Сўмда берилган қарзни долларда ҳисоблаш мумкинми?

Савол: Ўзим ижарада тураман. Уйланганимга 10 йилдан ошяпти. Оиламга уй қуриб бериш учун озгина пул тўплаб қўйган эдим ва  қурилишни бошлаб қўйгандим. Аммо жуда яқин қариндошим пул сўраб келди, ўзига жуда тўқроқ оила. Ҳовли олган экан. Эскисини сотиб, 2-3 ой ичида пулини бераман, деди. Орадан 5 ой ўтди халигача дарак йўқ. Қариндошим билан  гаплашган эдим, «Қачон уйни сотсам бераман», деяпти. Аммо топаётган 3 ойлик даромадидан қайтарса бўларди пулимни. Гаплашганимга орадан яна 2 ой ўтди хабар йўқ. Энди қурилишни бошлаб, усталарни гаплашиб қўйган бўлсам… Одатда бир сўзли бўлганман доим, алҳамдулиллаҳ. Бир биродарим қарз бермоқчи фақат долларда. Шунинг учун қариндошимга берган пулимни долларга пичиб қўйсам бўладими ҳозир? Чунки у пулни топиш учун 2-3 йиллаб  яхши гўшт емаймиз, тежаб келамиз. Пулимни қиймати йўқолиб кетяпти. Ҳовлисини сотганда бераверади. Шунга нима маслаҳат берасиз? Шу йўлни тутсам бўлаверадими?

Адҳам.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизга ёрдам берсин ва мушкулингизни осон қилсин. Қарз олган инсонга ҳам Аллоҳдан инсоф сўраймиз.

Қарзни қайси пулда берилса, ўша пулда қайтарилади. Пулнинг қадрсизланиши ҳисобига қўшимча ҳақ олиш рибога киради.

Маълумки, Исломда қарз бериш савобли иш ва бу ибодатнинг бир тури ҳисобланади. Қарз холис берилади ва ундан савобдан бошқа бирор дунёвий фойда кўзланмайди. Қарз учун фойда олиш рибодир. Қарз беришдан келадиган зарарга эса рози бўлинади. Бундан бошқа савобли ишларда ҳам қоида шундай. Масалан, бир инсон ўз ихтиёри билан, холис савоб олишни ният қилган ҳолда бировга ёрдам бериш учун кетаётган пайтда бирор зарарга йўлиқса, бунинг учун ёрдам қилинаётган одамдан товон пули ундирилмайди. Бундай ҳолатда кўрилган зарарга рози бўлинади ва Аллоҳдан ажр умид қилинади. Шунга ўхшаб, қарз бераётган одамнинг олдида пулини ўз вақтида қайтариб ололмаслик эҳтимоли доимо мавжуд бўлади. Шунинг учун Исломга амал қилмайдиган одамлар кўпинча қарз олди-берди қилишда келишилган вақтдан ўтган муддат учун фоиз тўлашни келишиб иш бошлайди. Исломда эса қарз бериш ибодат, ибодат учун ёки ибодат туфайли етадиган зарар учун пул олинмайди. Қарзини тўлай олмаган одамдан фоиз талаб қилинмайди.

Қарзни тўлаш пайти келганда агар икки томон келишса, пулни истаган кўринишда олди-берди қилиш мумкин. Масалан сўмда олинган қарзни икки томоннинг розилиги билан долларда қайтариш жоиз. Аммо бунинг шарти шуки, пулнинг нархи қарзни қайтараётган кундаги нарх бўлиши керак. Қарз олаётган пайтдаги нарх ҳисоб қилинмайди. Шунинг учун сиз қариндошингизга берган сўмдаги пулни ҳозирдан долларга ҳисоблаб қўйишингиз мумкин эмас. (http://islamweb.net/ver2/fatwa/ShowFatwa.php?lang=A&Id=5610&Option=FatwaId)

Қарзини тўлашга қодир бўла туриб, бермай юрган одам эса гуноҳкор бўлаётган одам саналади. Унга насиҳат қилинади ва ундан қарзни тўлаш талаб қилинади.

عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَقُولُ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَطْلُ الْغَنِيِّ ظُلْمٌ». (صحيح البخاري – 6 / 155).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қодир одамнинг қарзни бермай чўзиб юриши зулмдир». (Саҳиҳул-Бухорий – 6/155).