Қабр устига ёзишнинг ҳукми

Савол:  Сиздан қабр тоши ҳақида сўрамоқчиман. Дугонамнинг онаси оламдан ўтган. Дугонам: «Онам қабрининг бош томонига мармар тошданми, оддий тошданми, онамнинг исм-шарифини ёзиб қўйсам бўладими?» деганди. Шундоқ қилса гуноҳ бўлмайдими? Жавоб учун раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин, жавобини кутамиз.

Маҳдия.

Жавоб:

Қабр устига ёзиш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида кўрилмаган иш. Расулуллоҳ даврларида қабр эгаларини таниб олиш учун тошлардан аломат қўйишар эди.

 عن المطلب قال لما مات عثمان بن مظعون أخرج بجنازته فدفن فأمر النبي صلى الله عليه و سلم رجلا أن يأتيه بحجر فلم يستطع حمله فقام إليها رسول الله صلى الله عليه و سلم وحسر عن ذراعيه قال كثير قال المطلب قال الذي يخبرني ذلك عن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال كأني أنظر إلى بياض ذراعي رسول الله صلى الله عليه و سلم حين حسر عنهما ثم حملها فوضعها عند رأسه وقال » أتعلم بها قبر أخي وأدفن إليه من مات من أهلي» .  (سنن أبي داود – (2 / 230. قال الشيخ الألباني : حسن).

Мутталибдан ривоят. У киши деди: «Усмон бир Мазъун вафот бўлган пайтда унинг жасади олиб чиқилиб, дафн қилинди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир одамга бир тошни келтиришни буюрдилар. У одам тошни кўтара олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, тошнинг олдига бордилар ва икки енгларини шимардилар. Касир айтди: Мутталиб деди: Буни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан хабар қилган одам айтди: «Мен худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки оппоқ билакларини шимарганларига қараб тургандекман. Кейин Расулуллоҳ тошни кўтариб, Мазъуннинг бош томонига қўйдилар ва дедилар: «Бу билан укамнинг қабрини билиб оламан ва оиламдан кимдир вафот бўлса, шунинг ёнига дафн қиламан». (Сунани Абу Довуд – 2/230; Албоний: ҳасан).

Шу ҳадисга кўра қабрнинг эгаси билиниб, бошқасидан ажралиб туриши учун унга тош ёки ёғоч каби нарсаларни аломат қилиб қўйиш мумкин. Аммо уларга нақш солиш, зийнат бериш жоиз эмас.

Қабр устига ёзиш ҳақида қуйидаги ҳадислар келган.

عن جابر قال: « نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ تُجَصَّصَ الْقُبُورُ وَأَنْ يُكْتَبَ عَلَيْهَا وَأَنْ يُبْنَى عَلَيْهَا وَأَنْ تُوطَأَ «. (سنن الترمذي – (3 / 368 .قال الشيخ الألباني : صحيح).

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни гипс билан суваш, уларнинг устига ёзиш, бино қуриш ва қабрларни босишдан қайтардилар. (Сунани Термизий  3/368; Албоний: саҳиҳ).

 عن جابر قال : «نهى رسول الله صلى الله عليه و سلم أن يبني على القبر أو يزاد عليه أو يجصص». زاد سليمان بن موسى «أو يكتب عليه». (سنن النسائي – 4 / 86. قال الشيخ الألباني : صحيح).

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрнинг устига бино қуришдан ёки қабрни катталаштиришдан ёки уни гипс билан сувашдан қайтардилар. Сулаймон бин Мусо қўшимча қилди: Ёки унинг устига ёзишдан. (Сунани Термизий 3/368; Албоний: саҳиҳ).

Аммо баъзи уламолар бу ҳадислардаги «қабр устига ёзиш» деган қисмини заифдир, дейишади. Улар, бинобарин, қабрнинг кимга тегишли эканини билиш учун ёзишга эҳтиёж бўлар экан, оддий қилиб ёзиш жоиздир, деб айтишган. (http://www.islamway.com/?iw_s=Fatawa&iw_a=view&fatwa_id=13639)

Раддулхмуҳтор қитобида Расулуллоҳнинг укалари қабри устига тош қўйганлари ҳақидаги ҳадис сўнггидан ёзилади:

 فَإِنَّ الْكِتَابَةَ طَرِيقٌ إلَى تَعَرُّفِ الْقَبْرِ بِهَا (رد المحتار – 6 / 380).

«Китобат қабрнинг танилиб туриш йўлидир». (Раддулхмуҳтор – 6/380).