Паррандаларни ҳалол ёки ҳаромга ажратишдаги белгилар

Бўлимлар: 22. Таом, ичимлик

Савол: Мусулмон кишилар қайси паррандалар гўштини еса бўлади?

Шохрух.

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ҳайвонлар ва паррандалардан қайси бирлари ҳалолу қайсилари ҳаром эканини аниқлашда муҳим қоидани таълим берганлар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ كُلِّ ذِى نَابٍ مِنَ السِّبَاعِ وَعَنْ كُلِّ ذِى مِخْلَبٍ مِنَ الطَّيْرِ. (صحيح مسلم – 6 / 60).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. У киши дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ов тиши бўлган йиртқич ҳайвонларни ва ов чангали бўлган қушларни ейишдан қайтардилар».  (Саҳиҳи Муслим – 6/60).

Шу ҳадисга кўра чангали билан ов қиладиган, тирик жониворларни тутиб ейдиган йиртқич қушларнинг гўшти ҳаромдир. Масалан, бургут, лочин, калхат каби йиртқич қушларни ейиш мумкин эмас.

Ов чангали бўлмаган қушларнинг гўштини ейиш ҳалол. Баъзи паррандаларнинг чангали бўлса-да, у билан ов қилмайди. Уларнинг агар емиши нопок бўлмаса, гўшти ҳалол саналади.  

Паррандаларни ҳалол-ҳаромга ажратишда эътиборга олинадиган иккинчи белги уларнинг ейдиган озуқасининг покиза ёки нопоклигидир. Ейдиган нарсаси покиза бўлган қушларнинг гўшти ҳалол саналади. Масалан, товуқ, ўрдак, ғоз, каклик, каптар, чумчуқ кабилар ҳалол. Чунки улар ўт-ўлан ва дон-дунлар билан озиқланади.

Агар қайси қуш ўлимтик ва ифлос нарсаларни ер экан, унинг гўштини ейиш ҳаром бўлади.

(http://www.islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?Option=FatwaId&lang=A&Id=34186)