Мусулмон қизнинг номусулмон билан оила қуриши

2-январ, 2011 йил

Савол:

Мусулмон қизнинг мусулмон эмасга эрга тегиши ҳукми Шариатда қандай? Бу савол ўзим учун эмас, бир акахон учун. Бу саволни сизга бир неча маротаба ёздим. Сабаби – бир акахон қизини мусулмон эмасга турмушга беряпти. Илтимос, Аллоҳ рози бўлсин сиздан, шу саволга жавоб беринг. Қолаверса, бу масала жуда кўп ўзбек аёл-қизларини ўйлантирар, иншоаллоҳ.

Дурбек.

 

Шайх Обидхон қори жавоблари:

Мусулмон қизнинг мусулмон бўлмаган эркакка турмушга чиқиши Ислом динига хилоф ишдир. Бундай йўлнинг оқибати инсон ҳаётида жиддий ўзгаришларга олиб келади. Қалбига Ислом эътиқодини жо айлаган, мусулмонлик урфини биладиган мусулмон қиз ўзгача одат, бегона ақида остида яшай олмайди. Бунинг устига ўзга диндаги одамга турмушга чиқиш инсонни маҳалла-кўй, элу юрт ва қариндош-уруғлардан узоқлашишга, энг ачинарлиси – ўз динидан ажралишга олиб келади.

Оила қуришда оқил одам ўз билганича иш тутмайди. Балки ота-она, қариндош-уруғлар ва катта ёшли инсонлар билан маслаҳатлашган ҳолда ҳаракат қилади. Бу масалада бизнинг динимиз нимага буюради, деб сўраб-суриштиради.

Қуръонда нима дейилган?

Оила-никоҳ ва талоқ мавзуси Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида баён қилинган. Шулардан бири муслима аёлнинг мусулмон бўлмаган эркак билан яшашига доир қуйидаги оятдир:

{ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا جَاءَكُمُ الْمُؤْمِنَاتُ مُهَاجِرَاتٍ فَامْتَحِنُوهُنَّ اللَّهُ أَعْلَمُ بِإِيمَانِهِنَّ فَإِنْ عَلِمْتُمُوهُنَّ مُؤْمِنَاتٍ فَلا تَرْجِعُوهُنَّ إِلَى الْكُفَّارِ لا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلا هُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّ } (الممتحنة –  10)

«Эй иймон келтирган инсонлар, агар сизларнинг олдингизга мўминалар муҳожир бўлиб келсалар, бас уларни имтиҳон қилиб кўрингиз. Иймонларини Аллоҳ билгувчироқдир. Бас, агар уларни мўмина, деб билсангиз, кофирларга қайтариб юбормангиз. Улар кофирларга ҳалол эмас, кофирлар ҳам уларга ҳалол бўлмайдилар». (Мумтаҳина – 10).

Олимлар бу ва бошқа ҳужжатларга асосланиб, мусулмон қиз ёки аёлнинг Аллоҳга ишонмайдиган, Исломда бўлмаган одамга турмушга чиқиши мумкин эмаслигини баён қилишган.

Қизини мусулмон бўлмаган одамга турмушга узатадиган ота Аллоҳнинг мана шу оятига қарши турган бўлади.

Фатволардан намуна

Миср давлатининг расмий фатво муаассасаси ҳисобланган Ал-Азҳар университетининг фатволар тўпламида муфтий Бакри Ас-Садафий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзлари келтирилган:

فتاوى الأزهر – (1 / 245(

زواج المسلمة بغير المسلم

المفتي

 بكري الصدفي

26 ذى القعدة 1327 هجرية

المبادئ

زواج المسلمة بغير مسلم باطل ويلزم التفريق بينهما ولا يترتب عليه شىء من أحكام النكاح الصحيح

السؤال

 مسلمة خالية من الأزواج .

وقد تزوجت بغير مسلم بعقد . فهل يكون هذا الزواج صحيحا أو يكون باطلا ولا يترتب عليه أحكام الزواج الشرعية

الجواب

 نعم يكون هذا النكاح باطلا ويلزم التفريق بينهما ولا يترتب عليه شىء من أحكام النكاح الصحيح .واللّه تعالى أعلم.

«Азҳар фатволари – 1/245

Муслима қиз-аёлнинг ғайри мусулмон  билан турмуш қуриши

Муфти – Бакри АсСадафий

1327 ҳ. 26 Зулқаъда

Хулосалар:

Муслима қиз-аёлнинг мусулмон бўлмаган билан турмуш қуриши ботилдир ва уларнинг орасини ажратиш лозим бўлади…»

«Ислом: савобжавоб» вебсаҳифасида шу мавзудаги саволга мана бундай жавоб берилган:

«Муслиманинг кофир билан никоҳланиши жоиз эмас. Агар қизнинг розилиги билан бўлса ҳам шундай воқеа содир бўлган бўлса, уларнинг никоҳлари саҳиҳ бўлмайди…»

(http://www.islam-qa.com/ar/ref/131398)

 

Бу ҳодисанинг сабаблари нимада?

Саволда сўралган ҳодиса кўпинча одам боласининг пул, енгил ҳаёт ва маишатга ўрганиши натижасида пайдо бўлади. Оилада исломий қадриятларнинг йўқлиги, отаона томонидан таълим-тарбия эмас, моддий манфаатнинг биринчи ўринга қўйилиши ёшларни турли номақбул кўчаларга бошлайди. Ўз фарзандининг бахтини фақат молу дунёда ва яхши ебичишда кўрадиган ота ёки она ҳақиқатда боласининг келажагини ўз қўли билан барбод қилаётган бўлади. Ундай оилалар одатда мусулмонлик урфидан бегона ва Ислом билимларидан бехабар бўлишади.

Ақлли инсон ўзининг ёки боласининг бахти молу дунё билан келмаслигини билади. Бахту саодат моддиятда эмас, иймон, маънавият, ҳалол меҳнат, илм ва ибодатдадир. Аллоҳнинг Ўз бандасига ҳар икки оламда ато қиладиган яхшиликлари инсоннинг иймони, солиҳ амаллари ва ҳалол меҳнати туфайли келади. Иймон эса қуруқ сўз эмас, балки тегишли илммаърифат, маълум эътиқод, аниқ тушунча ва қатор амаллардан иборат. Инсон иймонни билмаса, қиладиган ишлари нафси буюрган нарсалардан иборат бўлса, шубҳасиз, тўғри йўлдан озиб кетади.

Оила қуриш масаласида Ислом буюрганларига тескари келадиган йўлдан кетган, аммо ўзини ҳали ҳам мусулмон ҳисоблаётган одамга нима дейиш мумкин?

Ундай инсон учун қуйидагиларни эслатиш ўринли, деб ўйлаймиз.

Дунё ҳаёти Охират йўлаги

Ислом динимиз таълимотига кўра, ҳаёт фақат бу дунёнинг ўзидан иборат эмас. Дунё ҳаётининг давоми бор ва у абадийдир. Дунё ва Охират ҳаёти орасидаги муҳим фарқлардан яна бири шуки, ер юзидаги ҳаёт тарзини қандай ўтказиш масаласида инсон зотига ихтиёр берилган. Истаган одам бу оламда мусулмонлик ҳаётини кечиради, истаган одам ноисломий йўлни танлайди. Аммо олам ҳаёти ҳар икки тоифа одамлар учун ҳам қатъий чекланган қисқа муддатлар ичида ўтади.

Ҳар бир инсонга дунё ҳаётидан берилган муддат ўзининг чегарасига етганда тугайди ва ўша дамда унинг жони узилади. Шу лаҳзадан у одамнинг Охират ҳаёти бошланади. Уни қабр («барзах») ҳаёти ҳам дейилади. Эътиборли ери шундаки, иккинчи дунёдаги ҳаёт тарзини танлашда инсон учун ҳеч қандай ихтиёр берилмайди. Ҳамма ихтиёр фақат мана шу дунёда. Кейинги дунё ҳаёти бу дунёдаги ишларнинг жавобидан иборат бўлади.

Ердаги ҳаёт бутун олам миқёсида олганда ниҳоятда узун ва ранг-баранг бўлиб кўринса ҳам бир инсонга нисбатан олганда жуда қисқа ва оздир.

}قُلْ مَتَاعُ الدُّنْيَا قَلِيلٌ{

«Айтинг, дунё матоси оздир». (Нисо, 77).

Дунё Охиратга ўтадиган узун йўлак кабидир.

 

Вақтинчаси йўқ бўлади, ҳақиқийси давом этади

Дунё мулки ва ер ҳаёти одамлардан кейин ҳам ҳали анча вақтгача, яъни то Қиёмат келгунча қолади. Одамлар тезроқ кетадилар. Бу ҳақиқатни ҳар бир шахс ўзига нисбатан таққослаб кўрса, умри ниҳоятда тез фурсатларда ўтиб кетишини англайди. Маълум муҳлатда тугайдиган нарса эмас, балки абадий қоладигани ҳақиқий саналади. Шу эътибор  билан ҳақиқий ҳаёт Охират ҳаётидир.

}وَمَا هَذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا لَهْوٌ وَلَعِبٌ وَإِنَّ الدَّارَ الْآخِرَةَ لَهِيَ الْحَيَوَانُ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ{ (العنكبوت، 64).

 «Бу дунё ҳаёти фақат беҳудалик ва ўйиндир. Охират уйи эса – ана у – ҳақиқий ҳаётдир. Қани эди буни биласалар!» (Анкабут, 64).

لو كانوا يعلمون : أي لو علم المشركون هذا لما آثروا الدنيا الفانية على الآخرة الباقية.

(أيسر التفاسير للجزائري – 4 / 151).

«Яъни, агар мушриклар бу ҳақиқатни билганларида эди йўқ бўлиб кетадиган дунёни абадий Охиратдан устун қўймаган бўлардилар». (Айсарут-тафосир-  4/151).

Бу сўзларимиз Аллоҳга иймон келтирмаган, Охиратга ишонмаган одамлар учун эмас, юқорида айтганимиздек, ҳали ўзини мусулмон деб билаётган, Аллоҳга ва Охиратга озгина бўлса ҳам иймони бўлган одамлар учундир. Иймони заифлашган мусулмон ҳали ҳам мусулмон. Агар у ўзини ўнглаб олса, хатосини тушуниб етса ва тузатишга киришса, истиғфор айтиб тавба қилса, Аллоҳ албатта кечиради. Агар хато йўлда давом этаверса, Исломдан чиқиб кетади.

Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоятга бошласин. Ердаги енгил-елпи ҳаёт ва осон топиладиган пулни қувиб, абадий яхшиликдан ажралиб қолишдан Ўзи сақласин.

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi