Нима сўрасангиз, Аллоҳдан сўранг

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол: 1. Кўплар «Ё пирим!» деб ўрнидан туради. «Пирим» нима бу? 2. Намоз ўқиётган пайтда рукуъдан кейин тураётганда «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деб туради-да, осмонга бир қараб қўяди. Шу  Суннатда борми ёки бидъатми?

Ҳозирча шуларга  жавоб беринг. Иложи бўлса ҳадис билан.

Жавоб: 1. Агар рўпарасида турган тирик одам бўлмаса, вафот бўлган шахсга хитобан: «Ё пирим», деб айтиш, ундан мадад сўраш ва умид қилиш мумкин эмас. Бу иш авлиёларга сиғиниш бўлади ва Исломда қайтарилган катта ширк амалига киради.

عن ابن عباس قال : كنت خلف رسول الله صلى الله عليه و سلم يوما فقال يا غلام إني أعلمك كلمات احفظ الله يحفظك احفظ الله تجده تجاهك إذا سألت فاسأل الله وإذا استعنت فاستعن بالله واعلم أن الأمة لو اجتمعت على أن ينفعوك بشيء لم ينفعوك إلا بشيء قد كتبه الله لك ولو اجتمعواعلى أن يضروك بشيء لم يضروك إلا بشيء قد كتبه الله عليك رفعت الأقلام وجفت الصحف. (سنن الترمذي – 4 / 667. قال الشيخ الألباني : صحيح).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. У киши дедилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида мингашиб кетаётган эдим. У зот айтдилар: «Эй бола, мен сенга бир неча калималарни ўргатаман. Аллоҳни сақлагин – У сени сақлайди. Аллоҳни сақлагин – Уни рўпарангда топасан. Агар сўрасанг, бас, Аллоҳдан сўра, агар ёрдам истасанг, бас Аллоҳдан иста. Билгилки, агар уммат сенга бирор фойда етказиш учун жам бўлсалар, Аллоҳ сенга аввалда ёзиб қўйган нарсадан бошқа биронта нарсани етказа олмаслар. Агар улар сенга бирор зарар етказиш учун тўплансалар, Аллоҳ сенга аввалда ёзиб қўйганидан бошқа биронта зарар етказа олмаслар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган». (Сунани Термизий, Албоний: саҳиҳ).

2. Намозда рукуъдан тураётганда «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деб, осмонга бир қараб қўйиш Суннатда йўқ.