Ота-онадан бемаслаҳат оила қуриш – хатарли иш

Бўлимлар: 18. Никоҳ

Ҳусайн исмли биродардан савол:

Мен Россияда ўқийман. Шу ерга келиб Исломни ўргандим, алҳамдулиллаҳ. Мен 25 ёшдаман. Иймонимни пурқувват қилиш учун яхши бир исломий оила қурмоқчиман, иншааллоҳ. Зинодан қўрқаман. Шунинг учун бир синглимиз билан интернетда танишиб қолдим. Бориб учрашдим. Менга маъқул бўлди. У ҳам иймонли, Исломни яхши тушунади. Биз яхши бир исломий оила қурмоқчимиз, аммо унинг ота-онаси норози. Қизнинг айтишича, унинг ота-онаси шиа, фақат куфр гапларни айтишади. Қизларини бир имонсиз, Исломдан анча узоқ жоҳилга эрга беришмоқчи бўлишган, қиз норози бўлган. Менга кўп киши ота-онаси рози бўлмаса яхши эмас, дейишади. Мен унинг ота-онаси норозичилиги билан никоҳ қилиб олсам бўладими? Бир маслаҳат берсангиз?

Шайх Обидхон қори жавоблари:

Ёшларнинг ота-она ва қариндошлардан бемаслаҳат турмуш қуришлари арзимаган сабаб билан бузилиб кетадиган оилаларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Ўзга юртларда истиқомат қилаётган инсон, хоҳ йигитдир, хоҳ қиздир ота-она, бобо, ака, амаки, тоға каби яқин инсонларнинг ҳеч бўлмаганда биронтасининг иштирокида тўй ўтказишга ҳаракат қилиши лозим. Чунки йигит ёки қизнинг ўсиб-улғайиб, тарбия топиб, оила қурадиган даврга етиб боргунича мана шу айтилган инсонларнинг кўп хизматлари синган бўлади.

Сизга ҳам маслаҳатимиз – ота-онангиз билан боғланиб, уларнинг розиликларини олинг. Катта ёшлилар ичидан иймон-эътиқодли инсонларнинг фикрларини сўранг. Шунда иншоаллоҳ, ишингиз баракали ва оқибатингиз хайрли бўлади.

عَن ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال:

«الْبَرَكَةُ مَعَ أَكَابِرِكُمْ».

رَوَاهُ الطبراني وقال الألباني: صحيح.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Барака катталарингиз билан биргадир».

(Табароний ривоятлари, Албоний: саҳиҳ).

Қиз бола ўз-ўзидан турмушга чиқиб кетавермайди. Уни валийси турмушга узатади. Шунда қизнинг ортида ҳимоячиси, ҳаққини сўраб-суриштирадигани борлиги билиниб туради.

عن عائشة رضي الله عنها عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال:

«لا نكاح إلا بوليّ. والسلطان وليّ من لا وليّ له».

(الجامع الصغير، وصححه الألباني).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Валийсиз никоҳ қилинмайди. Валийси йўқнинг валийси султондир».

(Ал-Жомиъ ас-сағир. Албоний: саҳиҳ).

Агар қиз боланинг валийси бўлмаса, мусулмон давлатнинг раҳбари ёки у тайинлаган шахс валийлик вазифасини адо этади.

Сизлар ўзингиз турган ердаги расмий диний муассасага мурожаат қилинглар ва ҳолатни тўлиқ баён қилиб, мазкур масалада йўл-йўриқ кўрсатишларини сўранглар. Умид қиламизки, улар сизларга маслаҳат ва ёрдам беришади.