз шуки, у кишида ҳам уй ишларини чиройли бажариш, аёл зотига фазилат саналмиш мазали таомлар тайёрлаш, Ислом динимиз буюрган озодаликка яхши аҳамият бериш хислатлари пайдо бўлсин.

Агар ота ёки она ўз ўғлидан аёлини талоқ қилишни талаб қилса, бу ҳолатнинг сабабларига назар солинади. Агар ота-она ўз талабида шаръан ҳақ бўлса, уларга итоат қилинади. Агар улар Шариат нуқтаи назарида ноҳақ бўлсалар, итоат қилинмайди.

* * *

Фарзанд учун ота-она розилигини олиш – фарз;

Фойдали ишларда ота-онага итоат;

Отаона ўғилдан аёли билан ажралишни талаб қилса…

* * *

Фарзанд учун ота-она розилигини олиш – фарз

Ислом динимиз ота-онага яхши муомалада бўлишни Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги ўринда турадиган муҳим фарз амал эканини таъкидлаган.

Аллоҳ талоло айтган:

{ وَقَضَى رَبُّكَ أَلا تَعْبُدُوا إِلا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً } (الإسراء/23 ).

«Раббингиз сизларнинг фақат Унга ибодат қилишларингизга ва ота-онага яхши муомалада бўлишларингизга ҳукм қилди». (Исро/23).

Ота рози – Худо рози, деган эътиқод, Жаннат – онанинг оёқлари остида, деган тушунча Исломдан бошқа бирор таълимотда йўқ. Биз мусулмонлар бундай  фазилат билан фахрланамиз ва бу хислатни сақлашга, унга доимо амалда риоя этишга ҳаракат қиламиз.

Фойдали ишларда ота-онага итоат

Ота-она розилигини топиш ва уларга итоатда бўлиш фарз экан, бу албатта Аллоҳ юборган, Расулуллоҳ олиб келган Шариат доираси ичида бўлади.

«Ислом: савол-жавоб» саҳифасида бундай ёзилади:

وطاعة الوالدين واجبة على الولد فيما فيه نفعهما ولا ضرر فيه على الولد ، أما ما لا منفعة لهما فيه ، أو ما فيه مضرة على الولد فإنه لا يجب عليه طاعتهما حينئذ . قال شيخ الإسلام ابن تيمية رحمه الله في الاختيارات ص 114 : » ويلزم الإنسان طاعة والديه في غير المعصية ، وإن كانا فاسقين … وهذا فيما فيه منفعة لهما ، ولا ضرر عليه » اهـ .

Фарзанд учун ота-онага фойда бўладиган, ўзига зарар бўлмайдиган ишларда уларга итоат қилиш вожибдир. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Ихтиёрот» асарининг 114 саҳифасида айтган: «Инсон учун гуноҳ бўлмайдиган ишларда ота-онасига агар улар фосиқ бўлсалар ҳам бўйсуниш лозим бўлади… Бу отаонага фойда бўладиган фарзандга зарар бўлмайдиган ишлардадир».  

Отаона ўғилдан аёли билан ажралишни талаб қилса…

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ шу мавзудаги саволга берган жавобларида ота-онанинг ўз ўғлидан аёлининг талоғини талаб қилиши икки хил ҳолатдан бирида бўлишини баён қиладилар.

الأول : أن يبين الوالد سببا شرعيا يقتضي طلاقها وفراقها مثل أن يقول : » طلِّق زوجتك » ؛ لأنها مريبة في أخلاقها كأن تغازل الرجال أو تخرج إلى مجتمعات غير نزيهة وما أشبه ذلك . ففي هذا الحال يجيب والده ويطلقها ؛ لأنه لم يقل » طلِّقها » لهوى في نفسه ولكن حماية لفراش ابنه من أن يكون فراشه متدنسا هذا الدنس فيطلقها .

Биринчи ҳолат: ота фарзандига аёлини талоқ қилишни ва ундан ажралишни тақозо қиладиган шаръий сабабни баён қилиб беради. Масалан, ота: «Аёлингни талоқ қил, чунки унинг эркаклар билан ҳаёсиз сўзларни гаплашаётгани, нопок йиғинларга бораётгани каби ишлар унинг ахлоқида шубҳалар пайдо қилади», деса, фарзанд отасига итоат қилиб, аёлни талоқ қилади. Чунки отаси бундай ҳолатда ўз нафсининг истаги билан «талоқ қил» деб айтгани йўқ. Балки ўғлининг тўшагини булғанишдан ҳимоя қилиб гапирди…

الثانية : أن يقول الوالد للولد «طلِّق زوجتك » لأن الابن يحبها فيغار الأب على محبة ولده لها ، والأم أكثر غيرة فكثير من الأمهات إذا رأت الولد يحب زوجته غارت جدا حتى تكون زوجة ابنها ضرة لها ، نسأل الله العافية . ففي هذه الحالة لا يلزم الابن أن يطلق زوجته إذا أمره أبوه بطلاقها أو أمه . ولكن يداريهما ويبقي الزوجة ويتألفهما ويقنعهما بالكلام اللين حتى يقتنعا ببقائها عنده ولا سيما إذا كانت الزوجة مستقيمة في دينها وخلقها .

Иккинчи ҳолат: ўғил ўз аёлини яхши кўргани учун отанинг рашки келиб, унга «аёлингни талоқ қил», дейиши. Она ҳам кўпинча рашк қилади… Бундай ҳолатда ота ёки она аёлни талоқ қилишга буюрса, ўғилга аёлни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Локин ота-онаси билан муроса қилади. Аёлини сақлаган ҳолда ота-онанинг кўнгилларини олади. Айниқса, агар аёл динида ва хулқида чиройли бўлса, ўғил ўз ота-онасига мулойим сўзлар билан муомала қилиб, аёли билан яшашига розиликларини олади. (http://www.islam-qa.com/ar/cat/142/ref/islamqa/47040)

Юқоридагилардан маълум бўладики, сиз ҳам аёлингиз ва онангиз ўртасида муроса йўлини топишга ҳаракат қиласиз. Бунда кўпроқ аёлингизни ўз камчиликларини тузатишига тарғиб қиласиз ва унга ёрдамлашасиз.

Аллоҳ таоло сизларга бахтли ҳаёт ато қилсин.

Қўшимча маълумот учун:

Эр-хотин бир-бирини яхши кўради, лекин уларни ажраштиришмоқчи