Болажонлар учун маслаҳатлар

Савол: Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ. Аваллам бор Аллоҳ субҳонаҳу таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотлар бўлсин. Мен 13 ёшдаман. Мен укаларим билан Германияда турамиз ва Сизга хат ёзмоқчи бўлдик. Рухсат берсангиз, саволимни берсам. Сайт, компютер ёки скайп орқали Сиз бизга Исломни мукаммал ўргата оласизми? Албатта биз намоз ўқиймиз, лекин Сиз бизни ҳам шогирдингиздек ўргатсангиз, ҳеч бўлмаса компютер орқали. Рози бўлганингиз учун раҳмат. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ.

Муҳаммад Али.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизга ва укаларингизга икки олам бахтини ато айласин. Шундай яхши болаларни тарбия қилаётган ота-онангизга ҳам Аллоҳнинг марҳаматлари ёғилсин.

Мен сизларнинг хатингизни ўқиб, жуда хурсанд бўлдим. Европада яшаб туриб, Исломга шундай қизиқаётган ўзбек болалар борлигини эшитиб, Аллоҳга ҳамдлар айтдим.

Ҳурматли Муҳаммад Али, мен Интернет орқали болаларга дарс беришни жуда ҳам хоҳлайман. Аммо вақтим етишмаслиги сабабли бу ишга муваффақ бўла олмаяпман. Лекин – алҳамдулиллаҳи ала кулли ҳал – болалар учун аталган баъзи дарслик ва қўлланмаларни саҳифамиз орқали етказишга ҳаракат қилаяпмиз. Дунёнинг қайси нуқтасидан бўлса ҳам ўзбек тилида сўзлашувчи болалар бундан фойдалана оладилар.

Биз иншоаллоҳ, яқинда 1-2 синф ўқувчилари учун «Иймон дарслари» номли китобчани, 4-5 синф ўқувчилари учун «Одоб олтиндан қиммат», деган китобчани нашр этишга бошлаймиз. Сизларга уларни ҳам ўқиб, ўрганиб боришни тавсия қиламиз. Аввалроқ ёзилган «Мусулмон боланинг китобчаси»ни қайта ишланган вариантини ҳам тақдим этамиз. Биз ҳозир ўзимиз ҳам мана шу китобларни болаларга ўқитаяпмиз.

Умид қиламанки, сизлар Ислом овози саҳифасида болалар учун чиқарилган «Ҳадислар гулбоғи» китобчасидан Расулуллоҳнинг сўзларини ёд олиб бораётган бўлсангиз керак. Болалар ана ўша ҳадисларнинг  маъноларини ҳам гапириб беришга ҳаракат қилсалар жуда яхши бўлади. Ўқувчилар, ака-укалар ўрганган нарсаларини ҳар куни бир-бирларига ва ота-оналарига гапириб беришлари фойдали одат. Уйда болалар бир кунда камида бир соат вақтни илм олишга ажратишлари зарур. Бу ишларни ота-оналар ташкил қиладилар ва бошқариб борадилар.

Муҳаммад Али, сизлар учун (ота-оналар учун ҳам) яна бир муҳим вазифа шуки, ўзингиз яшаётган шаҳардаги масжид имомлари билан гаплашиб, Қуръон ва араб тилидан дарс олишни йўлга қўйишингиз лозим. Европанинг кўп шаҳарларида бўлгани каби агар сизнинг шаҳрингизда ҳам Ислом мадрасалари мавжуд бўлса, уларга қатнашингиз мумкин. Агар бундай мадраса бўлмаса, ота-онангиздан илтимос қилинглар – улар атрофдаги ўзбек ёки бошқа миллат бўлса ҳам мусулмон оилалар билан биргаликда мадраса ёки Қуръон курслари ташкил қилишга киришсалар. Бу ишлар алҳамдулиллоҳ Ўзбекистондаги каби жиноят ҳисобланмайди. Мусулмонлар бундай имкониятлардан тўғри фойдаланишлари лозим. Эҳтимол, сизлар бу айтилган ишлардан қайсидир бирини аллақачон қилаётган бўлишингиз мумкин. У ҳолда жуда яхши. Мана шунда сизлар Аллоҳ хоҳласа, Ислом билимларининг асл манбаси бўлмиш Қуръон ва ҳадисларни тўлиқ ва тўғри ўрганиш йўлига кирган бўласизлар. Агар аксинча бўлса, яъни инсон ўзининг яшаётган ерида болаларнинг исломий ва миллий тарбияси учун ҳеч имконият топа олмаса, ундай ердан кўчиб кетиши керак бўлади. Бунинг отини дин учун ва Аллоҳ йўлида ҳижрат, деб айтилади.

Биз фурсатдан фойдаланиб, хорижда яшаётган ўзбек болаларга яна битта муҳим ишни эслатиб ўтамиз. Улар Ўзбекистонлик эканликларини доимо ёдда сақлашлари керак. Ўзбекистонга қайтиб бориш, ота-боболаримиз яшаган мусулмонлар юртини обод қилиш улуғ савобли ишлардандир. Шундай экан, болалар ўз она тилларини пухта билишлари лозим. Бунинг учун Ўзбекистон мактаблари учун чиқарилган дарсликлар асосида ўзбек тилини ўрганишлари керак. Ўзбек тилида ёзилган исломий китобларни, фойдали қисса ва ҳикояларни ўқиш, маърузалар тинглаш она тилини мустаҳкамлашга сабаб бўлади.

Биз иншоаллоҳ, келажакда вақт топиб, сизлар билан Интернет орқали сўзлашармиз, деб умид қиламиз. Ўшанда сизларнинг тиловатингизни, тайёрлаган дарсларингизни эшитиб кўришимиз мумкин. Унгача баъзан хат орқали алоқа қилиб турсак бўлади.

Сизларга ва ота-онангизга, сиз каби барча болаларга Аллоҳ таолодан фойдали илм, бахту саодат тилайман. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ.