Чилим сотиш ёки реклама қилишнинг ҳукми

Савол: Мен шу маҳалда Туркиядаман. Бу ерда туристларни суратга олиш, чилим сотиш ёки реклама қилиш бўйича ишлар бўлаяпти. Шу ишларда ишласак бўладими? 

Муслим.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизнинг ризқингизни ҳалол йўллар билан етказсин ва зиёда қилсин.  

Аллоҳ таоло покиза ва фойдали нарсалар билан савдо-сотиқ қилишни ҳалол қилган. Ҳаром нарсани сотиш, сотиб олиш ва тарғиб этиш ҳаромдир.

Чилим, тамаки чекишнинг инсон саломатилигига етказадиган зарари баҳс талаб қилмайдиган ҳақиқат. Тиббиёт мутахассисларининг бу борадаги ҳаддан ошиқ хулоса ва огоҳлантиришлари билан истаганча танишиш мумкин.

Ислом дини инсон ҳаёти учун зарар келтирадиган нарсаларни ҳаром қилган. Бинобарин, сигарет ёки чилим чекишнинг ҳаромлиги ҳақида кўплаб фатволар берилган. Шулардан бирида жумладан, бундай дейилади:

فإن شرب دخان الشيشة حرام, وكذلك شرب الدخان عموما لما فيه من الإضرار بالنفس والمال والخبث والإضرار بالآخرين, فقد ثبت مما لا يدع مجالا للشك أنه يسبب الأمراض القاتلة, ومن استعمله يعتبر ظالما لنفسه ولمن حوله ومتسببا في قتل النفس التي حرم الله إلا بالحق, والله تعالى يقول: وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا *  وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا فَسَوْفَ نُصْلِيهِ نَارًا وَكَانَ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرًا { النساء : 29-30 } وعلى ذلك فاستعماله كبيرة من كبائر الذنوب يجب على صاحبها الإقلاع عنها والمبادرة بالتوبة منها .

«Чилим чекиш, шунингдек умуман тамаки чекиш нопок амал экани, инсоннинг жонига, молига ва атрофидагиларга зарар келтириши жиҳатидан ҳаромдир. Чекиш шубҳага ўрин қолдирмайдиган тарзда ҳалок қилувчи касалликларга сабаб бўлиши аниқланган. Чекувчи одам ўз нафсига ва атрофидагиларга золим саналади. У Аллоҳ ҳаром қилган ноҳақ одам ўлдиришда иштирокчи бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «Ўзларингизни ўзларингиз ўлдирмангиз. Шубҳасиз, Аллоҳ сизларга меҳрибондир. Кимки ҳаддидан ошиб ва зулм қилиб, ўша ҳаром ишларни қилса, Биз уни яқинда дўзах оловига киритурмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир». (Нисо/29-30). Шунга кўра, чилим чекиш гуноҳи кабиралардан биридир. Бунга мубтало бўлган одам ундан узилиши ва тавба қилишга шошилиши лозим». (http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?Option=FatwaId&lang=A&Id=74855)

Ҳаромлиги аниқ бўлган нарсани сотиш ёки реклама қилиш гуноҳ ишга ёрдам бериш, жиноятга шерик бўлиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади:

{ وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلا تَعَاوَنُوا عَلَى الأِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ } (المائدة\2)

«Яхшилик ва тақво устида ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва зулм устида ҳамкорлик қилманглар». (Моида/2).

Чилим чекиш модомики инсон соғлиғига зарарли экани туфайли ҳаром экан, уни сотиш ёки тарғиб этиш ҳам ҳаромдир. Суратга олиш эса ҳужжат, илм, таълим ва даъват мақсадларида жоиз бўлади.

Мусулмон инсон ҳаром ва шубҳали касблар билан тирикчилик қилишдан сақланади.

Аллоҳ таолодан сизга ҳалол ва шубҳасиз касб-кор насиб этишини сўраб қоламиз.