Намозхон қиз: “Ҳижобга кейинроқ кирсам бўладими?”

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Савол: Мени ёшим 20да. 3 йилдан бери Нью Йоркда ота-онам билан яшайман. Ўзим Тошкентда туғилиб, ўсганман. Нью Йоркда ўқийман. Худо хоҳласа шу йили Тошкентга уйдагиларим билан кетаяпмиз. Худо хоҳласа турмушга чиқаман. Бўлажак турмуш ўртоғим билан Нью Йоркда учрашганмиз. Бошида мени юриш туришимга ҳеч нима демас эдилар… Яқинда «Мени жуфти ҳалолим бўлганингдан кейин Худо хоҳласа ҳижобга кирасан» деб қолдилар. Бу гапни эшитиб мен уларни хафа қилиб қўйдим: «Йўқ, мен ҳижобга тайёр эмасман, шунча йилдан бери бирон мартда бошимга рўмол ўрамаганман. Қишда ҳам умуман шапкаям кийишни ёқтирмайман», дедим… Ота-онамга ҳижоб ҳақидаги фикрни айтгандим, улар қарши чиқишди. Ҳамма қариндошларим хоҳлашмаяпти. Ҳозир жуда ҳам хафвли, айниқса Тошкентда бунга қаттиқ туришади деб айтишди. Кейин ҳижоб ўйинчоқмас, хоҳлаганинда кирсанг, кейин ечиб ташласанг деб.

Мен: “Мени мажбурламанг, Худодан қўрқаман, лекин бу нарсага тайёр эмасман”, деб айтдим. Менга жудаям кўп яхши гаплар айтдилар. «Мен сени охиратингни ўйлаб айтаяпман. Мен даюс эркаклардан бўлиб қолишни хоҳламайман», деб айтдилар. Мен Худога шукр, намоз ўқийман. Ҳижоб тўғрисида кўп нарсалар эшитганман. Ҳижоб ўраган дугоналарим ҳам бор. Фақат улар Америкада яшашади. Тошкентда фақатгина биттагина дугонам ҳижобда.

Мен уларга айтдим илтимос, ўзимга қўйиб беринг, агар бир кун Аллоҳ менга ҳидоят бериб, ич-ичимда ҳижобни хоҳласам ўшанда кираман…

Сизлардан илтимос, менга бирон маслаҳат берсанглар. (Савол матни қисқартириб берилди – Таҳририят.)

Ф.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизнинг унаштирилган йигит билан оила қуриб, бахтли-саодатли ҳаёт кечиришингизни насиб айласин. Яратган Зот ҳақидаги илмингиз зиёда бўлишини, ибодатларингиз Унинг даргоҳида қабул этилишини сўраймиз.

Аёллар намоз пайтида юз ва қўлларидан бошқа аъзоларини яширишлари лозим эканини билсангиз керак. Акс ҳолда намоз қабул бўлмайди.

Сизнинг намоз ўқишингиз, Аллоҳдан қўрқишингиз иншоаллоҳ яхшилик аломати. Шундан, олдингизда кўндаланг турган масала осонлик билан ҳал бўлишини умид этамиз. Сиз бундай пайтда ўзингизни қўлга олсангиз, рўпарангиздаги қийинчиликни Аллоҳнинг ёрдами билан енгиб ўта оласиз.

Биласиз, ҳаётда Ислом буюрмаган кўп қонун-қоидалар ва урф-одатлар бор. Уларнинг ҳаммаси ҳам бизнинг кўнглимизга ўтиравермайди. Қайсидир бири бизга ёқади, қайсидир бири ёқмайди. Аммо кўпчилик томонидан қабул қилинган экан, агар Исломга зид келмаса, биз уларга амал қилишга мажбур бўламиз. Ўзимиз истамаган ишни қиламиз. Шу билан ўзимиз истаган яхши мақсадга етамиз.

Шу билан бир қаторда турмушда Ислом тақиқлаган ишлар ва одатлар ҳам учрайди. Одамлар ҳатто урф-одат деб Ислом ҳаром қилган ишларни ҳам қилишади. Шунга ўзларида куч-қувват ва ирода топишади, ажабо.

Дунёда алҳамдулиллоҳ мусулмонлар ҳам яшайдилар. Улар бирор тартиб ёки қоидани Аллоҳ ва Расулуллоҳ томонларидан жорий қилинганини эшитар эканлар, уни нафсларига ёқмаса ҳам албатта қабул қиладилар. Золим ҳукуматлар қаршилик кўрсатсалар ҳам мўминлар Аллоҳнинг буйруқларига амал қилаверадилар.

Аммо баъзан Ислом амаллари ҳам инсоннинг кўнгил майлларига мос келмай қолади. Бу унинг иймони заифлигидан ва тушунчасининг торлигидан бўлади. Аммо инсон Аллоҳни қанчалик яқиндан таний бошласа, ҳаётни қанчалик чуқурроқ тушуна борса, иймони шунчалик сайқаллашиб, дунёқараши кенгайиб боради. Солиҳ амаллардан маънавий ва руҳий роҳат оладиган бўлади. Олдида нурли йўллар очилади.

Шуниси эътиборлики, амал қилиш асносида инсонда кўникма ҳосил бўлади, машаққатлар орасидан имкониятлар очилади. Бошида қийин кўринган ишлар севимли одатга айланади. Одам боласи бу амалларнинг фойдаларини ўз қалбида ҳис қила бошлагач, уни ҳеч қандай золим қайтара олмайди. Ҳаётда Ислом буюрган ишларнинг одамлар орасида тезлик билан оммалашиши ҳам тажрибадан маълум. Бу Аллоҳнинг ҳикмати ва Исломнинг ҳаётийлигидир.

Аллоҳ таолодан ҳаммамизнинг иймонимизни кучайтиришини, билимларимизни кўпайтиришини, тасаввурларимизнинг тиниқлаштиришини, оғир туюлган ишларни енгилга айлантиришини сўраймиз.

Қайсидир аёлга ёки қизга Аллоҳ буюрган иш қийин туюлаётган бўлса, ўзини ҳижобга кираяпман, деб эмас, рўмол ўраяпман, деб ўргатар, балки. Рўмол фақат мусулмонларгагина хос эмас. Рўмол ўрайдиган, аммо мусулмон бўлмаган миллатлар кўп бу оламда.

Кўпинча биз ўз фойдамиз қайсию зараримиз қайси эканини ажратмаймиз. Бунга бизнинг нафсимиз халақит беради. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади:

وَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئاً وَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَعَسَى أَنْ تُحِبُّوا شَيْئاً وَهُوَ شَرٌّ لَكُمْ وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنْتُمْ لا تَعْلَمُونَ. البقرة \216

“… Эҳтимол, сизлар ўзингизга яхши бўлган нарсани ёмон кўраётгандирсизлар. Эҳтимол, сизлар ўзингизга ёмон бўлган нарсани яхши кўраётгандирсизлар. Аллоҳ билади, сизлар эса билмассиз”. (Бақара/216). 

Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин.