Ғуслнинг фарзлари ва тартиби

Савол: Ғусл қилишнинг фарзлари ва шартлари қандай? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Наргиз.

Жавоб: Савол учун раҳмат. Инсондан ҳам қалбини, ҳам танасини пок сақлаш талаб қилинар экан, ҳар бир мусулмон бу илмдан хабардор бўлиши зарур. Жисмонан покланмаган одам Оламлар Раббисига ибодат қилишга лойиқ бўла олмайди. У Аллоҳ ва малоикалардан узоқлашиб, шайтонларга яқин бўлиб қолади.

Танани поклаш учун қилинадиган махсус ибодатни таҳорат ва ғусл, деб айтилади.

Таҳорат ва ғуслнинг ҳам, бошқа ибодатларнинг ҳам саволда сўралганидек шартлари, фарзлари ва суннатлари бўлади. Аммо ҳадисларда ибодат ва амалларнинг фарзи мана бу, суннати мана деб саналмайди. Бу вазифани оят ва ҳадисларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилган мужтаҳид фуқаҳолар бажаришади.

Ҳанафий фуқаҳоларга кўра ғуслнинг фарзлари учта: 1. оғиз чайиш; 2. бурун чайиш; 3. баданнинг ҳаммасига сув етказиш.

Учинчи шартга бадандаги соч, соқол ва туклар ҳам киради.

Ғусл бошлашдан аввал ният қилиш, бисмиллоҳ айтиш, қўлни сувли идишга тиқишдан аввал бандигача ювиш, сўнг нажосат теккан ерларни тозалаб ювиш, таҳорат олиш, аъзоларни ўнг томондан бошлаб ва уч мартадан ювиш, аъзоларнинг бири қуримасдан бошқасини кетма-кет ювиш, сув баданга яхши етиб бориши учун терини ишқалаш, сувни тежаб ишлатиш, устидан сув қуйганда аввал бошидан, кейин ўнг елкасидан, сўнг чап елкасидан қуйиш, бу ишлар ғуслнинг суннатларидан саналади.

Ғусл қилиб бўлгач, ювинаётган ердан бир қадам четга ўтиб, оёқлар ювилади. Агар ғусл қилинаётган ер текис бўлиб, оёқ остида сув тўпланиб қолмаса, оёқни алоҳида ювишга ҳожат бўлмайди.

عَنْ مَيْمُونَةَ زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَتْ تَوَضَّأَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وُضُوءَهُ لِلصَّلَاةِ غَيْرَ رِجْلَيْهِ وَغَسَلَ فَرْجَهُ وَمَا أَصَابَهُ مِنْ الْأَذَى ثُمَّ أَفَاضَ عَلَيْهِ الْمَاءَ ثُمَّ نَحَّى رِجْلَيْهِ فَغَسَلَهُمَا هَذِهِ غُسْلُهُ مِنْ الْجَنَابَةِ. (صحيح البخاري ت – 1 / 260).

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Маймунадан ривоят. У киши дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга таҳорат олгандек таҳорат қилдилар, аммо икки оёқларини ювмадилар. Фаржларини ва нопоклик етган ерларини ювдилар. Сўнг устларидан сув қуйдилар, сўнг икки оёқларини четга олиб ювдилар. Бу у кишининг жанобатдан қилган ғуслларидир». (Саҳиҳул-Бухорий – 1/260).

Аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, ғусл пайтида уни ёзиши шарт қилинмайди. Балки сочнинг тагига сув етказиб ишқаланади. Агар соч аввалдан ёзилган бўлса, ғуслда унинг ҳаммасини ювиш шарт бўлади.