Ийд куни ишлаш керакми ёки дам олиш?

Савол: Биз мусофирчиликда, Россияда ишлаймиз. Саволимиз шундан иборат: Ҳайит намозидан кейин ишласа бўладими? Баъзилар ишлаш ҳаром, дейишаяпти. Илтимос, жавоб берсангиз. Аллоҳ сиздан рози бўлсин.

Ҳасан.

Жавоб: Ийди Қурбон ва Ийди Рамазон кунлари ҳайит намозидан сўнг ёки жума куни жумъа намозидан бошқа пайтда ишлашни тақиқлайдиган бирор оят ёки ҳадис келмаган. Ҳар бир балоғатга етган эркак мусулмон учун дунё иши билан шуғулланиш тақиқланадиган вақт жумъага азон айтилган вақтдир. Жумъа азонидан сўнг ҳар қандай ишни тўхтатиб ибодатга киришиш вожиб. Бу пайтда бошқа иш билан машғул бўлиш гуноҳ ва ҳаром саналади. Ийд ва жумъа намозларини ўқиб бўлгандан сўнг дунё ишлари билан машғул бўлиш жоиз. Бироқ мусулмонлар ўз динларини улуғлашга, йилда икки марта келадиган Ислом байрамларини чиройли ўтказишга даъват қилинадилар. Жума куни ҳам бир ҳафтада бир марта келадиган хос ибодатга алоҳида тайёргарлик кўриш, ғусл қилиб чиройли кийимларини кийиш, барвақтроқ масжидга бориш фазилатли ва баракотли амал саналади. 

Исломдаги икки улуғ байрам куни ота-она ва оила аъзолар билан бирга бўлиш, қариндош-уруғ ва биродарлар билан кўришиш, касаллар ва муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, қабрларни зиёрат қилиш (бу баъзи уламолар наздида) савобли амаллардир. Инсон бундай ишларни бажариш учун ҳам вақт ажратиши керак. Шунинг учун ҳам ийд ва жума кунлари ишдан ёки ўқишдан рухсат олган яхши.

Яқин қариндошларидан узоқда яшаётганлар ҳайит муносабати билан телефон қилиш, телеграмма юбориш, ҳадялар жўнатиш каби ишларни ёки ўзлари турган ерда байрам тадбирлари уюштиришни аввалдан режалаштиришлари керак бўлади.

Маълумки, Ийдул-Азҳо, Ийдул-Фитр ва жумъа намозлари Ислом шиорларидан саналади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳаж сурасида бандаларни тавҳидда мустаҳкам бўлишга, Ўзига ихлос билан ибодат қилишга буюргандан сўнг бундай деб марҳамат қилган:

ذَلِكَ وَمَن يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِن تَقْوَى الْقُلُوبِ (الج-32).

«Ана у ишлар Аллоҳнинг буйруғидир. Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғлар экан, бас, бу – қалблардаги тақводан пайдо бўладиган амал». (Ҳаж – 32).

Тақво ва иймон инсонни Аллоҳнинг шиорларини улуғлашга ундайди. Мусулмонлар Аллоҳнинг шиорларидан бўлмиш Ислом байрамларини ўзига хос иззат ва икром билан нишонлашга ҳаракат қиладилар ва буни ўз фарзандларига ҳам ўргатиб борадилар.

Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоятга ва солиҳ амалларга муваффақ айласин. Ийдул-Азҳони Ўз юртидан олисда кутиб олаётганларга ҳам иймон-эътиқодда мустаҳкамлик, хонадонларига барака ато қилсин.