Маҳбусларнинг бир-бирларига мурувватли бўлишлари хайрли амал

Бўлимлар: 11. Ахлоқ ва одоб

Савол: Яна биз қамоқхонадаги биродарларингиз. Ҳурматли биродар, ўзингиз яхши биласиз, қамоқхоналарда ўғрилар қонуни билан яшашади ва уларнинг коробкаси бор. Уни ўртаники, деб қўйишади. Ўртаники дегани шуки, ҳамма қамоқдагилар у-бу нарсаларидан, озиқ-овқатларидан озгина-озгинадан бериши керак. Бу ўғрининг қонуни бўйича. Лекин алҳамдулиллаҳ, биз учун мумкин эмас буни қилиш, чунки ўғрининг қонунини бажариш гуноҳ. Энди биродари азиз, бу ҳолат бугунги кунда жуда кўп қамоқдаги биродарларимизни қизиқтиради. Улар қаторида бизни ҳам! Саволимиз шундай: бу ерда биродарлар кўп, кимгадир акаси бор ёрдам беради, озиқ-овқат ва ҳоказо. Кимнидир ҳеч кими йўқ! Уларга қийин бу ерда. Бўлиб туради шунақанги ҳолатлар, биз муртад ва кофирларни баъзида эшитмаганимиз учун бизни узоқларга жўнатади, якка қилиб қамайди. Шу ҳолатларда уларга қийин бўлади озиқ-овқатдан ва бошқа нарсалардан. Шунинг учун биз ҳам шу биродарларимиз учун, яъни муслимлар учун бир коробка қилиб, шундай ҳолатларда тўпланган нарсалардан ёрдамсиз биродарларга ёрдам берсак, деган эдик. Нима дейсиз ҳурматли аҳли илм? Бу ишимиз уларнинг қонунига ўхшашлиги учун, бу каробкани ўғри ўйлаб чиққани учун бизга гуноҳ бўлмайдими? Бу биз учун жудаям зарур. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбаримизда ёки саҳобаларда бўлганми бунга ўхшаш ҳолатлар? Илтимос, далиллар билан агар имконият бўлса иншааллоҳ. Жазакаллоҳу хойрон.

Раҳмонқул.

Жавоб: Аллоҳ таолодан нохақ қамалган инсонларга нажот ва озодлик беришини сўраймиз. Хоҳ эркинликда бўлсин, хоҳ қамоқхонада бўлсин, инсон боласи учун бир-бирининг ҳолидан хабар олиш, қийналганларга ёрдам бериш – яхши фазилат. Бу ҳамма халқларда мавжуд одат. Шундай экан, маҳбуслар ўзларига келган озиқ-овқатдан бир-бирларига насиба беришлари ёки ихтиёрий равишда жамоавий қути ташкил қилишлари Ислом таълимотларига хилоф иш эмас. Аммо тутқунликда ҳаёт кечираётган, эркинликлари кескин чекланган инсонларнинг фойда деб қиладиган ишлари ўзларига зарар келтирадиган бўлмаслиги керак. Биз маҳбус биродарларнинг Аллоҳ буюрган фарз амал – намозни адо этганлари учун шафқатсиз жазоланаётганларини тез-тез эшитамиз. Шундай шароитда мустаҳаб иш саналадиган амал – жамоавий қути ташкил қилиш қамоқхона нозирларининг шубҳасига сабаб бўлиб, фойда ўрнига зарар келтирмайдими? Тўғри, қамоқхоналар ички қоидалари билан бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Қайсидир қамоқхонанинг шароитлари енгилроқ бўлиши мумкин. Агар савол сўраган биродарларнинг ҳолатлари ҳам бир-бирларига ёрдам қилиш даражасида бўлар экан, алҳамдулиллоҳ, бунга Ислом шариати томонидан ҳеч қандай монелик йўқ.

Бу мавзуда Саҳиҳул-Бухорийда келган қуйидаги ҳадис бор:

عَنْ أَبِي مُوسَى قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ الْأَشْعَرِيِّينَ إِذَا أَرْمَلُوا فِي الْغَزْوِ أَوْ قَلَّ طَعَامُ عِيَالِهِمْ بِالْمَدِينَةِ جَمَعُوا مَا كَانَ عِنْدَهُمْ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ ثُمَّ اقْتَسَمُوهُ بَيْنَهُمْ فِي إِنَاءٍ وَاحِدٍ بِالسَّوِيَّةِ فَهُمْ مِنِّي وَأَنَا مِنْهُمْ. (صحيح البخاري – 6 / 310).

Абу Мусо Ал-Ашъарийдан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ашъарийлар агар ғазотда озуқалари тугаса ёки Мадинада оилаларининг озиқ-овқатлари камайиб кетса, қолганқутган нарсаларини бир матога тўплар, сўнг ўрталарида бир идиш билан баробар тақсимлар эдилар. Бас, улар мендан, мен уларданман». (Саҳиҳул Бухорий – 6/310).

Бу ҳадиснинг шарҳида уламолар ёзишади:

وفيه منقبة عظيمة للأشعريين من إيثارهم ومواساتهم بشهادة سيدنا رسول الله وأعظم ما شرفوا به كونه أضافهم إليه وفيه استحباب خلط الزاد في السفر والحضر أيضا وليس المراد بالقسمة هنا القسمة المعروفة عند الفقهاء وإنما المراد هنا إباحة بعضهم بعضا بموجوده وفيه فضيلة الإيثار والمواساة عمدة القاري شرح صحيح البخاري – (19 / 371)

«Бу ҳадисда Ашъарийларнинг саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳликлари ила улуғ мартаба соҳиблари эканликлари маълум қилинади. Ашъарийларни шарафлаган энг буюк нарса уларни Расулуллоҳ ўзларига боғлаганларидир. Яна ҳадисдан сафарда ҳам, ватанда ҳам озиқовқатни бирбирига қўшиш мустаҳаб экани… бошқанинг манфаатини ўзиникидан устун қўйиш ва мурувватли бўлишнинг фазилати англашилади». (Умдатул-Қорий шарҳи Саҳиҳил-Бухорий – 19/371).

Ҳар бир шахс ёки оила ўзида бор нарсани ихтиёрий равишда бир ерга тўплаб, сўнг уни ҳаммага баб-баробар тақсимланиши мустаҳаб ва савобли амал саналиши билан бир қаторда айрим ҳолатларда бу иш исломий давлат раҳбари томонидан мажбурий қилиб қўйилиши мумкин. Буни мазкур ҳадисни шарҳлаган олимлар ҳам баён қилишган:

وإنما يكون هذا عند شدة المجاعة ، فللسلطان أن يأمر الناس بالمواساة ويجبرهم على ذلك ، ويشركهم فيما بقى من أزوادهم أحياء لإرماقهم وإبقاء لنفوسهم ، وفيه أن للإمام أن يواسى بين الناس فى الأقوات فى الحضر بثمن وبغير ثمن. (شرح صحيح البخارى لابن بطال – 7 / 7).

«Бу қаттиқ очарчилик пайтида бўлиши мумкин. Шундай вақтда султон одамларни мурувватли бўлишга буюриши ва буни мажбурий қилиб қўйиши мумкин. Султон одамларни ўлимдан ҳимоялаш, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида қўлларида бор овқатозиқларини бирга баҳам кўришга амр қилади…» (Шарҳи Саҳиҳил-Бухорий, Ибн Баттол – 7/7).

Демак, очарчиликдан бошқа пайтларда озиқ-овқатларни ўртага йиғиб, кейин ҳаммага баробар тақсимлаш ихтиёрий равишда бўлиши керак.