Қайнота ҳам қайнона ҳам ўгай бўлса нима қилади?

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Савол: Бир биродаримни турмуши бузилиш арафасида. Қизни турмушга беришда куёвни яхши суриштирмасдан узоқ жойга узатилган.У оила динни яхши тушунмайдиган, қайнота номаҳрам экан, яъни болани ўзини отаси эмас. Бола 2-онасига итоат қилар экан. Онани ўзини фарзанди бўлмаган. Она эри ва келинидан бир биридан қочмасликни ва келиндан уйда рўмолсиз юришни талаб қилган. Қиз итоат қилмай қайнона билан уришиб чиқиб кетган. Энди эри бошқа уй олиб бераман ота-онамга кўринмайсиз, ҳомилангиз етим бўлмасин деяпти. Қизни онаси «қизим яшамасин, ўзи ҳам бўлажак фарзанд ҳам тақвосиз бўлиши мумкин», – деяпти. Шундай пайтда нима қилиш керак?

Умму Мухлиса.

Жавоб: Агар йигит намоз ўқиса, қўлидан келганича тақво қилса, бу оила турмушни давом эттириши лозим. Йигит аёлига: “Бошқа уй олиб бераман, ота-онамга кўринмайсиз” деган бўлса, бу балки келиннинг шароити яхшиланишигa сабаб бўлар. Агар келин-куёв бошқа уйга чиқиб яшасалар, номаҳрам қайнота билан бир уйда туриш муаммоси ҳал бўлган бўлади, иншоаллоҳ.

Агар йигит намоз ўқимайдиган, тақвосиз бўлса, унда қиз истаса уни Исломга даъват қилиши, намозга кўндириши, истамаса ажралиши мумкин.

Агар қайнота-қайнона динни тушунмаса ҳам йигит ибодатда бўлса, она қизини ажратиб олишига арзирли сабаб кўринмайди. Аммо никоҳни бузишга асос бўладиган омиллар ичида фиқҳда “кафоат” (тенглик) деб аталадиган масала бу оилага тегишли бўлиши мумкин…

Агар қизнинг онаси ўз қизининг ва наслининг динидан, тақвосидан қайғураётган бўлса, бу ўринли ташвиш ва эътиборга лойиқ ҳолат саналади. Қиз қайнона-қайнотадан алоҳида бўлиши баъзи жиҳатдан енгиллик бўлса, бошқа жиҳатдан хавотирли бўлиши ҳам мумкин. Яъни у оила яшаётган муҳит қандай муҳит ўзи? Атрофидагилар, қўни-қўшнилари кимлар?

Агар бу оила кўчиб ўтадиган янги минтақада муҳит яхши бўлса, яхши. Акс ҳолда мусулмон ота-она фарзандини ҳақиқатан ҳам ўз ҳолига ташлаб қўя олмайди.

Масаланинг яна бир томонига назар ташлаш лозим. Ислом динимиз мусулмонлар ўртасида яхши муносабатларни, қариндошлар орасида силайи раҳмни сақлаш ва ривожлантиришга буюради. Саволда айтилган номаҳрам қайнота балки йигитнинг узоқроқ қариндошидир. Қайнона ҳам боланинг ўз онаси эмас экан, билмаймиз, у ҳам қариндош бўлиши мумкин. Эҳтимол боланинг аммасидир, ҳоласидир ва ҳоказо. Саволда масаланинг бу жиҳатлари зикр қилинмаган. Аммо ҳар ҳолда ўша инсонлар йигитга ота-оналик қилиб, уни уйлантирган бўлсалар, йигит уларнинг риоясини қилиши керак. Қиз ҳам уларнинг ҳурматларини адо этиши зарур.

Келин олаётган томон ҳам, қиз узатаётган томон ҳам рост сўзлашлари шарт. Агар улар тўй олдидан ёлғон аралаштиришган бўлса, қаттиқ гуноҳкор бўладилар…