Ҳажжи бадал қилишнинг қоидалари

Бўлимлар: 05. Ҳаж, Зулҳижжа

Савол: Илтимос, ҳаж бадалнинг ҳукмларини айтиб берсангиз. Ҳаётдан кетганларга ҳаж бадал қилса бўладими? Қоидалари қандай? Савоб умид қилса бўладими бу амалга? 

Абу Умар.

Жавоб: Ҳажжи бадал дегани бировнинг номидан ҳаж қилишни англатади. Бу жоиз амал ва холис ният билан қилган одам учун иншоаллоҳ кўп савоблар ёзилади.

Бировнинг номидан ҳаж қилиш жоиз

Ибн Усаймин: «Бировнинг ўрнига ҳаж қилиш Суннатда келган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир аёл сўраган: «Аллоҳнинг ўз бандалари устидаги фарзларидан бири – ҳаж. Мен отамнинг эгар устида ўтиришга ярамайдиган ҳолатда эканини биламан. Унинг номидан ҳаж қилишим керакми? Расулуллоҳ «Ҳа» дедилар. Агар инсоннинг ҳаждан мақсади ҳақ олиш бўладиган бўлса, Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Кимки пул учун ҳаж қилса, бас Охиратда унга бирор насиба йўқдир. Аммо кимки, ҳаж қилиш учун пул олса, бунинг зарари йўқ». Демак, бировнинг ўрнига ҳаж қилишни ният қилган одам ҳаж учун олган молидан ҳаж учун фойдаланишни ният қилиши лозим. Шу билан бирга биродарининг ҳожатини чиқаришни ҳам ният қилади…» (Ибн Усаймин, Лиқоотил бобил мафтуҳ 89, 6 савол).

Ҳар қандай одамнинг номидан ҳаж қилинмайди

Тани жони соғ одам ҳажжи бадал қилдириши мумкин эмас. Камбағал одамдан ҳам ҳажжи бадал дуруст бўлмайди. Чунки унга хаж фарз бўлмаган.

«Ўзининг зиммасидаги ҳаж фарзини адо этган мусулмоннинг бошқа бировнинг номидан ҳаж қилиши жоиздир. Аммо бунинг шарти шуки, хажга бора олмаган одам жуда қартайиб қолган кекса ёки тузалиши умид қилинмайдиган касал ё эса вафот бўлган одам бўлади. Аммо унинг номидан ҳаж қилинадиган одам ўткинчи сабабларга кўра бора олмай турган бўлса, масалан, у тузалиши мумкин бўлган касал ёки сиёсий узри бор ё эса йўл нотинчлиги учун бора олмай турган одам бўлса, унинг номидан ҳаж қилиш мумкин эмас». (Фатволар қўмитаси – 11/51).

Ҳажжи бадалнинг савоби кимга бўлади?

«Ҳаж маросимларига тааллуқли барча амалларнинг савоби вакил қилган одамники бўлади. Аммо ҳаж амалларидан ташқари ишлар: Ҳарамда намоз савобининг кўпайтириб берилиши, қўшимча ихтиёрий тавоф, Қуръон тиловатининг ажрлари ҳаж қилган одамники бўлади, вакил қилган одамники эмас». (Ибн Усаймин, Аз-Зиёул-Ломиъ – 2/478).

«Кимки бировнинг номидан хоҳ ҳақ эвазига, хоҳ холисан лиллоҳ ҳаж ёки умра қилса, ҳаж ва умранинг савоби кимнинг номидан қилинган бўлса ўшанга бўлади. Ҳаж қилган одам учун ҳам ихлоси ва яхшиликка бўлган муҳаббатига яраша улкан ажр ёзилиши умид этилади. Масжидул-Ҳаромга етишган ва у ерда нафл ибодатларни, Аллоҳга яқинлаштирувчи турли амалларни кўп қилган ҳар бир одам – агар амалини Аллоҳ учун, деб холис адо этса – жуда кўп яхшиликка эришади, деб умид этилади». (Фатволар бўйича доимий қўмита, Фатволар тўпмлами 11/77, 78).

Имом Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ: «Довуд дедилар: «Мен Саид бин Мусайябдан сўрадим: «Эй Абу Муҳаммад, қайси бирига ажр бўлади: ҳаж қилувчигами ёки унинг номидан ҳаж қилинган одамгами?» Саид дедилар: «Аллоҳ таолонинг марҳамати уларнинг ҳар иккисига ҳам етиб ортади». Ибн Ҳазм: «Саид раҳмимаҳуллоҳ тўғри айтган». (Ал-маҳаллий 7/61).